Ўзбекистон | 21:51 / 08.08.2022
26173
4 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ХТБ бошлиғи ҳибсга олингани бўйича вазирлик изоҳ берди

Бундан 2 ой аввал Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов бюджет маблағларини талон-тарож қилишда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов иш судга оширилганини маълум қилиб, ҳолатнинг келиб чиқиши бўйича изоҳ берди.

Темур Комиловнинг 8 август кунги матбуот анжуманида берилган саволга жавобан маълум қилишича, уюшган коррупциявий жиноятнинг фош этилишига вазирликнинг ички аудит хизмати ўтказган текширувлар асос бўлган.

“Бу ҳолатнинг тарихига қисқача тўхталиб ўтсам. 2020 йилдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги Андижон вилояти бошқармасида коррупцияга қарши курашиш мақсадида ички аудит тизимини кучайтириб, тегишли органлар билан бир қанча ишларни қилган эдик. Ўша йилнинг бошида Андижонда 5,9 млрд сўмлик маблағ талон-тарож қилингани аниқланиб, прокуратурага оширилган эди. Ўрганишлар давом этиб, 2020 йилнинг ноябрь ойида 25 млрд сўмлик ўғирликни аниқлаб, бу ҳақда расман хабар ҳам берган эдик.

6 + 25 = 32 млрд бўлди. Биласизлар, материаллар ҳуқуқ-тартибот органларига берилганидан сўнг, назорат-тафтишдан ўтказилади ва тегишли молиявий органлар уни қайта тафтиш қилишади. Ўшанда 33,8 млрд сўмлик иш судга оширилган эди. Шундан кейин, афсуски, бу каби ҳолатлар Андижонда тўхтамагани ҳам маълум бўлди.

2021 йил сентябрь ойида вазирликнинг ўзи масофавий камерал таҳлил ўтказгач, ўзлаштириш аломатлари борлигини аниқлади. Очиқчасига айтаман, ўзимизнинг кучимиз етмади, чунки пластик карталардаги “оборотка” банк сири ҳисобланади. Шу сабаб Ҳисоб палатасига расман мурожаат қилдик. Палата билан биргаликда ўтказилган текширишда, афсуски, ўтган йили октябрда яна 11 млрд сўмдан зиёд, бу сафар пластик карточка орқали амалга оширилган ўғирлик аниқланди.

Бу иш ҳам ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди. Шу рақамларни қўшганда катта астрономик рақамни ўзингиз кўриб турибсиз. Ҳуқуқ-тартибот органлари ўтказган терговда давлат молиявий назорати органлари билан биргаликда бевосита вазирликнинг ички аудит хизмати масъуллари ҳам иштирок этишди. Ҳозирги кунда тергов ишлари якунланиб, уюшган жиноят бўйича иш судга оширилган. Суд органлари бу жараён якунланганидан кейин белгиланган тартибда эълон қилишса керак”, – деди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2 йилдан буён Андижон вилояти ХТБ бошлиғи бўлиб ишлаб келган Азизбек Миркомилов йирик коррупцион можаро ортидан 2022 йил 7 июнда ҳибсга олинган эди.

У 48 млрд сўм бюджет маблағлари талон-тарож қилиниши ҳолати бўйича гумондорлардан бири экани айтилганди.

Миркомилов ушланишидан бир кун олдин худди шу жиноят иши доирасида Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ҳам қўлга олинган эди. Ҳоким эски лавозимида (вилоят молия бошқармаси бошлиғи) ишлаган вақтда коррупцияга қўл урганликда гумонланяпти.

Май ойи ҳолатига, Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган; етказилган зарарнинг 23 фоизи қопланган.

Феврал ойида эса Андижон шаҳар ХТБ раҳбарлари 57 млрд бюджет пулларини талон-торож қилганликда гумонланаётгани маълум бўлганди. Kun.uz ўз манбаларига таяниб бўлимнинг собиқ ва амалдаги мудирлари Сунбула Эралиева ва Нуриддин Назаров қамоққа олингани, терговга тортилаётган шахслар сони 40 нафарга яқинлиги ҳақида хабар берганди

Мавзуга оид