Жаҳон | 02:18 / 04.04.2025
5194
2 дақиқада ўқилади

Швеция ядровий урушга тайёрланмоқда: мамлакатда 64 мингта бункер модернизация қилинади

Ҳукумат бунга 9,2 млн евро йўналтиради. Бомбапанагоҳлар ядровий зарба, кимёвий ва биологик қуроллардан ҳимоя қилишга қодир бўлади.

Фото: MSBse / Facebook

Швеция Европада уруш хавфи сабабли фуқаролик мудофаа бомбапанагоҳларини қайта тиклашга 100 миллион крона (9,2 миллион евро) йўналтиради. Ҳукуматнинг режасига мувофиқ, жами 64 мингта бункер фуқароларни ядровий зарба, кимёвий ва биологик қуроллардан ҳимоялайдиган тарзда модернизация қилиши керак. Прогнозларга кўра, бунга икки-уч йил вақт сарфланади.

Швеция дунёдаги энг йирик бомбапанагоҳлар тармоғига эга давлатлардан ҳисобланади. Мамлакатдаги шу каби бункерларга 7 миллионга яқин одам — аҳолининг учдан икки қисми сиғади. Айни вақтда бир неча минг кишига мўлжалланган 25 та катта ҳажмли бункерларни реконструкция қилиш бошланган. Март охирларида Швеция бош вазири Улф Кристерссон мудофаа харажатларини совуқ уруш давридан бери рекорд даражага етказмоқчи эканини маълум қилганди. Янги стратегия доирасида у 2030 йилга бориб ЯИМнинг 3,5 фоизига етказилади. Бош вазирнинг сўзларига кўра, армиянинг модернизацияси ғазнага 300 миллиард кронага (қарийб 28 миллиард евро) тушади.

Швеция Қуролли кучларини янгилаш ва фуқаролик мудофаасини мустаҳкамлашни Россия Украинага ҳужум қилганидан кейин фаоллаштирди. Уруш бошлангач, мамлакат НАТО аъзолигига ариза берди, бунга қадар 200 йилдан ортиқ вақт давомида нейтралитетни сақлаб келаётганди. Ўз навбатида ҳукумат ва қироллик армияси қўмондони фуқароларни эҳтимолий урушга тайёр туришга чақирди. Қрим аннексиясидан кейин Швеция ҳарбий мажбуриятни қайта тиклади ва Болтиқ денгизидаги Готланд оролини қайта ҳарбийлаштирди. Энди эса у ўзининг мудофаа харажатларини босқичма-босқич ошириб бормоқда. 2025 йилда ҳарбий харажатлар ҳажми 138 миллиард кронани (ЯИМнинг 2,4 фоизи) ташкил этиши кутиляпти.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид