Ўзбекистон | 23:22 / 05.09.2024
34075
2 дақиқада ўқилади

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан суд иши бошланди

Бугун, 5 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят ишини жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари маълум қилди.

Фото: Олий суд

Судланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айблов эълон қилинган:

167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);

168 (Фирибгарлик);

184 (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);

185−2 (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш);

189 (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш);

205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);

206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);

28,209 (Жиноят иштирокчиларининг турлари, Мансаб сохтакорлиги);

209 (Мансаб сохтакорлиги);

211 (Пора бериш);

228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);

243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш).

Қайд этилишича, 29 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 15 нафарига «гаров» ва 6 нафарига «муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

«Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг собиқ раҳбари Азиз Воитов 2023 йил декабрь ойида қамоққа олинган эди. 44 ёшли Воитов 2022 йил августидан 2023 йил октябригача ҚХВни бошқарган, унгача инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Мавзуга оид