Ўзбекистон | 20:38 / 07.09.2024
18586
15 дақиқада ўқилади

Бойсундаги офат, мактабдаги солиқчилар ва Seagull'нинг расмий нархи — ҳафта дайжести

Тошкент ва Самарқанд ўртасида пулли автомагистрал қуриш шу йилдан бошланиши белгиланди. Шифохоналар, боғлар ва маданият масканлари хусусий қўлларга топширилиши мумкин. Ўзбекистоннинг давлат қарзи 37 млрд доллар, умумий қарзлари эса 63 млрд доллардан ошди. BYD'нинг энг арзон модели Ўзбекистонда расман қанчадан сотилиши маълум. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

ДХШ лойиҳалари: Пулли йўллар, энергетика тармоқлари ва ижтимоий объектлар

Тошкент–Самарқанд пулли йўлини қуриш ишлари шу йил бошланади. Президент қарорига кўра, энг яхши таклиф берган қурувчи компанияни танлаб олиш бўйича танлов сентябр ойида эълон қилинади. Йил охиригача танлов натижаларини эълон қилиш, пудратчи билан шартнома имзолаш ва қурилиш ишларини бошлаш топшириғи берилди.

Ўзбекистондаги биринчи пулли йўлни қуриш ишлари 2028 йил охиригача якунланиши кўзда тутилган. Шундан кейин йўл давлат-хусусий шериклик асосида хусусий операторга топширилади. Лойиҳа қиймати тахминан 2,2 млрд долларга баҳоланмоқда. Жаҳон банки мутахассисларининг 2021 йилдаги ҳисоб-китобларига кўра, бу йўл орқали Тошкентдан Самарқандга ёки аксинча йўналишда ҳаракатланиш нархи енгил автомобиллар учун 5-7 доллар, юк автомобиллари ва автобуслар учун 15 долларга тушиши мумкин.

Жаҳон банки билан ҳамкорликда Тошкент–Андижон пулли йўли қурилиши ҳам режа қилинган. Қарорга кўра, 4,28 млрд долларга баҳоланган 303 километрлик лойиҳанинг концепцияси октябр ойида тасдиқланиши, 2025 йил давомида икки босқичли тендер ўтказилиб, 2026 йилда хусусий шерик билан шартнома имзоланиши керак. Бундан ташқари, ҳужжатда 2027–2030 йилларда Самарқанд–Бухоро пулли йўли ва Тахтақорача довонида пулли туннел қурилиши ҳам белгиланган.

Қарор билан, бир қатор соҳаларда амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари рўйхати тасдиқланди. Шунингдек, электр, газ, ичимлик суви ва канализация таъминотини хусусий қўлларга топширишнинг охирги муддатлари белгиланди. Унга кўра, 2026-2027 йилларда барча ҳудудларда электр тақсимлаш тармоқлари хусусий операторларга топширилиб, уларга энергия йўқотишларини камида 2 бараварга камайтириш вазифаси қўйилади. Табиий газ тақсимлаш тармоқларини ҳам 2027 йил охиригача, ичимлик суви ва канализация тармоқларини эса 2028 йил якунигача хусусий сектор бошқарувига бериш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қарордаги яна бир янгилик анча аҳамиятли. Унга кўра, самарасиз фойдаланиб келинаётган республикадаги йирик шифохоналар, маданият ва спорт иншоотлари, шу жумладан маданият саройлари, стадионлар, концерт заллари, истироҳат боғлари хатловдан ўтказиб, хусусий секторга давлат-хусусий шериклик асосида берилиши мумкин. Тегишли ташкилотлар йил охиригача бу борадаги таклифларни ҳукуматга киритиши керак.

Ижтимоий объектларнинг самарали ёки самарасиз эканига қандай баҳо берилиши маълум эмас. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги учта онкология шифохоналари, “Пахтакор” стадиони, Фарғонадаги “Ёшлар кўли” каби бир қатор ижтимоий масканларнинг сотиб юборилиши жамоатчилик босими тўхтатиб қолган эди. Қолаверса, пойтахтдаги Абдулла Қодирий ва “Дўстлик” боғларининг инвесторга бериб юборилгани ҳам эътирозларга сабаб бўлганди. Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, янги қарорнинг юқоридаги банди йирик шифохоналар, боғлар, маданият ва спорт объектларини хусусий қўлларга серияли тарзда бериб юбориш тўлқинини юзага келтириши мумкин.

Ошаётган давлат қарзи ва газ импорти харажатлари

2024 йилнинг 1 июл ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат қарзи илк марта 37 млрд доллардан ошди. Шундан салкам 31 миллиарди – ташқи қарз, 6 млрд доллар эса – ички қарзлардан иборат. Давлат қарзи қолдиғи охирги бир йилда салкам 5,5 млрд долларга кўпайган. Ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши 33 фоизни ташкил этяпти.

Давлат қарзи билан бирга, давлат корхоналари томонидан ҳукумат кафолатисиз олинаётган ташқи қарзлар миқдори ҳам ошиб боряпти. Бу борадаги маълумотлар етарли эмас – Марказий банк хусусий ташқи қарз ҳақида ҳисобот бериб боришни тўхтатиб қўйган. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2023 йил якуни бўйича умумий ташқи қарз миқдори 53 млрд долларга ёки ЯИМнинг 60 фоизига етган. Бунга қўшимча яна 6 млрд долларлик давлат ички қарзи ҳам борлиги, биринчи ярим йилликда давлат томонидан 4 млрд доллардан ошиқ ташқи қарз олинганидан келиб чиқилса, умумий қарзлар миқдори камида 63 млрд доллар эканини тахмин қилиш мумкин.

Давлат ташқи қарзининг 42 фоизи бюджет дефицитини ёпишга, яна 19 фоизи ёқилғи-энергетика соҳасига йўналтирилган. Бюджет дефицити таркибида ҳам ёқилғи-энергетика соҳасига берилган субсидиялар катта ўринга эга. Маълум бўлишича, бу субсидияларни шу йилдан бошлаб қисқартирамиз дейилгани билан, унинг ўрнига бошқа катта харажат пайдо бўлган. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг сўзларига кўра, газ импортининг кескин ошиши ҳисобига биринчи ярим йилликда 1,3 триллион сўмлик акциз солиғи олинмаган, UzGasTrade компаниясига эса 1 трлн сўм ҚҚС қайтариб берилган.

Мубин Мирзаев олти ой давомида газ қазиб чиқариш ҳажми 1,4 млрд куб метрга камайгани ҳисобига, 104 млрд сўмлик акциз солиғи олинмаганини ҳам қайд этди. У газнинг минг кубаси 160 доллардан импорт қилинаётганини тасдиқлаб, январ-июн ойларида хориждан 5,2 млрд куб метр газ сотиб олинганини айтди. Таққослаш учун, 160 доллар – Россиянинг Хитой (257 доллар) ва Туркияга (320 доллар) сотаётган гази нархидан сезиларли арзон, қўшни Қирғизистон эса рус гази учун 112 доллардан тўлов қилмоқда.

Kun.uz ўрганган расмий маълумотлардан келиб чиқилса, 2010-2023 йиллар оралиғида газ қазиб чиқариш ҳажми салкам 30 фоизга тушиб кетган. Агар қазиб чиқариш кўрсаткичи 2021 йил даражасида сақланиб қолганида ҳам, ҳозир Россия газига муҳтожлик бўлмаган бўларди.

М25 конида авария

Ўзбекистондаги ҳали ўзлаштирилмаган энг йирик газ конида авария рўй берди. 1 сентябр куни Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидан атмосферага олтингугурт (водород сулфид) гази чиқа бошлади. Интернетда тарқалган видеоларда юзлаб одамлар эвакуация бўлаётганини кўриш мумкин. Атрофдаги қишлоқлар аҳолиси Бойсун шаҳрига кўчирилган, лекин заҳарли газ кондан 15 км масофадаги шаҳарга ҳам етиб борган. Ачимсиқ, бадбўй ҳид одамларда бош оғриғи, кўнгил айниши ва ланжликни келтириб чиқарган, имкони бор бойсунликлар бундан қочиб, вақтинча бошқа жойга яшаш учун кетишган.

Расмий хабар берилмаётганига қараганда, кондан газ чиқиши ҳалигача давом этаётганини тахмин қилиш мумкин. Умуман, расмийлар воқеа бўйича душанба кунги дастлабки расмий хабарлардан кейин бутун ҳафта давомида ҳеч қандай қўшимча маълумот беришгани йўқ. Бу хабарларда айтилишича, кондаги 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилаётган вақтда технологик жараён бузилган. Ҳодиса жойига бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги амалдорлар етиб борган, тезкор штаб ташкил этилган. “Фуқароларнинг жароҳат олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган”, дейилади расмий ахборотда.

