Жаҳон | 15:48 / 15.11.2022
6193
5 дақиқада ўқилади

Швециядан Мисргача велосипедда борган аёл

72 ёшли экофаол Дороти Хилдебрант Швециядан Мисрнинг Қизил денгиз бўйидаги Шарм аш-Шайх курортигача бўлган 8 минг кмдан ортиқ масофани велосипедда босиб ўтди. У одамларга “Иқлим ўзгаришини тўхтатинг!” – дейиш учун бу сафарга 4 ой вақтини сарфлаган.

Дороти Хилдебрант БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича саммитига келганидан сўнг велосипед дубулғасини ечаётгани / Фото:Томас Хартвел

1 июлдан қаҳрамонимиз 17 та мамлакат бўйлаб велосипедда кунига 80 км, жами 8 минг 830 километр масофани босиб ўтган. У Шарм аш-Шайхга етиб бориш учун Европа ва Яқин Шарқни кесиб чиққан. Аёл бу ишни иқлим ўзгариши муаммоси мураккаблашиб бораётганидан инсонлар хабардорлигини ошириш ва БМТнинг COP27 йиллик иқлим конференциясида йиғилганларни бунга қараши аниқ чоралар кўришга ундаш мақсадида қилган.

Доротининг айтишича, у уруш сабабли вайрон бўлган Сурия, шунингдек, Ливанда велосипедда эмас, балки таксида тансоқчи билан юришга мажбур бўлган. Синайда ҳам маҳаллий маъмурлар унинг хавфсизлиги учун Нувайба портидан Шарм аш-Шайхгача велосипедда юришини тақиқлаб қўйишган.

Шундай бўлса-да, у ўз миссиясини муваффақиятли равишда амалга оширганини таъкидлайди. 

Хилдебрант COP27 учун Швециядан Шарм аш-Шайхга, Мисрга велосипедда борган / Фото:Томас Хартвел

Аёл сафар давомида Facebook’даги постларини минглаб одамлар кўрганини, улардан ижобий фикрлар олиб, яхши кайфият билан йўлда давом этганини айтади. Ҳатто Туркиянинг Анталия шаҳрига келганда велосипеди бузилиб қолгани, аммо кўнгиллилар уни таъмирлашда ёрдам берганини табассум билан эслаган.

"Улар ҳақиқатан иқлим ўзгаришини тўхтатиши керак"

Хилдебрант айни вақт конференция ўтказиладиган жойдан 15 км узоқликдаги дўстининг уйида яшамоқда. У келган кунидан бошлаб бир ҳафта давомида ҳар куни электрон велосипеди ёрдамида шаҳар марказига қатнаяпти, фаоллар билан учрашиб, тадбирларда иштирок этмоқда.

Дороти бутунжаҳон конференциясига велосипедда боришдан олдин қаҳва ичади / Фото: Томас Хартвел

Дороти дунё мамлакатларининг етакчилари ҳақида гапирар экан:

"Улар ҳақиқатан ҳам иқлим ўзгаришини тўхтатишлари керак. Қанчалик қийин бўлишига қарамай, келажак учун бу ишни қилиш керак. Узоқ йўлни велосипедда босиб ўтиш мен учун ҳам осон бўлмади, аммо инсон иродали бўлса, буни кўпчилик амалга ошириши мумкин", – дейди у.

72 ёшли аёлнинг бу ғайратидан ҳайратда қолган Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Хилдебрант билан учрашиб, уни велосипедда юришга таклиф қилган. Учрашувда Миср раҳбари Шарм аш-Шайхда намойишчиларнинг шикоятлари эшитилишини айтган.

Одатда икки ҳафталик саммитнинг биринчи ҳафтаси якунланиши билан экофаоллар жуда катта оммавий намойишлар қилишарди. Бундан олдинги иқлим ўзгариши бўйича музокараларда ҳам шу ҳолатлар кузатилганди. Аммо бу йилги конференциянинг биринчи ҳафтаси кичик норозилик тадбирларини ҳисобга олмаса, сокин ўтди. Унда фаоллар Мисрнинг изоляция қилинган шаҳрида саёҳат қилиш, яшашнинг баҳоси қимматлигидан ҳамда чекловлар кўплигидан шикоят қилишган. 

Ҳозиргача бўлган энг йирик намойиш шанба куни (12 октябр), АҚШ президенти Жо Байден саммитда нутқ сўзлаганидан бир кун ўтгач бўлиб ўтди. Юзлаб одамлар музокаралар ўтаётган жойдан унча узоқ бўлмаган майдонда қичқириб, ашула айтишган ва рақсга тушишган.

Маълумот учун, Германиянинг маркази – Кассел шаҳрида туғилган Хилдебрант биринчи марта велосипед ҳайдашни 10 ёшида бошлаган ва ўшандан бери бу машғулотни тўхтатмаган. Дороти велосипедда юриш жуда фойдали эканини билиб, унга “Келажак ва тинчлик учун велосипед ҳайдаш” – деб ёзиб қўйган.

Доротининг велосипеди / Фото: Питер Дежонг

1978 йилда у турмуш ўртоғи билан Швецияга кўчиб ўтгач, уйларни тозалаш хизматида ишлади, сўнгра кексалар ва ногиронларга ғамхўрлик қилишни бошлаган. 10 йилдан кўпроқ вақт олдин нафақага чиққан бу аёл икки нафар набираси учун ижтимоий тармоқларда фаол бўлишини ва велосипед ҳайдашини айтади.

Эслатиб ўтамиз, бутунжаҳон конференцияси 18 ноябр куни якунланади. Хилдебрант эса велосипедда Қоҳирага, сўнгра Ўртаер денгизи бўйидаги Искандария шаҳрига жўнаб кетади. У шаҳардан паромга ўтириб, Исроилнинг Ҳайфа портига боришни ва ўша ердан Грецияга йўл олишни режа қилган.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери