Ўзбекистон | 10:03 / 26.01.2023
35877
5 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилоятида бир кунда 13 туманга янги ҳокимлар тайинланди

25 январ куни Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ ва Шеробод туманларида ҳам янги раҳбарлар иш бошлади.

Сурхондарё вилоятининг 13 та туманида халқ депутатлари кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларида янги ҳокимлар тасдиқланди. Сессияларда вилоят ҳокими в. б. Улуғбек Қосимов ва Ўзбекистон президенти администрацияси вакиллари иштирок этишди.

Улуғбек Қосимов

Сессия ишларида сўзга чиққан фаоллар маҳаллий ҳокимлар Давлат раҳбарининг талаби билан айтганда бугунги куннинг замонавий фикрловчи, одамларни рози қилиш ҳаракати билан яшовчи, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кадрлар бўлиши кераклиги таъкидланди.

Янги тасдиқланган ҳокимлар атрофида бирлашиб, ҳар бир туман ўзининг ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича белгилаб олинган дастурлари ижросини таъминлаш йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Сўнгги уч тайинлов

Халқ депутатлари Бандихон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилиб, шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Ўткир Абдузоирович Чориев вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Абдумалик Алламурадов тасдиқланди.

Абдумалик Алламурадов

Абдумалик Абдуқодирович Алламуродов 1977 йил 17 апрелда Термиз туманида туғилган. 1998 йил Термиз давлат университетини, 2003 йил Тошкент давлат юридик институтини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи, ҳуқуқшунос.

А.Алламуродов 2000-2022 йилларда адлия, прокуратура, ички ишлар органлари, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йилдан буён Денов тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Ўткир Чориев 2020 йил февралида янги ташкил этилган Бандихон тумани раҳбарлигига тайинланганди.

Халқ депутатлари Шеробод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими Зиёдулла Ўроқович Давлатов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Зайнобиддин Халилов тасдиқланди.

Зайнобиддин Халилов

Зайнобиддин Жалолитдинович Халилов 1973 йил 19 июнда Сариосиё туманида туғилган. 1995 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, 2006 йил Термиз давлат университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги гидротехника қурилиши, иқтисодчи.

З.Халилов 2006-2022 йилларда монополия, қурилиш вазирлиги, рақобат қўмитаси, ҳисоб палатасида турли лавозимларда фаолият юритган.

2022 йилдан буён Ҳисоб палатасининг шуъба мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Шеробод туманининг олдинги ҳокими Зиёдулла Давлатов бу лавозимга 2020 йил декабрида тайинланганди.

Қизириқ туманида ҳам янги ҳоким иш бошлади. Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Рустам Убодуллаевич Пардаев туман ҳокими лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Шерзод Ражабов янги ҳоким этиб тасдиқланди.

Шерзод Ражабов

Шерзод Абдимуратович Ражабов 1984 йил 26 январда Қизириқ туманида туғилган. 2007 йил Термиз давлат университети, 2014 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи.

Ш.Ражабов 2008-2021 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, «Ўзвиносаноат-ҳолдинг» АЖ, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигида турли лавозимларда фаолият юритган.

2021 йилдан буён Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

  • Туманнинг эндиликда собиқ ҳокимига айланган Рустам Пардаев 2022 йил февралида Денов тумани ҳокимлигидан Қизириқ тумани ҳокимлигига ўтказилганди.

Шу тариқа, Сурхондарё вилоятида бир кунда 13 та туман ҳокими янгиланди. Фақат Термиз шаҳри ва Қумқўрғон тумани ҳокимлари ўз лавозимида қолди (шунингдек, Музработ тумани ҳокимлиги 2022 йил сентябридан буён вакант эди). 

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам шу куни ўтказилган видеоселекторда Сурхондарёнинг барча туманларига республикадан тажрибали кадрлар ҳоким қилиб қўйилганини маълум қилди.

Маълумот учун, Термиз шаҳрига 2022 йил сентябрида қурилиш вазири ўринбосари Ўктам Тўраев ҳоким этиб тайинланганди (шаҳарнинг собиқ раҳбари Исроил Худойбердиев ва унинг ўринбосарлари бюджет маблағларини талон-торож қилишда гумонланиб ҳибсга олинган), Қумқўрғон туманида эса 2022 йил июнида Термиз шаҳри ИИО ФМБ бошлиғи Анвар Нормаматов янги ҳоким сифатида иш бошлаганди.

25 январ куни тайинланган 13 ҳокимдан 11 нафари бунгача Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва агентликларда, шунингдек бошқа юқори идораларда ишлашган. Фақат Музработ ва Бандихон туманларида ротация асосида тайинловлар амалга оширилди.

Мавзуга оид