BYD Seagull Ўзбекистонда Хитойдаги нархидан 4300 доллар қиммат сотилади
Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлар томонидан 14 300 доллардан бошлаб таклиф қилинаётган BYD Seagull Flying расмий дилерда 16 400 доллардан сотилади. Хусусий тадбиркорлардан фарқли равишда, BYD Uzbekistan камида 2 йил давомида божхона божи ва утилизация йиғими тўламасдан автомобил олиб кириш имтиёзига эга. Бу моделнинг Хитойдаги нархи 12 100 доллардан бошланади.
“Ўзавтосаноат” жорий йилнинг июл ойида BYD Uzbekistan Factory хитойлик ҳамкорлари билан янги моделларни ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришгани, бу моделлар BYD Seagull ва e2 бўлиши ҳақида маълум қилганди.
6 сентябр куни дилерлик тармоқлари орқали сотиладиган, бир қувватлашда 405 км масофа босадиган BYD Seagull'нинг Flying комлектацияси нархи эълон қилинди: 208 млн 300 минг сўм (16 400 доллар). Бу – Хитойдаги нархлардан (85 800 юан ёки 12 100 доллар) 4300 долларга қиммат.
Бу моделнинг Flying комлектацияси хусусий автосалонларда 14 300 доллардан 15 минг долларгача таклиф қилиняпти. Қўшни Қозоғистон бозорида ҳам бу автомобилни 14 500 доллар атрофида харид қилиш мумкин.
Хусусий автосалонлар таклиф қилаётган нарх Хитойдан автомобилни олиб келиш, ҚҚС, қайта ишлаш тўлови, сертификатлаш ва божхона тўловлари, шунингдек, тадбиркорларнинг кўрадиган фойдасини ҳам ўз ичига олади. Шунда ҳам автомобилнинг баҳоси расмий дилер таклиф қиладиган нархдан 2 минг долларга арзон.
Эслатиб ўтамиз, BYD Uzbekistan камида 2 йил давомида божхона божи ва утилизация йиғими тўламасдан, бу русумдаги электромобилларни яратиладиган ишлаб чиқариш қувватларининг 50 фоизигача, аммо йилига 10 мингдан кўп бўлмаган миқдорда Ўзбекистонга олиб кириши мумкин.
Аввалроқ, BYD Uzbekistan Factory бош директори Шафқатбек Алимов Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD'лар четдан олиб келинадиганларидан арзон бўлишини айтиб ўтганди.
Шундан кейин BYD E2 моделининг расмий нархи 19 300 доллар ёки 242 млн сўмдан бошланиши маълум қилинди. Бу хусусий автосалонлардаги нархдан 42 млн сўмга қиммат.
Мавзуга оид
18:00 / 05.12.2024
Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ҳисобига BYD'ларнинг таннархини пасайтириш режалаштирилмоқда
17:00 / 15.11.2024
BYD e-Mobility Festa 2024: 30 йиллик ютуқларни биргаликда нишонлаймиз
19:00 / 17.10.2024
BYD YUAN UP электромобилининг расмий нархи эълон қилинди
09:00 / 17.10.2024