Жаҳон | 21:50 / 25.09.2023
20840
23 дақиқада ўқилади

Кавказдаги 35 йиллик можаро. Арман-озар зиддияти қандай бошланганди?

2020 йил кузда Арманистон ва Озарбойжон ўртасида 44 кунлик уруш бўлиб ўтди ва унда озарлар ғалаба қозонди. Шундан сўнг имзоланган сулҳга кўра арманлар бундан 30 йил аввал босиб олган ҳудудларни бўшатишга мажбур бўлди. Яқинда Озарбойжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказди. Шундан сўнг бу ердаги арманлар ён беришга мажбур бўлди. Ҳозирда улар қуролларни топширмоқда.

Тоғли Қорабоғ сўнгги 30 йилда халқаро сиёсатда энг кўп тилга олинган атамалардан бири ҳисобланади. Озарбойжонга тегишли бўлган бу ҳудуд 1990-йиллар бошида арманлар томонидан эгаллаб олинган эди.

Ўшанда Қорабоғда яшаб келган озарларнинг асосий қисми бошқа жойларга қочади. Қочишга улгурмаганлар ўлдирилади.

Арманлар озарларни уйидан қувиш ва ўлдириш билан чекланмайди. Қорабоғда озарларга тегишли нима бўлса барчасини маҳв этишади. Уйлар ёқиб юборилади, масжидлар чўчқахонага айлантирилади.

Шу давр мобайнида Озарбойжон кўп марта халқаро минбардан туриб ҳудудини босиб олган арманларни чиқаришда ёрдам сўради. Бироқ аксарият халқаро ташкилотлар арманлар фойдасига кар ва гунг бўлиб олишди.

Шу орада икки қўшни давлат ва миллат шу даражада ёвлашдики, улар бир бирини кўрса ғазаб отига минадиган, номини эшитса сочи тик бўладиган ҳолатга келиб қолди.

2020 йил кузгача икки давлатнинг бир-бирига муносабатини олов яқинида қолаётган порохли бочкага ўхшатиш мумкин эди. Ахийри олов етиб бориб порохли бочка портлади ва уруш бошланди ва у Озарбойжоннинг ғалабаси билан тугади.

Харитада тўқ қизил рангда Тоғли Қорабоғ, йўл-йўл рангда арманлар томонидан босиб олинган Озарбойжон ҳудуди кўрсатилган.

Тоғли Қорабоғ тарихи

Тоғли Қорабоғнинг узоқ асрлик тарихи бор. Бу ўлка ўз вақтида cалжуқлар, кейинчалик туркманларнинг Оқ қуюнли, Қора қуюнли уруғларига, ундан сўнг Темурийлар ихтиёрига ўтади.

Амир Темур ҳам Қорабоғда бўлган ва бу тоғли ўлканинг об-ҳавоси унга жуда маъқул келган. Шу сабабли у 1399 йил қиш фаслини айнан Қорабоғда ўтказади.

Қорабоғ кейинчалик Усмонийлар империяси, ундан сўнг Эрондаги Сафавийлар давлати таркибига киради. 19-аср бошида Россия Жанубий Кавказни эгаллайди ва Форс давлати билан тўқнашади.

Форслар ва руслар ўртасида бўлиб ўтган урушлардан сўнг Қорабоғ Озарбойжон билан бирга Россия империяси таркибига киради.

Аслида бу ўлкага тарихан кимлар эгалик қилгани бугун унчалик муҳим эмас. Ўрта асрларда дунё анча ўзгариб кетди ва оқибатда кимлардир ўз еридан айрилди, кимлардир янги ерларга эга бўлди.

Тил ва эътиқод бошқа бўлгани билан ХХ асрнинг 90-йилларигача Жанубий Кавказда аралаш яшаган арман ва озарлар ўртасида жиддий душманлик бўлмаган. Икки миллат ўртасидаги қуролли можаролар тарихи 1987 йилга бориб тақалади.

СССР даврида Тоғли Қорабоғ Озарбойжон таркибилаги автоном вилоят эди.

Можаронинг бошланиши

1987 йилда арманлар Тоғли Қорабоғни Озарбойжондан тортиб олиш ҳақида гапира бошлашади. Кўп ўтмай улар бу ҳақда СССР раҳбариятига мурожатнома ҳам йўлланади.

Ўша йили кузга бориб Ереванда арманлар Тоғли Қорабоғни Арманистон таркибига қайтаришни талаб қилиб намойишга чиқади. Арманистон даврий матбуотида Озарбойжонни айблаб мақолалар эълон қилинади.

Шундан сўнг Арманистонда яшайдиган озарлар ўз хавфсизлигини ўйлаб, бу республикадан кўчиб кета бошлайди. Кўчиб кетишни хоҳламаганларни ҳам мажбурлаб кўчиришади.

1988 йилга ўтиб расмий Ереваннинг ундови билан Тоғли Қорабоғ автоном ҳудуди раҳбарлари СССР раҳбариятига ўзларини Озарбойжон ССР таркибидан чиқариб Арманистон ССР таркибига ўтказишни сўраб мурожатнома йўллайди.

СССР раҳбарияти уларнинг мурожатида сўралган ишни мақсадга мувофиқ эмас деб рад этади. Москванинг Тоғли Қорабоғ ҳақидаги ўша қарори Озарбойжонда катта ғалаба сифатида қабул қилинади ва уни нишонлаш учун митинглар ўтказилади.

Қорабоғ Арманистонники эканлигини даъво қилиб намойишга чиққан арманлар. 1980-йиллар охири.

Ўша йили 22 февралида минтақада илк арманлар ва озарлар ўртасида қонли тўқнашув бўлиб ўтади ва унда икки нафар арман ҳалок бўлади. 27-29 февралда Сумгаитда Арманистондан қувилган озарлар қасди учун энди озарлар арманларни қува бошлайди.

СССР прокуратураси маълумотларига кўра, Сумгаитда содир бўлган ўша талотўпда 26 нафар арман, 6 нафар озар ҳалок бўлади. Ана шу ҳодиса арман-озар можаросида бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилади ва шундан сўнг воқеалар тезлашиб кетади.

1988 йил март ойида СССР президенти Михаил Горбачёв Тоғли Қорабоғнинг арман аҳолисига ёрдам бериш зарурлигини таъкидлаб, келажакда бу автоном ҳудуд чегаралари у ёки бу томон фойдасига ўзгариши мумкинлигини айтади.

Кейинроқ эса у Тоғли Қорабағ Озарбойжон ҳудуди эканини айтиб чиқади. Ўшанда унинг бу ишини арманларнинг ғазабини қўзғатиб юборади.

1988 йил ёзда расмий Ереван Тоғли Қорабоғ Арманистонга мурожат қилиб, ушбу мамлакат таркибига ўтиш истагини билдиргани ҳақида баёнот беради. Ўз навбатида, Озарбойжон ССР раҳбарияти республика ҳудуди бўлинмас эканини айтиб чиқади.

Қорабоғ учун намойишга чиққан озарлар. 1980-йиллар охири.

1989 йил августига келиб расмий Москва Тоғли Қорабоғ тўғридан тўғри марказга бўйсунишини эълон қилади. Бу тартиб ўша йил ноябргача амал қилади.

1990 йил Озарбойжонда «Озарбойжон халқ фронти» ҳаракати республикани ўз таъсир доирасига ола бошлайди ва Москва бу республикага қўшимча ҳарбийлар жалб қилишга мажбур бўлади. Бокуда намойишлар бошланади. Ҳарбийлар намойишчиларни аёвсиз тарзда тарқатади.

Ўшанда ҳарбийлар билан тўқнашувда 130 нафар озар ҳалок бўлади, минг нафарга яқин одам жароҳатланади. Расмий Москванинг Бокуга қўшимча ҳарбийларни киритгани Тоғли Қорабоғдаги арманларни илҳомлантириб юборади ва улар қуролланиб, озарларга тегишли шаҳар ва қишлоқларни эгаллай бошлайди.