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони 60-йилларда аниқланган, биринчи қудуқ 70-йилларда бурғиланган бўлса ҳам, жойлашуви ва тузилиши мураккаблиги сабаб узоқ йиллар уни ўзлаштиришнинг имкони бўлмай келган. Навбатдаги уриниш 2017 йили Москвада имзоланган шартнома асосида бошланган. Шартномага асосан, кон яқинида газни қайта ишлаш заводи ва газ-кимё мажмуаси қурилиши ҳам кўзда тутилган. Лойиҳада Ўзбекистон ҳукуматидан ташқари, инвестор сифатида россиялик Андрей Филатов ва ўзбекистонлик Бахтиёр Фозиловнинг компаниялари иштирок этяпти. Пудрат ишлари Фозиловга тегишли Eriell ва Enter Engineering компанияларига топширилган. Ҳозиргача бу икки компания, шунингдек, Ҳонгконгда рўйхатдан ўтган лойиҳа оператори кондаги техноген офат юзасидан изоҳ бермади. Шунингдек, прокуратура ҳам ҳолатга муносабат билдирмади. Бу авария лойиҳанинг кейинги тақдирига қандай таъсир қилиши номаълум бўлиб қолмоқда.

BYD Seagull'нинг дилерлик тармоғидаги нархи – 16 400 доллар

BYD'нинг энг арзон модели бўлмиш Seagull'нинг Ўзбекистондаги расмий сотувлари бошланди. Дилерлик тармоқларида бу автомобилнинг нархи 208 млн 300 минг сўм ёки ҳозирги курсда 16 400 доллар деб эълон қилинди. Бу – дилерлик тармоғидан ташқаридаги нархлардан 2000 долларга қимматроқ. Дилерлар юқорироқ нарх эвазига 6 йиллик ёки 150 минг километр масофагача расмий кафолат ва бошқа айрим қулайликларни таклиф этади.

Seagull'нинг тўлиқ заряд билан босиб ўтадиган масофаси аввалроқ тақдим этилган e2 модели билан бир хил: 405 км. e2 ҳам бозордаги нархидан тахминан 2,5 минг доллар қиммат – 18 600 доллардан сотувга чиқарилган эди. Яна ҳам ҳайратланарлиси, анчагина юқори нарх белгилаган BYD бу моделлар импорти учун божхона божи ва утилизация йиғимини тўламаётган бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккала моделни маҳаллийлаштириш режа қилинган. 2022 йилдаги қарорга кўра, ишлаб чиқарувчиларга электромобиллар ва гибрид автомобилларни тўлиқ циклда ишлаб чиқаришни йўлга қўйгунга қадар, вақтинча божсиз ва утилизация йиғимисиз олиб кириш ҳуқуқи берилган.

BYD'ни ана шундай шартлар билан Ўзбекистонга олиб кирган, Жиззахдаги заводда ўзи асосий ҳиссадорга айланган “Ўзавтосаноат”га тааллуқли яна бошқа янгилик ҳам бор. Kun.uz'нинг аниқлашича, Chevrolet Onix автомобили Қозоғистонда Ўзбекистондаги чегирмали нархидан ҳам арзонроқ сотиляпти. Қозоғистон автомобил уюшмаси маълумотларига кўра, Onix июл ойида бу мамлакатда энг кўп сотилган бешинчи автомобил бўлган. Бошқа бир манбадаги маълумот бундай харидоргирликнинг сабабини изоҳлаши мумкин: унга кўра, Қозоғистонда Onix нархлари 12 400 доллардан бошланади. Бу – худди шу комплектациядаги автомобилнинг Ўзбекистондаги чегирмали нархидан 700 долларга арзонроқ демакдир. Агар чегирмасиз нархи ҳисобланса, ўртадаги фарқ 1900 долларга етиб қолади.

Таътил тугашини пойлаган солиқчилар

Мактабларда биринчи қўнғироқ чалиниб, 700 мингдан ортиқ бола 1-синфга қадам қўйди. Маълум бўлишича, таътил тугашини ота-оналар билан бирга, қашқадарёлик солиқчилар ҳам интиқиб кутган. Улар мактабнинг биринчи кунида Нишон туманидаги мактабларнинг бирида 2-синф ўқувчиларининг дарсига кириб, солиқ хабарномасини тарқатди.

Ҳаммаларинг ота-оналарингга олиб борасизлар, яшаб турган уй-жойларингнинг мол-мулк ва ер солиқларини солиқ инспекциясига бориб, ёки телефондан “Солиқ” иловасидан фойдаланиб тўлаш керак. Ҳозир тарқатиб чиқади. Уй кимнинг номида бўлса, бориб солиққа ҳисоблаб тўлайди. Бир йилда солиқ иккига бўлиб тўланадиган бўлса, бир қисми 15 апрел, қолган ярми 15 октябрга қадар [тўланиши керак] деб айтиб ўтилган. Шу ойдан солиқларни ҳисоблатиб, тўлаб келиш талаб этилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқ ва йиғимларни тўлаши шарт деб айтилган, тушундингларми? Илтимос сизлардан”, – деган солиқ ходими.

