Жаҳон | 21:58 / 26.10.2023
17795
11 дақиқада ўқилади

Нега Ғарб Россияни технологик таъминотдан узиб қўя олмаяпти?

Вудро Вилсон “даҳшатли дори” деб атаган иқтисодий санкциялар қандай пайдо бўлган ва уларни жорий қилиш самарали усулми?

Фото: Shutterstock

Россия Украинага бостириб киргач, кўплаб давлатлар ва компаниялар у билан иқтисодий алоқаларни узди ёки кескин қисқартирди, шунингдек, Россия иқтисодиётига зарба бериш учун санкциялар жорий қилди.

Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва Буюк Британия Россияга қарши жиддий иқтисодий чекловлар киритди, мамлакатнинг юзлаб бадавлат шахслари ва ҳукумат амалдорларини санкциялар рўйхатига қўшди ҳамда Москвани халқаро молия тизимидан сезиларли даражада узиб қўйди.

Лекин бу чекловлар Москвани Ғарб бозоридан тўлиқ четлатиш имконини бермади. Чунки унга ҳудудий жиҳатдан яқин жойлашган, у билан иқтисодий жиҳатдан қаттиқ боғланган айрим давлатларда жойлашган ташкилотлар ва компаниялар Россия учун санкциялардан қочиш йўлагига айлангани айтилади.

Хўш, АҚШ президенти Вудро Вилсон томонидан “даҳшатли дори” деб таърифланган иқтисодий санкциялар қандай пайдо бўлган ва нима мақсадда жорий қилинади?

Иқтисодий санкциялар ва уларнинг пайдо бўлиш тарихи

Иқтисодий санкциялар бу – хавфсизлик ёки ташқи сиёсат масалалари билан боғлиқ маълум мақсадларга эришиш учун савдо ва молиявий операцияларни чеклаш ёки тўлиқ тўхтатишдир. Санкциялар ҳам алоҳида давлатлар, ҳам халқаро ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга, ташкилотларга ёки давлатларга нисбатан қўлланиши мумкин. Санкция жорий қилган ва санкцияга учраган мамлакатлар ўртасида иқтисодий боғлиқлик қанчалик юқори бўлса, чекловлар ҳам шунчалик самарадор бўлади.

Санкциялар, асосан, қуйидаги мақсадларга эришиш учун қўлланади:

  • санкция қўлланаётган давлатнинг маълум бир соҳадаги сиёсатини ўзгартириш, масалан, инсон ҳуқуқлари, матбуот ва сўз эркинлиги, диний эркинлик тамойиллари бузилганида;
  • санкция қўлланаётган давлат режимини алмаштириш орқали унинг сиёсатини ўзгартириш;
  • ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш (Бангладеш мустақиллиги учун уруш вақтида АҚШ Ҳиндистон ва Покистонга нисбатан санкциялар киритиш орқали бунга эриша олган);
  • мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини парчалаш;
  • санкция қўлланаётган давлат сиёсатининг бошқа муҳим йўналишларини ўзгартириш.

Бошқа давлатларга қарши санкция жорий этиш юзлаб йиллардан буён мавжуд. Тарихдаги дастлабки иқтисодий санкция киритиш ҳолати Қадимги Юнонистонда қайд этилган. Эрамиздан аввалги 432 йилда Афина ҳукмдорлари Мегара вилояти савдогарларига Афина портлари ва бозорларига киришни тақиқлашган. Бу қонли Пелопоннес уруши бошланишига олиб келган.

Хитой билан алоқа қиладиган давлатлар вақти-вақти билан унинг иқтисодиётини издан чиқариш ва таъсирини камайтириш мақсадида ипак матодан тайёрланган либос кийишни тақиқлашган.

Буюк Британия билан кураш олиб бораётган император Наполеон Бонапарт Франция босиб олган давлатларга Британия маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлаган. Иқтисодий қамал 8 йил давом этган ва Британия, Нидерландия ҳамда Италия иқтисодиётига катта зарар етказган.

Замонавий савдо санкцияларини қўллаш стратегияси илк бор XVIII аср охирида Британия империяси томонидан ишлаб чиқилган ва амалда фойдаланилган. 1888 йилда Буюк Британия аҳолиси ер шари аҳолисининг атиги 2 фоизини ташкил этар, аммо дунёда айланадиган барча саноат маҳсулотларининг 54 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келарди. Бу рекорд кўрсаткич шу кунгача бошқа ҳеч қайси давлат томонидан қайд этилмаган. Мазкур омил Бирлашган Қиролликка рақибларига босим ўтказиш имконини беради.

Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларининг сабабларидан бири ҳам бой ва қудратли давлатлар ўртасидаги доимий савдо низолари бўлган. Масалан, 1914 йилда Буюк Британия ва Франциянинг Германияга қарши урушга кириши ўша давр сиёсатчилари томонидан “миллий савдо манфаатларини Германия босқинидан ҳимоя қилиш” дея асосланган.

1920 ва 1930 йиллардаги жаҳон иқтисодий тушкунлик даври кўп давлатларнинг божхона тарифларини оширишига ва импортни чеклашига олиб келди. Бу Иккинчи жаҳон уруши бошланишининг сабабларидан бири бўлди. Мисол учун, Европа давлатлари билан савдо низолари Япониянинг урушга қўшилишига олиб келган.

Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан олдин Югославия, Греция, Боливия, Парагвай ва Италия жамоавий иқтисодий санкцияларга дучор бўлган.

Совуқ уруш даврида санкциялар кутилган самарани бермаган, чунки бу сиёсат Ғарбий ёки Шарқий давлатлар блоклари томонидан бир пайтда қўллаб-қувватланмаган. Иккала блок томонидан ҳам қўлланган ягона санкциялар фақат икки марта: Родезия ва Жанубий Африкага нисбатан ишлатилган ва иккала ҳолатда ҳам улар етарли даражада натижа келтирмаган.

Ўша даврдаги коллектив иқтисодий санкцияларнинг энг машҳур мисолларидан бири – социалистик мамлакатларга стратегик товарлар ва технологияларни, биринчи навбатда, ҳарбий техникалар ва компютерларни етказиб беришни чеклаш эди. Хусусан, Шарқий блок мамлакатларига экспортни назорат қилиш учун 1949 йилда 17 давлатни ўз ичига олган Мувофиқлаштирувчи қўмита тузилади.

Узоқ муддатли бир томонлама санкцияларнинг энг машҳур намунаси АҚШнинг Кубага нисбатан 1960-1962 йилларда бошланган ва ҳозиргача давом этаётган эмбаргосидир. АҚШ компанияларига Куба билан ҳар қандай иқтисодий алоқаларни махсус рухсатсиз амалга ошириш тақиқланган.

Россияга қарши қўлланаётган санкциялар ўз самарасини беряптими?

The Bell нашрининг ёзишича, 2023 йилнинг биринчи ярмида Россиянинг қўшни давлатлардан амалга оширган импорти 5,2 млрд долларга ёки 37 фоизга ошган. Мутахассислар Россия шу йўл билан Ғарб санкцияларини четлаб ўтаётганини ва киритилган чекловлар кутилган натижани бермаётганини тахмин қилмоқда.

Эътиборлиси, Россия импортининг ўсиши Европа Иттифоқи мамлакатлари минтақага товарлар етказиб беришни кўпайтирган бир вақтда юз берган. 2022 йилда Европа Иттифоқидан Россияга қўшни давлатларга умумий экспорт ҳажми 24 фоизга ошиб, 130 млрд долларни ташкил этган. 2023 йилнинг олти ойи давомида бу кўрсаткич 75,8 млрд доллар бўлган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 фоизга кўп.

Ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Озарбойжон, Арманистон, Грузия ва Туркиядан Россияга экспорт 2021 йилдаги 17,4 миллиард доллардан 2022 йилда 25,8 млрд долларга (ўсиш 33 фоиз) ошган.

Россияга қўшни давлатлар 2022 йилда Европа Иттифоқидан маълум бир турдаги товарлар импортини сезиларли даражада оширган. Улар орасида телекоммуникация ускуналари, микроэлектроника, электр жиҳозлари, транспорт ускуналари, компютерлар, серверлар, қаттиқ дисклар ва смартфонлар бор. Худди шу маҳсулотлар Ғарб давлатлари томонидан Россияга тўғридан тўғри етказиб берилиши тақиқланган.

Евростат маълумотларига кўра, ўтган йили Европа Иттифоқидан Ўзбекистонга микроэлектроника экспорти 248 фоизга, транспорт ускуналари 276 фоизга, маълумотларни қайта ишлаш ускуналари 68 фоизга, телекоммуникация ускуналари 66 фоизга, электр жиҳозлари 39 фоизга кўпайган.

Юқоридаги рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, расмий Москва айрим турдаги стратегик товарлар тақчиллигини юмшатиш учун турли параллел импорт схемаларидан фойдаланиб келаётган бўлиши мумкин.