1991 йилда Озарбойжон ва Арманистон ўзини мустақил деб эълон қилади. Шундан сўнг Тоғли Қорабоғда арманларнинг маҳаллий ҳукумати аҳоли ўртасида ноқонуний референдум ўтказади ва унда кўпчилик Озарбойжон таркибидан чиқиш учун овоз беради.

СССР парчаланиб кетгач, бир муддат Тоғли Қорабоғни назорат қилиб турган совет армияси олиб чиқиб кетилади минтақада ҳар икки миллат ўртасида қонли тўқнашувлар авж олади. Кўп ўтмай ҳудудга Россия армияси қайтиб келади.

1992 йил февралда қуролланган арман гуруҳлари Тоғли Қорбоғда жойлашган, асосан озарлар яшайдиган Хўжали шаҳрига ҳужум қилади ва шаҳарнинг тинч аҳолисига қирғин уюштиради.

Тоғли Қорабоғдан қочаётган озарлар.

«Хўжали фожиаси»

1992 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси Арманистон қуролли кучлари Россиянинг Хонкендидаги 366-мотоўқчи полки ёрдамида Хўжали шаҳрида оммавий қирғин уюштиради.

Ўшанда тинч аҳоли орасида 613 киши ҳалок бўлади, 487 киши жароҳатланади, 1 275 киши асир олинади ва кейинчалик уларнинг тақдири номаълумлигича қолади.

Россия томони шу пайтгача бу қирғинда ўз ҳарбийлари иштирок этганини тан олмайди. Аммо 2000 йилда Арманистоннинг ўша пайтдаги президенти Серж Саргсян Хўжали қирғинида арманларга Россия армияси ҳам ёрдам берганини айтганди.

Қолаверса, кейинчалик бу қирғинда иштирок этган Россия армиясининг собиқ хизматчилари ҳам Хўжали қатлиомида иштирок этганини тан олиб чиққан.

Хўжали қатлиомини Ислом ҳамкорлиги ташкилоти, шунингдек, АҚШнинг кўплаб штатлари, Гватемала, Ҳондурас, Парагвай, Мексика, Шотландия, Руминия каби давлатлар озар миллатига қарши геноцид сифатида тан олган.

Ўтган йиллар мобайнида бу қатлиом гувоҳи бўлган озарбойжонликлар нуфузли халқаро ташкилотларга уни озарларга қарши геноцид деб тан олишни сўраб мурожат қилиб келади. Аммо халқаро ташкилотлар бу мурожатларни эътиборсиз қолдириб келяпти.

БМТ Тоғли Қорабоғ масаласида можаро бошланган йиллардаёқ кетма-кет тўртта резолюция қабул қилган. 1993 йил 30 апрель ва 12 ноябрь оралиғида қабул қилинган N822, N853, N874, N884-сонли резолюцияларда арманлар Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши лозимлиги ёзилганди.

Ўтган йиллар мобайнида Озарбойжон мазкур муаммо БМТ томонидан қабул қилинган ўша резолюциялар доирасида тинч йўл билан ҳал қилинишини истаб келди. Бироқ арманлар БМТ резолюцияларини писанд қилмади.

1994 йилгача Арманистон Қорабоғ билан бирга Озарбойжоннинг бир қанча туманларини ҳам босиб олганди.

Озарбойжоннинг ғалабаси

Кейинчалик бу минтақада Арманистон ва Озарбойжон ҳарбийлари ўртасида кўп марта катта-кичик тўқнашувлар юзага келди. Ҳар икки тарафдан ҳарбийлар ҳалок бўлди, жароҳатланди. Бироқ муаммо ечим топмади.

Ўтган давр мобайнида Тоғли Қорабоғни эгаллаб олган арманларнинг ортида Арманистон тургани сир эмас. Чунки у ердаги арманлар озиқ-овқат, қурол-яроқ каби барча нарсани Арманистондан олди.

Халқаро қонун-қоидаларга кўра, Арманистон Тоғли Қорабоғни ўз сафига қўшиб ололмасди. Акс ҳолда бу давлат халқаро ҳамжамиятнинг санкциялари остида қолиб кетарди. Шу сабабли Арманистон Тоғли Қорабоғни 30 йил давомида норасмий бошқариб келди.

Озарбойжон томони Тоғли Қорабоғ масаласида 30 йил сабр қилди. Вазият бўлишини кутди. Арманлардан фарқли равишда армияни модернизация қилди. Янги ҳарбий техникалар олди. Қисқаси Тоғли Қорабоғни қайтариб олиш учун фурсат кутди. 2020 йилнинг иккинчи ярмида ана шу фурсат келди.

2020 йил ёзда бошланган кичик тўқнашувлар сентябрнинг охирида урушга айланиб кетди. 27 сентябр куни Арманистон ҳарбийларининг провокацияси ортидан Озарбойжон армияси Қорабоғ бўйлаб ҳужум бошлади.

Уруш 44 кун давом этди ва унда Озарбойжон армияси ҳар кун Қорабоғнинг маълум қисмини эгаллаб борди. Ноябр бошларига бориб озарлар армияси фронт чизиғи бўйлаб анча илгарилади ва Тоғли Қорабоғнинг маъмурий маркази Хонкенди шаҳри яқинидаги Шуша шаҳри остонасига етиб борди.

Бир неча кунлик қақшатқич жанглардан сўнг 2020 йил 8 ноябр куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Шуша шаҳри олинганини эълон қилди. Озарларнинг Хонкендига етишига бир неча километр масофа қолди.

1990-йиллар бошида озарлар Шуша шаҳридан чиқиб кетганидан сўнг арманлар уни вайронага айлантирганди.

Ана шу жойда 10 ноябр куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян оқ байроқни кўтарди ва урушда енгилганини тан олди. У ўзининг Facebookʼдаги саҳифасида баландпарвоз гаплар билан йўғрилган пост қолдирди.

Постда Пашинян Россия ва Озарбойжон президентлари билан Қорабоғ урушини тўхтатиш ҳақида баёнотни имзолаганини, бироқ бу мағлубият эмаслигини ёзганди.

Пашинян «Бу мағлубият эмас» деб сайловчилари олдида ўзини қанчалик оқламасин, урушни тўхтатиш ҳақидаги баёнот Арманистон учун мағлубият эди.

Ўша куни ОАВда Озарбойжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари томонидан имзоланган битимнинг 9 та банди эълон қилинди.

Унинг биринчи бандида 10 ноябр куни тундан бошлаб Тоғли Қорабоғ ҳудудида барча жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши ва тўлиқ сулҳ бўлиши ёзилганди.

Иккинчи ва олтинчи бандларда Арманистон томонидан эгаллаб олинган Озарбойжоннинг Келбажар, Ағдам, Газах ҳамда Лочин туманлари, тегишлича, 2020 йил 15 ноябрь, 20 ноябрь ва 1 декабргача Озарбойжонга қайтарилиши кераклиги айтилган.

Сулҳ имзолангандан сўнг Арманистон бир пайтлар босиб олинган Озарбойжон ерларини бўшатиб берди

Арманистон Тоғли Қорабоғ билан алоқани таъминлайдиган 5 километр кенгликдаги Лочин йўлагини олади. Лекин йўлакни Россиялик ҳарбийлар назорат қилишади. Шунингдек, битимда ушбу йўлак «Шуша шаҳрига таъсир қилмайди» деб таъкидланган.

Учинчи, тўртинчи ва бешинчи бандлар – Россиянинг 1960 нафар ҳарбий хизматчиси, 90та зирҳли транспортёри, 380та автомобил ва махсус техникани ўзаро алоқа линияси бўйлаб киритиши тўғрисида эди.

Еттинчи банд қочқинларга тааллуқли – улар Тоғли Қорабоғ ҳудудига ва унга қўшни ҳудудларга БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссари бошқармаси назорати остида қайтиб келади. Саккизинчи бандда «ҳарбий асирлар, ҳибсга олинган бошқа шахслар ва ҳалок бўлганлар жасадлари алмашинуви» белгиланган.

