Нижегороддаги ЙТҲ қурбонлари жасадларини Ўзбекистонга қайтариш ишлари олиб борилмоқда – Бош консулхона
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, Нижегород областидаги ЙТҲ оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, шундан 7 нафари Ўзбекистон фуқароси, 1 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланмоқда. Шунингдек, вафот этганларни ватанга қайтариш ишлари, жабрланганларга тиббий муолажа кўрсатилиши назоратга олинган.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси жорий йилнинг 1 сентябр куни Нижегород областида М12 «Восток» автомагистралида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида ЙТҲ содир бўлганини тасдиқлади.
Маълум бўлишича, ЙТҲ оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, шундан 7 нафари Ўзбекистон фуқаролари, 1 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси турли тан жароҳатлари билан Нижегород областининг марказий клиник-шифохонаси ва Викса шаҳарчасида жойлашган тиббий муассасасига жойлаштирилган.
«Шу билан бирга, жабрланган фуқароларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида «Санавиация» (тез ёрдам вертолёти) жалб қилинган. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Жабрланган фуқароларимизга тез орада соғайиб кетишини тилаб қоламиз» – дейилади консуллик хабарида.
Ҳозирда қурбонларнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу масала Бош консулхона назоратида бўлиб, Бош консул ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимлари тезкор равишда Нижегород областига борган. Расмийлар маҳаллий масъул ваколатли органлар билан ҳалок бўлганлар шахсига аниқлик киритиш ва уларни қайтариш, жабрланганларга тиббий муолажа кўрсатилишини ўз назоратига олган.
Шунингдек, консулхона мазкур масала бўйича Ўзбекистон Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари билан қуйидаги телефон рақамлар орқали боғланиш мумкинлигини таъкидлади:
- +7-843 526-55-63;
- +7-843 526-55-64;
- +7-843 526-55-65.
- Боғланиш учун Телеграм: @kazan_mfa_uz
2024 йил 1 сентябр куни Нижегород области полицияси ўзбекистонликлар кетаётган микроавтобус ҳалокатга учраганини хабар берди. Маълум бўлишича, 32 ёшли тожикистонлик ҳайдовчи Hyundai микроавтобусининг бошқарувини йўқотган. Шундан сўнг микроавтобус тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетган.
Кейинроқ, ЙТҲда Ўзбекистоннинг 7 нафар фуқароси – 6 эркак ва бир аёл вафот этгани маълум бўлди. Kun.uz ўз манбаларига таяниб, марҳумларнинг шахсига аниқлик киритди.