Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадбиркорларни E-aktiv'га мажбуран жалб қилиш яна кечиктирилди
Хўжалик юритувчи субъектларни E-aktiv'га мажбурий равишда жалб қилиш амалиёти 2024 йил 1 апрелгача кечиктирилди. Товар моддий бойликларни очиқлашни талаб қиладиган бу тизимдан фойдаланиш мажбурий бўлиши бунгача ҳам бир неча бор кечиктирилган.
Тадбиркорларнинг E-aktiv тизимидан ихтиёрий фойдаланиши 2024 йил 1 апрелга қадар узайтирилди.
Бу 14 июнда қабул қилинган “Фаол ишбилармонлик муҳитини шакллантиришни янада рағбатлантириш, солиқ мажбуриятини бажаришда аҳоли томонидан ортиқча харажатларга йўл қўймаслик ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни солиқ органларининг “E-Aktiv" ахборот тизимида ихтиёрий акс эттириш тартибининг амал қилиш муддати 2024 йил 1 апрелга қадар узайтирилди.
E-Aktiv ҳақида
E-Aktiv ахборот тизими тадбиркорларнинг товар-моддий активлари, хусусан омборлардаги маҳсулотлар кирим-чиқими ва қолдиғини солиқ органларига очиқлашни назарда тутади.
2021 йилдаги ҳукумат қарорига кўра, тизим 2022 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди. Бироқ бу тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Уларга кўра, барча товар-моддий бойликларни тизимга киритиш қийин иш ва бу бизнес учун ортиқча бюрократик тўсиқларни вужудга келтиради.
Ҳужжат Савдо-саноат палатасининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир қилиши мумкинлиги борасида хулоса берганига қарамай қабул қилинган.
Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўша пайтдаги раиси, айни пайтда иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев E-aktiv атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдириб, бу янгиликдан норозиликлар ортида “интизомли бўлмаган солиқ тўловчилар турибди” деб ҳисоблашини айтганди.
Аммо эътирозлардан кейин тизимни мажбурий қўллаш 2023 йил 1 мартгача кечиктирилди.
2023 йилнинг март ойида эса Солиқ қўмитаси муддат 2024 йилгача узайтирилганини маълум қилди.
Шундай қилиб, июн ойидаги президент қарорига мувофиқ, E-aktiv'дан фойдаланиш 2024 йил 1 апрелгача мажбурий эмас. Тадбиркорлар тизимдан ихтиёрий фойдаланиши мумкин.
Мавзуга оид
16:55 / 09.06.2026
Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди
10:30 / 08.06.2026
АҚШ пойтахтида ўзбек тадбиркорлари учун махсус дастур ишга туширилди
18:49 / 06.06.2026
“6 фоизлик ҚҚСга автоматик ўтилмайди” — янги солиқ тартиботига экспертлар шарҳи
14:11 / 03.06.2026