Маслаҳат учрашувини ўзгартириш таклифи, Париждаги рекорд ва антимонополия концепцияси — ҳафта дайжести
Париж олимпиадасида тарихий натижа: Ўзбекистон 8 та олтин билан илк марта топ-15 таликка кирди. Кўпчилик кутган қонун: кадастр ҳужжати йўқ миллионлаб уйларга мулк ҳуқуқи берилади. Ўзбекистон ва Қозоғистондан интеграция ҳақида баёнотлар: Мирзиёев ID карталарни ўзаро тан олиш, Тўқаев эса умумий мудофаа ҳақида гапирди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеалари – Kun.uz дайжестида.
Ўзбошимча қурилган иморатларга ялпи “амнистия”
Ўзбекистонда кадастри йўқ ёки ҳужжатида камчилиги бор уй-жойлар сони 3 миллион 600 мингдан ошади. 5 август куни президент бундай уй-жойларни қонунийлаштиришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Унга кўра, 8 та гуруҳга кирувчи кўчмас мулклар, хусусан 2018 йил 1 майгача якка тартибдаги уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар ва улардаги бино-иншоотларга кадастр ҳужжати берилади.
Фуқаролар бу имкониятдан фойдаланиш учун ҳозирча ҳеч нарса қилиши шарт эмас. Улар жараённинг боришидан хабардор бўлиб туришлари кифоя. Биринчи босқичда, тегишли давлат идоралари сунъий йўлдошдан олинган суратлар ва бошқа манбалар орқали ҳужжатсиз уй-жойларни рўйхатга олиб, ҳамма маълумотларни электрон тизимга солиши керак. Кейинчалик ижобий хулоса берилган фуқароларга хабарнома юборилади. Ана шу хабарнома асосида тўлов қилган мулкдорларга кадастр ҳужжати расмийлаштириб берилади.
Тўлов миқдори кўчмас мулкнинг жойлашувига қараб базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 5 бараваригача деб белгиланди. Яъни, бу миқдор қишлоқларда 340 минг сўм, энг юқори тўлов белгиланган Тошкент шаҳрида эса 1,7 млн сўмни ташкил этади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга чегирмалар берилади. 3 ойдан кейин кучга кирадиган қонун 2028 йил 1 январгача амал қилади.
Рақобатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди
Рақобат қўмитаси раиси Халиллулло Тўрахўжаев бу лавозимда иш бошлаганидан бир ярим ой ўтиб, давлат раҳбарига рақобатни ривожлантириш концепциясини тақдим этди. У рақобатни чекловчи, индивидуал хусусиятга эга эксклюзив ҳуқуқлар, имтиёзлар, преференция ва енгилликларни бекор қилишни таклиф этмоқда. Бу нуқтайи назарга кўра, давлат ҳеч қайси компанияга эксклюзив имтиёзлар бермаслиги, аввал берганларини бекор қилиши, имтиёзлар берилган тақдирда ҳам, бу ўша соҳадаги ҳамма тадбиркорларга бирдек тааллуқли бўлиши керак.
Бу йўналишда қўмитанинг аввалги таклифларидан бири ҳозирча амалга ошгани йўқ. Монополияга қарши орган 2023 йил 1 октябрдан эътиборан эксклюзив ҳуқуқлар берилган компаниялар реестрини юрита бошлаган. Лекин бу реестр ёпиқ. Рақобат қўмитаси январ ойида Kun.uz'га берган изоҳида реестрни ўз сайтида очиқ эълон қилиш тарафдори экани, бу борада алоҳида ҳужжат тайёрланиб, Президент администрациясига киритилганини маълум қилганди. Лекин бу борада янгилик бўлмади.
Душанба куни тақдим этилган концепцияга асосан, тадбиркорлик субъектларининг бозорларга эркин киришини қийинлаштирувчи норматив-ҳуқуқий моддалар ва ортиқча талаблар бекор қилиниши мумкин. Рухсат берувчи жараёнлар ва лицензиялар ўрнига жавобгарликни мажбурий суғурталашни киритиш, табиий монополия соҳаларида мустақил бозор регуляторларини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, давлат харидларини тўлиқ рақобатли усулларга ўтказиш, рақобатга қарши келишув ва хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар берганларнинг шахсини сир сақлаб, уларни мукофотлаш каби таклифлар ҳам концепциядан ўрин олган. Энергетика, нефт-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темирйўл ва аэропорт хизматлари каби соҳаларда 17 турдаги давлат монополиясини босқичма-босқич тугатиш кўзда тутилмоқда.