Иккиламчи санкцияларнинг хавф қамрови ортиб бормоқда

Санкцияга учраган маҳсулотларни Россияга олиб ўтишда транзит бўлаётган “шубҳали” давлатлар қаторида Марказий Осиё мамлакатлари ҳам тилга олинмоқда. Шу жиҳатдан, Евроиттифоқ ва АҚШ минтақа давлатларига санкция киритмоқчилиги ҳақидаги хабарлар бир неча марта ижтимоий тармоқларда ҳам сиздирилди. Хусусан, халқаро журналистларнинг Уюшган жиноятчилик ва коррупция ҳақида хабар бериш лойиҳаси (OCCRP) Қозоғистон орқали етказиб бериш занжирларининг бир нечтасини кузатишиб, улар руслар томонидан тузилган янги компаниялар орқали ўтаётганини аниқлашганди. Бу борада қўшни республикадада фаолият олиб борадиган банклар параллел импорт орқали етказиб бериладиган процессорлар, микросхемалар ва бошқа электроника учун Россия компанияларидан тўловларни ҳам блоклаганди.

Коллектив ғарб санкцияларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бераётган йўлларни ёпишга жиддий киришди. Ўтган йили санкциялар бўйича махсус вакил тайинланган эди. Евроиттифоқда аллақачон эълон қилинган иккиламчи санкциялар мавжуд ва уларни четлаб ўтишда Россияга ёрдам бераётган компаниялар жазоланади. Шундай экан, бу Россиянинг қўшнилари, хусусан, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши учун ҳам жиддий таҳдиддир. ЕИ Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини тайёрламоқда. Янги жазолар пакетининг муҳим қисми уларни четлаб ўтишнинг олдини олиш механизми бўлади, дейилган расмий Брюссел томонидан берилган изоҳда.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бир қанча ташкилотлар ҳам аллақачон санкцияларга учради. Дастлаб, ўтган йилнинг июн ойида АҚШ Давлат департаменти томонидан Promcomplektlogistic корхонасига чекловлар жорий қилинган бўлса, кейинчалик Alfa Beta Creative вa GFK Logistic Asia компаниялари ҳам Ғарбнинг қора рўйхатига тушди. Улар санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россия мудофаа саноати эҳтиёжлари учун маҳсулот сотиб олишга уринганликда айбланган.

Шунингдек, АҚШ миллиардер Алишер Усмоновнинг қариндошлари ва компанияларига санкция қўллаши фонида Ўзбекистоннинг “Оҳангаронцемент” заводи ҳам чекловларга тушганди.

Агар компания иккиламчи санкцияга тушса, халқаро транзакцияларни амалга ошира олмайди, АҚШ ёки ЕИ валютасидан фойдалана олмайди ва асосан мамлакат ичида фаолият олиб боришга мажбур бўлади. Шу жиҳатдан, Ўзбекистондаги қанча кўп компания санкцияга учраса, дунёдан узилиб қолиш кўлами шунчалик кўпаяди.

Шунингдек, йирик технологик компания – NVIDIA ҳам бир қанча постсовет мамлакатлари қаторида Ўзбекистонга ҳам баъзи махсулотларини етказиб беришни тўхтатмоқда. Жумладан, A100, A800, H100, H800, L40 ва L40С график карталарини, шунингдек Geforce RТХ 4090 видеокарталари етказиб берилмаслиги кўзда тутилган. Мақсад – мазкур давлатлар орқали технологик маҳсулотлар Россияга етиб боришининг олдини олиш.

Ғарб санкцияларининг ишлаш табиати

Ғарб санкцияларининг ишлаш механизми узоқ муддатли даврга мўлжалланган. Жумладан, СССРга қарши санкциялар кўзда тутилган Жексон-Вэник тузатиши 1974 йилда киритилган бўлиб, совет иттифоқи йўқ бўлиб кетганига қарамай бир вақтлар унинг таркибида бўлган Ўзбекистон ҳамон бу рўйхатдан чиқарилмаган. Бу шуни англатадики, АҚШ ёки бошқа Ғарб давлатларининг санкцияларига учраган компания узоқ йиллар давомида ундан чиқиб кета олмаслигини англатади.

Санкциялар киритиш – мураккаб жараён, уларни бекор қилиш эса ундан-да мураккаб. Шу жиҳатдан, санкциялар жорий этилишига сабаб бўлган омиллар бир кунда йўқолиб кетса ҳам, санкциялар бир кунда бекор бўлмайди. Улар узоқ йиллар давомида савдо муносабатларининг чекланишига таъсир кўрсатишда давом этади.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид