Ўзбекистон | 16:34 / 30.07.2022
21653
6 дақиқада ўқилади

Прокуратура “Ўзтрансгаз” устидан текширув ўтказгани тасдиқланди

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти май ойида “Ўзтрансгаз” мансабдорлари устидан жиноий иш очишга қарор қилган, бироқ бу қарор Бош прокуратура томонидан бекор қилиниб, иш терговга қадар текширувга қайтарилган.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда “Ўзтрансгаз” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор нусхаси тарқалди. Шу йил 12 май куни имзоланган ҳужжатга Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ўтказган текширувлар асос бўлган.

Ҳолатга Бош прокуратура томонидан изоҳ берилди. Унга кўра, мазкур жиноят иши Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилганида, терговга қадар текширув ҳаракатлари “тўлақонли ўтказилмасдан”, қарор “барвақт қабул қилингани” аниқланган.

“Шу сабабли жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор 16 май куни бекор қилиниб, қўшимча равишда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш учун юборилган”, – дейилади маҳкама хабарида.

Баёнотда терговга қадар текширув ўтказиш ва жиноят иши очишга асос бўлган ҳолатлар юзасидан муносабат билдирилмаган.

Жиноят иши қўзғатилишига нима сабаб бўлган?

Интернетда тарқалган, “Ўзтрансгаз” мансабдорлари устидан жиноят иши очиш ҳақидаги қарорни Департаментнинг суриштирув бўлими бош суриштирувчиси У.Ҳошимов қабул қилган, унинг бу қарорини бўлим бошлиғи Ш.Раҳматов маъқуллаган.

Бундан ташқари, бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев жиноят иши қўзғатишга розилик бериб, қарорга имзо қўйган.

Фото: "Muxbir Daliyev" Telegram-канали

Қарордан маълум бўлишича, Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва Солиқ қўмитаси томонидан “Ўзтрансгаз” АЖ фаолияти бўйича солиқ текшируви ўтказилган.

Қайд этилишича, 100 фоиз “Ўзтрансгаз” АЖ таъсисчилигида ташкил этилган “Transgaztexnikabutlash” МЧЖга кўрсатган хизматлари ва бажарган ишлари учун “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунининг 24- ва 35-моддалари талабларига риоя қилмаган ҳолда, асоссиз равишда 2017 йилнинг январ–август ойларида 3,1 млрд сўм ва 2018 йилнинг феврал–апрел ойларида 4,2 млрд сум, жами 7,4 млрд сўм ортиқча мукофот пуллари тўлаб берилган.

Шунингдек, “Ўзтрансгаз” ва Буюк Британиянинг Виржиния ороллари (офшор ҳудуд)да рўйхатдан ўтган “AVARD INVEST LP” компанияси ўртасида 2019 йилнинг 5 ноябр куни қиймати 280 млн долларлик (табиий газ олинган кундаги Марказий банк курси бўйича 2,6 трлн сўм) 2 млрд куб метр табиий газ олди-сотдиси бўйича тузилган шартномага мувофиқ, “Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd” компанияси томонидан “Ўзтрансгаз” АЖга 280 млн долларлик 2 млрд куб метр табиий газ етказиб берилган.

Бироқ, “Ўзтрансгаз” томонидан мазкур 2 млрд куб метр табиий газ “AVARD INVEST LP” компаниясига етказиб берилмаган ва “Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd” компаниясидан олинган табиий газ ҳозирга қадар (2022 йилнинг 12 май ҳолати бўйича) реализация қилинмаган.

Белгиланган миқдордаги газни етказиб берган “Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd” компаниясига тўловлар ўз вақтида амалга оширилмагани оқибатида жами 637,4 млрд сўм қўшимча тўловлар амалга оширилиши лозим бўлиб, давлат манфаатларига жиддий тарзда зиён етказилган.

Бундан ташқари, “Ўзтрансгаз” АЖ мансабдорлари томонидан иш фаолиятида “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонининг ижроси доирасида амалга оширилган ишларда 2020 йилнинг 1 июл ҳолатига бухгалтерия ҳисоботлари бўйича жами 4,9 трлн сўмлик табиий газнинг истеъмолчиларга сарфлангани билан боғлиқ тасдиқловчи ҳужжатлар (квитанция ва бошқалар) мавжуд эмаслиги ёки ҳисоби юритилмагани ҳамда табиий газ ҳажмлари бўйича ундириш учун эгаси аниқланмаган қарздорликнинг вужудга келишига йўл қўйилгани оқибатида бу миқдордаги табиий газ мақсадсиз сарфлангани аниқланган.

Суриштирувчи, юқоридагиларга асосан, “Ўзтрансгаз” мансабдорлари 4,9 трлн сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилган бўлиши мумкинлиги, 7,4 млрд сўм маблағ ортиқча мукофот пуллари сифатида тўлаб берилиб, ўзлаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасига наф келтирмаслиги аён бўлган битимни тузиб, республика манфаатларига 637,4 млрд сўм зарар етказилган бўлиши мумкинлигидан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш) ва 175-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги зарарга сабаб бўлган Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф битимлар тузиш) билан жиноят иши қўзғатишга қарор қилган.

Аввалроқ, “Ўзтрансгаз” ахборот хизмати юқоридаги хабарга муносабат билдириб, ҳозирда ташкилот тузилмасида ишлаётган ҳеч бир мансабдор шахс бирор жиноий иш доирасида терговга жалб қилинмаганини маълум қилганди.

Сўнгги 6 йилда 6 та раҳбар алмашган ташкилот

2016 йил декабр ойида Шукурулло Маҳмудов ўрнига “Ўзтрансгаз” раҳбарлигига бош вазир ўринбосари Эргаш Шоисматов келади. 2017 йил августида унинг ўрнида Алишер Мустафоев иш бошлайди.

2018 йилнинг 5 июнида Шарифжон Турсунов компания раҳбари этиб тайинланди, бироқ беш ойлик фаолиятдан сўнг, 23 ноябр куни у ҳам лавозимини тарк этиб, декабр ойидан Баҳодир Эшмуратов “Ўзтрансгаз”га раҳбарлик қила бошлади.

2019 йилнинг 23 июл кунидан эса “Ўзтрансгаз” АЖ бошқарув раиси сифатида Улуғбек Сайидов иш бошлайди. 2021 йилдан август ойида бу лавозимга Беҳзод Норматов келади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига кўра, “Ўзтрансгаз” АЖ 2021 йилни 2,5 трлн сўм зарар билан якунлаган. 2020 йилда эса компаниянинг кўрган зарари 3,6 трлн сўмни ташкил қилган.

Мавзуга оид