Воқеа видеоси интернетда тарқалгач, шов-шув ва мемларга сабаб бўлди. HabiKatura лойиҳаси чизган карикатурада кредит ташкилоти ходими, насияга савдо қилувчи дўкондор ва “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғмоқчи бўлган одам 2-“А” синф хонаси эшиги олдида солиқчилар чиқишини кутиб тургани акс этган.

Солиқ қўмитаси воқеани кескин қоралаб, ходимларга нисбатан текширув тайинлангани, барча ҳудудий бошқармаларга огоҳлантириш берилганини маълум қилди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова солиқчиларнинг дарсга кириб бориб, болаларга ноқонуний талаб қўйишга ҳаққи йўқлигини таъкидлаб, масъулларга чора кўришга чақирди. Бу воқеадан кейин кўпчилик ўтган йили Тошкентдаги боғчаларнинг бирига ички ишлар ходимлари бориб, 3-4 ёшли болаларга “оқ билан қорани ажратиб олишни” ўргатганини ёдга олди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон паралимпиададаги медаллар сифати бўйича энг яхши натижасини янгилади. Жума кунги баҳслардан кейин жамғармамиздаги медаллар сони 20 тага етди. Улардан 9 таси олтин, 6 таси кумуш, 5 таси бронза. Бу – Ўзбекистон тарихидаги энг яхши натижа. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон 11-ўринни эгаллаб турибди. Ҳафта давомида ядро улоқтириш баҳсларида қатнашган Ҳусниддин Норбеков 3 карра паралимпия ўйинлари чемпиони бўлган илк ўзбекистонлик спортчига айланди. Шунингдек, пара дзюдода Шерзод Намозов икки карра паралимпиaда чемпиони мақомини қўлга киритди.

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов устидан суд иши бошланди. Иккита жиноят иши бириктирилган суд процессида жами 50 киши судланмоқда. Улардан 29 нафари ҳибсда. Судланувчиларга Жиноят кодексининг коррупцияга дохил қатор моддалари билан айблов эълон қилинган. Улар орасида собиқ қишлоқ хўжалиги вазиридан ташқари, вазирлик ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги хизматлари агентлигининг собиқ директори Ҳусниддин Каримов ҳам бор. Илк суд мажлисида бир неча адвокат суд ишига журналистларни қўймасликни сўради, судя суд мажлисларидан аудио-видео материаллар олишни тақиқлади.

Тошкент вилоятида ЙПХ ходимларига мажбурий “план” қўйиляпти. Kun.uz'га мурожаат қилган ходимнинг сўзларига кўра, ҳар бир ходимга қўпол қоидабузарликлар бўйича кунига 20 тагача протокол тузиш топшириғи берилган. Бундан ташқари, жарималар ҳисобидан ходимларга бериладиган устамалар миқдори 10 баробаргача камайгани, чораклик мукофот пуллари эса берилмаётгани айтилмоқда. Ички ишлар вазирлиги “план” борлигини рад этиб, бунақа амалиётдан воз кечилганини билдирди, молиявий масалалар бўйича эса батафсил изоҳ бермади.

Самарқандда СССРни қайта тиклаш бўйича тарғибот олиб борган пенсионер жавобгарликка тортилди. Самарқанд шаҳрида яшовчи эркак пенсияга чиққунча Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида ишлаган. У ўтган йили Москвага бориб, СССРни қайта тузмоқчи бўлаётган ва бунинг учун тарафдорлар йиғаётган шахслар билан учрашган. Кейин ортга қайтиб, Ўзбекистонда собиқ иттифоқни қайта тиклашни тарғиб қила бошлаган. Суд уни 3 йил муддатга озодлик чеклаш жазосига ҳукм қилди.

Россиянинг Нижегородск областидаги автоҳалокатда 7 ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Уларни олиб кетаётган микроавтобус Самара-Москва трассасида енгил автомобил билан тўқнашиб кетган. Натижада 8 киши ҳалок бўлган, шундан 7 нафари ўзбекистонликлар экани тасдиқланди. Микроавтобус ичида бўлган ўзбекистонликлардан 3 нафари омон қолиб, жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси марҳумларнинг жасадлари ватанга олиб келинишини маълум қилди.

Мавзуга оид