Тўққизинчи бандда «минтақадаги барча иқтисодий ва транспорт алоқалари» йўлга қўйилиши керак. Арманистон Озарбойжон ва Нахичеван анклави ўртасида транспорт алоқаларини таъминлаш мажбуриятини олади. Транспорт қатнови устидан назоратни Россия чегарачилари амалга ошириши белгиланади.

Бундан ташқари, томонларнинг келишувига биноан, Нахичеванни Озарбойжон ғарбий минтақалари билан боғлайдиган янги транспорт коммуникациялари қурилиши таъминланади.

Шу тариқа, Ереван Озарбойжонга бир нечта туманларни ва Тоғли Қорабоғнинг бир қисми, шу жумладан унинг маданий пойтахти Шуша шаҳрини беришга рози бўлди.

Битим бандлари ошкор бўлгач Ереванда Пашинянга қарши намойишлар бошланиб кетди ва у бир неча кун давом этди. Кейинчалик Пашинян истеъфо беради ва 2021 йил 20 июнда ўтказилган сайловларда ғалаба қозониб, «тахт»ни асраб қолади.

Озарбойжон эса ғалабани жуда катта тантаналар билан нишонлади ва унда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам иштирок этди.

Эрдоған Илҳом Алиев билан Шуша шаҳрида

Уруш тугагандан сўнг давом этаётган можаролар

Яқинда Иккинчи Қорабоғ урушининг тугаганига 3 йил тўлади. Бу даврда Арманистон босиб олинган Озарбойжон ерларини бўшатиб берди. Лекин можаро ҳануз давом этмоқда.

Арманистон Озарбойжон ҳудудларини эгаллаб олган пайтда ўртадаги чегара тўсиқлари бузилиб кетганди. Икки давлат ўртасида чегара демаркация қилинмагани учун урушдан сўнг шу масалада келишмовчиликлар чиқа бошлади. Онда-сонда отишмалар содир бўляпти ва икки томондан қурбонлар бериляпти.

Бундан ташқари яна бир муаммо Лочин коридори туфайли келиб чиқмоқда. Россиялик ҳарбийларнинг қарийб икки йиллик назоратидан сўнг 2022 йил 26 август куни Лочин йўлагини назорат қилиш Озарбойжонга ўтди.

Шундан сўнг бу ердан ўтаётган ҳар машина диққат билан текширила бошланди. Айрим ҳолларда озарлар Лочин йўлагини ёпиб қўймоқда. Бу Тоғли Қорабоғда яшаётган арманларга ва Арманистон масъулларига ёқмаяпти. Улар бу масалада ёрдам сўраб халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқда.

Бироқ Озарбойжон томони Арманистондан инсонпарварлик ёрдами ниқоби остида контрабанда товарлари ва ўқ-дорилар ўтаётган бўлиши мумкинлигини айтиб, ўз позициясида қатъий турибди.

Ҳозир Арманистон ва Тоғли Қорабоғ раҳбарияти Озарбойжон бу ўлкага қандайдир кўринишида бўлса ҳам мухторият берилиши кераклигини таъкидламоқда.

2020 йил имзоланган сулҳдан кейин ҳам чегара ҳудудларда озарлар ва арманлар ўртасида қуролли можаролар содир бўлиб турди.

Расмий Боку эса Тоғли Қорабоғда яшаётган арманлар Озарбойжон фуқаролари эканини ва улар бошқа фуқаролар фойдаланаётган қонуний ҳуқуқлардан фойдаланишлари мумкинлигини, бироқ ўлкага ҳеч қандай мухторият берилмаслигини айтиб келмоқда.

2020 йил кузда уруш Арманистон мағлубияти билан тугагандан сўнг Арманистон учун энг кўп «қайғурган» давлат Франция бўляпти.

Бу давлат Лочин йўлаги озарлар назоратига ўтгандан кейин ҳам бир неча марта кескин чиқишлар қилди. Қандайдир қарорлар қабул қилинди. Озарбойжон Франциянинг бундай ишларини қоралаб келмоқда.