Ҳозирда республика миқёсидаги 15 та корхона табиий монополист ҳисобланади. Яна 100 дан ортиқ товар ёки хизмат бозорлари монополлашган деб топилган. Бу рўйхатга охирги бир ой ичида Knauf ва TokBor компаниялари ҳам қўшилди. Уларнинг мос равишда гипсокартон ва электромобилларни қувватлантириш бозорларидаги улуши 40 фоиздан ошиқлиги эътироф этилди. Охирги пайтларда электромобиллар бозори ҳам монополияга айланиши борасидаги хавотирларга Рақобат қўмитаси ҳозирча муносабат билдирмай келмоқда.
Жума куни BYD компанияси Ўзбекистонда e2 моделини расман тақдим этди. Бир қувватлашда 405 км масофани босиб ўтиши кўрсатилган автомобилнинг люкс комплектацияси 236 млн 600 минг сўмга баҳоланган. Бу – дилерлик тармоғидан ташқаридаги нархлардан қарийб 36 млн сўмга юқорилиги айтиляпти. Нархдаги бундай фарқ эвазига харидорларга рус ва ўзбек тилларидаги дастурий таъминот, телефон орқали бошқариш имконияти ва кенгайтирилган кафолат шартлари тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ e2 ва Seagull моделларини маҳаллийлаштириш учун синовдан ўтказиш бошланган эди. Жиззахдаги BYD заводи директори Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган моделлар четдан олиб келинадиганларидан арзон бўлишига ваъда берган, лекин импортга тўсиқ қўймасдан туриб буни амалга ошириш имконсиз. Баҳордан бошлаб кучга кирган янги тартиб ва кетма-кет янграётган электромобилларга бож киритиш таклифлари Ўзбекистонда янги монополия пайдо бўлаётганидан дарак бермоқда.
Шавкат Мирзиёев: “Маслаҳат учрашуви форматини такомиллаштириш вақти келди”
9 август куни Марказий Осиё лидерлари навбатдаги маслаҳат учрашуви учун Остонага йиғилди. Бу сафарги учрашув кўпчиликнинг орзусидаги минтақавий интеграцияга кўпроқ урғу берилгани билан ёдда қолди. Бу борада тарихий масъулиятни зиммасига олиши керак бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг баёнотлари айниқса эътиборли.
Хусусан, Остонада ўтган саммитда Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатларини миллий ID-карталарни ўзаро тан олишга ва эркин савдо ҳудудини шакллантиришга чақирди. Ўзбекистон президенти Марказий Осиё ўзлигини шакллантириш муҳимлигини таъкидлаб, минтақа халқларининг ўзаро бир-бирини тушуниши ва бирдамлигини қандай қилиб мустаҳкамлаш мумкин деган савол атрофида илмий форум ўтказишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев маслаҳат учрашуви форматини такомиллаштириш вақти келганини ҳам айтди. “Минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш ва узоқ муддатли шериклик кун тартибини бойитиш учун Маслаҳат учрашуви форматини янада такомиллаштириш масалаларини биргаликда кўриб чиқиш вақти келди”, – деди президент.
Ўз навбатида, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россиянинг Украинага босқин уюштирганига ишора қилиб, суверенитетга таҳдидлар масаласини кўтарди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон халқаро ҳуқуқ тамойилларига қатъий риоя қилиш, суверенитетни ҳурмат қилиш ва чегаралар яхлитлигига тажовуз қилмаслик зарур, деб ҳисоблайди. Тўқаевнинг айтишича, Марказий Осиё атрофида мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият сақланиб қолаётган ҳозирги шароитда, мудофаа сиёсати бўйича ҳамкорлик қилиш зарурати пайдо бўлган. “Минтақанинг келажаги барча ички ва ташқи чақириқларга биргаликда жавоб излашга боғлиқ”, деди Қозоғистон президенти.
Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақавий интеграцияни кучайтириш тарафдори экани икки томонлама музокараларда ҳам тасдиқланди. Маслаҳат учрашувидан олдин, Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган музокаралар илк марта Олий давлатлараро кенгаш форматида бўлиб ўтди. Томонлар 2024-2034 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастурини қабул қилди. Ҳукуматларга ўзаро савдо ҳажмини 2 баробарга ошириб, 10 млрд долларга етказиш топшириғи берилди. Ташриф давомида президентлар Остонада Алишер Навоий ҳайкалини биргаликда очиб берди; Тўқаев Мирзиёевни Қозоғистоннинг “Олтин Қирон” ордени билан мукофотлади. Ўзбекистон президенти, шунингдек, маслаҳат учрашуви доирасида минтақавий дўстликка қўшган ҳиссаси учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг фахрий нишони билан тақдирланди.
Остонага йиғилган минтақа етакчилари Япония бош вазири Фумио Кишида билан биргаликда “Марказий Осиё – Япония” саммитида ҳам иштирок этиши керак эди. Кишида Қозоғистон ва Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиши ҳам режа қилинганди. Лекин Японияда кучли зилзила ва цунами хавфи эълон қилингани сабаб, мамлакат бош вазири бу ташрифларни бекор қилди. Япон матбуотига кўра, режадаги саммитда Фумио Кишида Марказий Осиё давлатларига Россия ҳудудини четлаб ўтиб Европага чиқиш йўлини очишда ёрдам таклиф қилмоқчи бўлган.
