Kun.uz нашрига Тошкент вилоятида хизмат ўтаётган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими томонидан шикоят келиб тушди. Унинг маълум қилишича, сўнгги вақтларда ходимларга жарима ёзиш бўйича мажбурий “план” қўйилмоқда, жарималар ҳисобидан бериладиган устамалар миқдори 10 баробаргача камайган, чораклик мукофот пуллари эса берилмаяпти. Исми сир қолишини сўраган ходим, даъволарининг исботи сифатида Тошкент вилоятида хизмат ўтаётган ЖХХ ЙҲХБ ходимларига Телеграм мессенжери орқали берилган топшириқларни тақдим қилди.

Маълум бўлишича, ходимларга август ойида – қўпол қоидабузарлик, яъни маст ҳолда ёки тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқариш, рухсатсиз олд ойналар тусини ўзгартириш, сиренадан фойдаланиш, рулда телефондан фойдаланиш каби қоидабузарликлар учун кунига 10 тадан баённома ёзиш топширилган.

Телеграм гуруҳда берилган топшириқда хар бир ходимга кунига 20 тадан, уларнинг 10 таси қўпол қоидабузарликларни қайд этиш, шунингдек 2 та автомобилни жарима майдончасига олиб кириш бўйича ҳам топшириқлар берилмоқда.

Бундан ташқари «Тошкент вил ИИББ ЙҲХБ АДХ» профилидан «Отряд командирлари ва ЙХХБ бошликларига!» дея юборилган топшириқда умумий ва қўпол қоидабузарликлар 2023 йилга нисбатан 25 мингтагача камайиб кетганига «раҳбарият эътироз билдиргани» айтилади.

«Шу сабабли ҳар бир ходим иш натижаларини назоратга олиб, асосан қўпол қоидабузарликларни аниқлаш ишлари кучайтирилсин. Ходимлар иш натижаларини ҳар 4 соатда сўровни қилиб туриш талаб этилади.

Иш натижаларини кўтариш бўйича 601 чи ҳам шахсан хар бирингиз билан гаплашди. Олдинда тадбирлар кўплигини инобатга олиб, 5-6 кун давомида иш натижалари кучайтирилсин», дейилади «раҳбарият» топшириғида.

ЙПХ ходимининг таъкидлашича, кун давомида “план”лар бериб, уларни бажаришни қаттиқ назорат қилаётган расмий шахс – Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи 1-ўринбосари Сирожиддин Назирханов бўлади. Телеграм орқали юборилаётган шундай топшириқлар ҳам айнан «С.Н.Назирханов» профилидан узатилаётганини кўриш мумкин.

Фото: Тошкент вилояти ЙҲХБ бошлиғи 1-ўринбосари Сирожиддин Назирханов