Ўзбекистон | 15:21 / 04.11.2022
6648
4 дақиқада ўқилади

Тажриба-синов тарзида мактабларда онлайн таълим жорий этилмоқда

Шу ўқув йилининг 2-чорагидан бошлаб Тошкентда тажриба-синов тарзида “Online maktab” дастури йўлга қўйилмоқда. Маълумотларга кўра, масофавий таълим учун 60 нафар 7-синф ўқувчилари ўз ихтиёри ва ота-оналарнинг розилиги билан саралаб олинади. Халқ таълими вазирлиги саралаш имтиҳонларининг тартиби, масофавий таълим қандай кўринишда жорий этилишини маълум қилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Бунда мактаб маъмурияти ўқувчиларнинг ота-оналари билан анкета-сўровномаларини ўтказиб, унинг натижаларига кўра талабгор ўқувчилар рўйхатини шакллантиради. Маълумотларга кўра, “Оnline maktab”да ўқитиш бўйича барча жараёнлар Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда туман халқ таълими бўлимлари томонидан назорат қилиб борилади.

Танлов жараёнлари қандай ташкил этилади?

Ўқувчиларни саралаш шу йил 5 ноябрда кириш тести шаклида ўтади. Бунда боланинг дастлабки билим даражасини аниқлаш ва ўзлаштириши қандай эканлигини билиш кўзда тутилган.

Синов натижаларига кўра, кейинроқ 30 нафардан ўзбек ва рус синфлари шакллантирилиб, жами 60 нафар ўқувчи масофавий таълим олишга йўналтирилади.

Ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан ошмаган қисми ногиронлиги туфайли уйда якка тартибда таҳсил олаётган ўқувчилар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”да рўйхатга қўйилган кам таъминланган оила фарзандлари томонидан шакллантирилиши кутилмоқда.

Вазирлик хабарига кўра, юқоридаги шартлар асосида танлаб олинган ўқувчиларга “Лидер болалар мактаби” нодавлат таълим муассасасида масофавий бепул таълим берилади.

Масофавий таълим қай тартибда олиб борилади?

Қайд этилишича, масофавий таълим учун “Оnline maktab” платформаси яратилган. Саралаб олинган болалар мана шу платформада юритиладиган мактабнинг ўқувчилар қаторига қўшилади.

Унда умумтаълим муассасаларининг 7-синфлари учун барча фанлар бўйича онлайн дарс материаллари жамланган бўлади. Платформадаги ҳар бир видеодарс давомийлиги 9 дақиқагача давом этади.

Шунингдек, таъкидланишича, масофадан ўқитиш жараёнларида ўқув дастурларини экранда ўрганаётган ўқувчиларга ҳар 20 дақиқадан сўнг танаффус берилади. Уларга бириктирилган педагоглар ўзлаштиришдан орқада қолаётган ўқувчилар билан индивидуал (якка тартибда) иш олиб боради.

“Ўқув жараёнлари Ўзбекистонда белгиланган ўқув дастурлари, ўқув режа ва дарсликлар асосида, синхрон (онлайн) ва асихрон (платформада мустақил ўрганиш) тартибида ташкил этилади.

Тажриба-синов якунлари бўйича келгусида умумий ўрта таълим босқичида масофавий таълим шаклини жорий этиш бўйича зарур таклифлар тайёрланади”, – дейилади хабарда.

Ўқувчиларни баҳолаш ва таътиллар

Маълум қилинишича, ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириб бориш кўрсаткичлари тест, ижодий ва бошқа турдаги топшириқлардан олган 1 дан 5 гача бўлган балл тизимида олиб борилади. Ўқувчиларнинг баҳолаш якунлари синф журналларида қайд этилади.

Масофавий таълимда кузги, қишки, баҳорги ва ёзги таътиллар ҳам кўзда тутилган. Бу даврларда ўқув платформасига кириш имконияти сақлаб қолинади ҳамда таътил даврларида қўшимча дарслар ёки ўқувчилар билан офлайн учрашувлар ўтказилиши мумкин.

Ота-оналарнинг вазифалари қандай?

Халқ таълими вазирлиги хабар сўнгида масофавий таълимга бириктирилган ўқувчиларнинг ота-оналари фарзандларига етарли шарт-шароитлар яратиб беришини, имкон қадар ўтказилаётган видеодарсларни кузатиб боришини илтимос қилган.

Шунингдек, вазирлик фарзандларининг берилган уй вазифаларини бажаришини назорат қилиб боришлари ва мактаб маъмурияти ҳамда ўқитувчилар билан доимий алоқада бўлиб боришларини сўраб қолган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мактабларида онлайн таълим олиш шакли биринчи маротаба ташкил қилинаётгани йўқ. Сўнгги маротаба шу йили қишки таътил тугаши билан 24 январдан бошлаб барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида масофавий таълим бошланган эди.

Лекин кейинроқ офлайн таълим бошлангач онлайн таълим қандай ўтгани, унинг натижалари ҳақидаги маълумотлар эълон қилингани йўқ.

Июл ойига келиб, олий таълим тизимида масофавий таълим шаклини жорий этиш бўйича тегишли қарор лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилгани маълум қилинганди. Шундан сўнг, октябр ойида олийгоҳларда бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрларни тайёрлашни ташкил этиш тартиби белгиланди, бунга боғлиқ низом ҳам тасдиқланди.

Мавзуга оид