Жорий йил сентябрда Тоғли Қорабоғдаги арманлар яна бир фитнани бошлади. 2023 йил 9 сентябр куни бу ерда президентлик сайловлари ўтказилди ва бу иш Озарбойжон ҳамда Арманистон ўртасида кескинликни келтириб чиқарди.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси парламенти президент сифатида Самвел Шаҳрамян номзодини кўрсатди. Ёпиқ овоз беришда Шаҳрамян 22 нафар (!) депутатнинг овози билан «ғолиб бўлди».

Бу сайловни нафақат Озарбойжон, балки дунёнинг кўплаб давлатлари ва халқаро ташкилотлари қоралаб чиқди. Хусусан, Европа Иттифоқи, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ва Украина президентлик сайловини ва сайланган номзодни тан олмаслигини эълон қилди. Жумладан, Ўзбекистон ҳам бу сайловни тан олмаслигини билдирди.

Тоғли Қорабоғда ўтказилган президентлик сайдовида ғалаба қозонган Самвел Шаҳрамян. Шу сайловдан сўнг Озарбойжон Тоғли Қорабоғда махсус амалиёт ўтказди.

Зангезур масаласи

2020 йил 10 ноябр куни Озарбойжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари иштирокида имзоланган тинчлик битимининг тўққизинчи бандида «минтақадаги барча иқтисодий ва транспорт алоқалари» йўлга қўйилиши, Арманистон Озарбойжон ва Нахичеван анклави ўртасида транспорт алоқаларини таъминлаш мажбуриятини олиши айтилганди.

Бундан ташқари, томонларнинг келишувига биноан, Нахичеванни Озарбойжон ғарбий минтақалари билан боғлайдиган янги транспорт коммуникациялари қурилиши таъминланиши қайд этилган эди.

Озарбойжон ана шу битимга кўра Зангезур орқали Нахичеванга автомобил ва темирйўлларини тортишни режалаштиряпти. Арманлар бунга қарши чиқиб, турли баҳоналар билан тинчлик битимининг ана шу бандини бажаришни ортга суриб келмоқда.

Бу келишувдан 2 ой ўтиб, Озарбойжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари битимнинг 9-бандини амалга ошириш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳақида қўшма баёнот имзолайди.

Шунда Илҳом Алиев бу баёнот амалда «ўтган йилги воқеалар остидан чизиқ тортиши», Озарбойжонга 30 йил ичида илк марта Нахчиван билан алоқани (ерусти йўналишида) тиклашига имкон беришини айтганди. Алиевга кўра, бунинг эвазига Арманистон Озарбойжон темирйўллари орқали Россия ва Эронга чиқади.

2021 йил февралда Озарбойжон Тоғли Қорабоғ яқинида, 2020 йил кузида қайтариб олган ҳудудларида Горадиз–Агбенд темирйўли қурилишини бошлади. 100 километрлик магистрал Озарбойжоннинг асосий қисми ва Нахчиван мухтор ўлкасини тўғридан тўғри темирйўл алоқаси билан боғлаши маълум қилинди.

Арманистон орқали ўтадиган Зангезур йўлаги Озарбойжон ва унинг Нахичевон вилоятини ўзаро боғлаши керак.

«Зангезур коридорининг ташкил этилиши бизнинг миллий, тарихий ва келажак манфаатларимизга тўла мос келади. Арманистон истайдими-йўқми, биз Зангезур коридорини рўёбга чиқарамиз. Агар хоҳласа, осонроқ ҳал қиламиз, хоҳламаса – куч билан. Урушдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам мен улар ўз ихтиёри билан бизнинг ерларимиздан кетиши кераклигини, йўқса уларни куч билан чиқаришимизни айтганман. Шундай ҳам бўлди. Зангезур коридорининг тақдири ҳам ана шундай бўлади», – деганди Илҳом Алиев 2021 йил апрелида.

«Арманистон буни хоҳлайдими-йўқми, Зангезур коридори албатта очилади», – дея яна бир бор ваъда берган Алиев 2023 йил кириб келишидаги янги йил табригида.

Ереван бу лойиҳага қаршилигини билдириб келади. Арманистон бош вазири Никол Пашинянга кўра, оташкесим ҳақидаги уч томонлама битимда «на Зангезур, на коридор сўзи тилга олинган». «Келишув фақат минтақавий коммуникацияларни блокдан ечишга тааллуқли», деган у.