Олимпиадада тарихий ютуқ
Ўзбекистон олимпиадалардаги олтин медаллари сони бўйича ўз рекордини янгилади. Делегациямиз Париждаги ўйинларда 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини жамғарди. Бундан аввалги рекорд 4 та олтин олинган Рио олимпиадасида ўрнатилганди.
Ўтган ҳафта дзюдода Диёра Келдиёрова олтин, Музаффарбек Тўрабоев ва Алишер Юсупов бронза медалига сазовор бўлганди. Олимпиаданинг сўнгги кунларига келиб, яна 7 спортчимиз шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди: таэквондчи Улуғбек Рашитов, эркин курашчи Разамбек Жамалов боксчилар Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Мулложонов, Баҳодир Жалолов ва делегация байроқдори Абдумалик Халоков шарофати билан Парижда Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Бу – Рашитов, Дўсматов ва Жалолов учун олимпиадалардаги иккинчи чемпионлик бўлди. Олтин олган бешала боксчимиз ҳам ўз рақибларини 5:0 ҳисобида мағлуб этгани эътиборга лойиқ. Баҳслардан кейин Баҳодир Жалолов профессионал боксга ўтганини эълон қилди.
Шунингдек, кумуш медал соҳибаси Светлана Осипова Олимпиада совриндори бўлган ўзбекистонлик илк аёл таэквондочига айланди. Яна иккита медални оғир атлетикада кумуш олган Акбар Жўраев ва эркин курашда бронза олган Ғуломжон Абдуллаев умумжамоа ҳисобига қўшиб қўйди.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг олимпиадалардаги кўрсаткичлари сезиларли яхшиланди. 8 та олтин – бундан аввалги рекорддан (Рио олимпиадаси, 4 та олтин, жами 13 та медал) икки баробарга кўп. Умумжамоа ҳисобида мамлакатимиз илк марта топ-15 таликка кириб, 13-ўринни эгаллади. Кучли ўнликка кириш учун яна тўртта олтин керак бўларди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Олий Мажлиснинг энг фаол аъзоларидан бири Дониёр Ғаниев депутатлик фаолиятини якунлади. У бундай қарорини “атрофидаги ўзгаришлар ва реаллик” билан изоҳлаб, депутатлик фаолиятини давом эттириш ўзи учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини таъкидлади. Парламентга 2019 йилда сайланган Ғаниев эндиликда фаолиятини Вазирлар Маҳкамасида инвестиция йўналишида давом эттиради. Депутатликка навбатдаги сайловлар эса 4 октябр куни бўлиб ўтади.
90 минг доллар пора билан ушланган Когон тумани прокурорига ҳукм ўқилди. Самарқанд шаҳар суди уни 15 йилга озодликдан маҳрум қилган. Олий суд хабарига кўра, собиқ прокурор судда айбига иқрорлиги ва пушаймонлигини айтиб, президентдан кечирим сўраган. Иш доирасида, шунингдек, пора олди-бердиси юзасидан яна икки судланувчига 11 ва 12 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланган. Маълумот учун, аввалроқ Асака туман прокурори ўринбосари 8,5 йилга қамалган, лекин у далиллар сохталаштирилганини айтиб, апелляция шикоятини берганди.
Бўстонлиқда профилактика инспектори ўзи ва оила аъзоларини отиб ўлдирди. У 6 август куни тунда хизмат тўппончаси билан аввалига хотини ва 7 ойлик чақалоғига, кейин ўзига ўқ узган. 28 ёшли қотил воқеадан олдин турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб қолгани, уларни ўлдиргач, жавобгарликдан қутулиш учун ўзини ҳам отгани айтилмоқда. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Европага электр энергияси экспорт қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё энергетика вазирларининг биринчи йиғилишида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Каспий денгизи тубидан кабел ўтказиш бўйича Қозоғистон-Ўзбекистон-Озарбойжон учтомонлама лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилса, Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб ортиқча электр энергиясини Европага экспорт қила олади. Ўзбек энергияси Озарбойжондан Грузияга, кейин Қора денгиз туби орқали Руминия, Венгрия ва Болгарияга етказилиши айтилмоқда.
Мавзуга оид
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
20:10 / 14.12.2024
Энергетикларнинг об-ҳаво баҳонаси, электр токи дефицитининг тугаши ва МБда янги раис — ҳафта дайжести
21:00 / 07.12.2024
Парламентдаги сукунат, БААдаги ҳибслар ва Туркманистон билан келишув — ҳафта дайжести
23:15 / 30.11.2024