Пашиняннинг сўзларига кўра, Арманистон «коридор логикаси»ни «муҳокама қилмаган, муҳокама қилмайди ҳам». Унинг айтишича, «транспорт йўлларининг очилиши биринчи навбатдаги вазифа, чунки бу келишув доирасида Арманистон Эрон ва Россия билан тўғридан тўғри темирйўл алоқасига эга бўлади».

Зангезур йўлаги очилишидан Туркия ва бошқа туркий давлатлар ҳам манфаатдор. Агар бу йўлак очилса Марказий Осиё давлатлари Озарбойжон орқали Туркияга осонроқ етиб бориш имкониятига эга бўлишади.

Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян Арманистоннинг суверен ҳудудида бошқа бир суверен давлатнинг коридори бўлиши мумкин эмас, деб баёнот берган. У ҳам Озарбойжон томони билан ҳеч бир келишувда бу масала кўзда тутилмаганини қайд этган.

Бугун кўплаб экспертлар Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик келишуви имзоланиши муаммонинг ечими бўлиши ҳақида гапиришмоқда. Бу келишувда ҳар икки давлатнинг бир бирига ҳудуд даъвоси йўқлиги асосий банд бўлади.

Аввалроқ томонлар келишув 2023 йил 5 октябр куни имзоланиши мумкинлигини айтган эди. Бироқ Арманистон бош вазири Никол Пашинян битим 5 октябрда эмас, йил охиригача ёки 2024 йилнинг бошида имзоланишига умид қилаётганини билдирди.

Пашиянга кўра Тоғли Қорабоғда чуқурлашиб бораётган ҳуманитар инқироз ва Лочин йўлагининг блокадаси тинчлик жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Кўпчилик экспертлар Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик келишуви имзоланса, Тоғли Қорабоғдаги арманлар озарлар қўяётган шартлар асосида Озарбойжон жамиятига интеграция бўлишдан бошқа чораси қолмайди дейишмоқда. Бу эса минтақага узоқ кутилган тинчликни олиб келиши мумкин. Буни эса вақт кўрсатади.

Ушбу мақола ёзилаётган пайтда 2023 йил 19 сентябр куни Озарбойжон Қорабоғда маҳаллий аксилтеррор тадбирларини бошлади ва у ердаги ҳарбий объектларни ўққа тутди.

Қарийб бир сутка давом этган ўққа тутишлардан сўнг Озарбойжон Тоғли Қорабоғдаги Арманистон қуролли кучларининг ўнлаб позицияларини эгаллаб олганини эълон қилди.

20 сентябр куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан ўт очишни тўлиқ тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилишди.

Келишув доирасида, Тоғли Қорабоғда қолган арман ҳарбийлари минтақадаги «Россия тинчликпарвар контингенти жойлашган зонадан» олиб чиқилади, тан олинмаган республиканинг қуролли бўлинмалари тарқатиб юборилади ва оғир техникалар олиб кетилади.

Шундан сўнг Тоғли Қорабоғда яшовчи арманлар россиялик ҳарбийлар ёрдамида у ердан чиқиб кета бошлашди.

21 сентябрь куни Евлах шаҳрида Тоғли Қорабоғнинг арман аҳолиси вакиллари ва Озарбойжон ҳукумати вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

2023 йил 21 сентябр куни Тоғли Қорабоғдаги арманлар ва Озарбойжон вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди.

Учрашувда Озарбойжон томони арманлар делегациясига ҳукуматнинг интеграция режасини тақдим этган. Арманлар делегацияси Тоғли Қорабоғга биринчи навбатда ёқилғи ва озиқ-овқат билан ёрдам беришни сўраган.

Сўнгги ҳодисалардан шундай хулоса чиқариш мумкин, Озарбойжон бир сутка давом этган ҳарбий амалиётлардан сўнг 30 йиллик муаммони ҳал қилди. Тез орада арманлар Озарбойжон жамиятига интеграция қилиниши режалаштириляпти.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид