Ўзбекистон | 22:00 / 06.09.2025
27838
14 дақиқада ўқилади

Кутилмаган ўзгариш ва қамоқдаги ҳоким — ҳафта дайжести

Пискентдаги синовлар кутилмаганда тўхтатилди: давлат автомобил нархларини “мақбуллаштирмоқчи”. АИ-80 бензинининг улгуржи савдоси тугади: унинг ўрнини присадкали 92+ эгаллайди. “Дом” қуриш учун 60 минг доллар: Ўзбекистондаги иккинчи энг катта шаҳар ҳокими пора билан ушланди. Август имтиҳонларидан хулосалар: мактаб битирувчиларининг катта қисми “икки” баҳо олган, қатор вилоятларда аҳвол чатоқ.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Пискентдаги синовлар – бекор

Импорт қилинган автомобилларни Пискентдаги автополигонда синовдан ўтказиш бошланганидан 1 йил ўтмай, кутилмаганда бекор қилинди. 2 сентябр куни Техник тартибга солиш агентлиги синовлар тўхтатилганини эълон қилиб, буни дилерлик марказлари сони кескин кўпайгани билан изоҳлади. Агентликка кўра, хорижий автомобил ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистондаги расмий дилерлари 2024 йилгача атиги 3 та бўлган, ҳозир эса 21 тага етган, шу муносабат билан жисмоний шахслар ўз номига олиб кирган машиналарни қўшимча синовдан ўтказишга гўёки зарурат қолмаган.

Албатта, бу изоҳнинг ёпишмайдиган жойлари кўп. Катта эҳтимол билан, автополигон талаби дилерлар сони ошгани учун эмас, шунчаки юқоридан топшириқ бўлгани учун бекор қилинган. Шу пайтгача бериб келинган баёнотлардан келиб чиқилса, давлат бу лабораторияни қуриш учун миллионлаб доллар ташқи қарз олаётган вақтда: “Дилерлар сони 20 тадан ошса, тўхтатамиз” деган мақсадда бўлмагани аниқ.

Нима бўлганда ҳам, ўз номига автомобил олиб кирадиган жисмоний шахсларнинг харажати бироз бўлса-да камайди: Пискентдаги синов учун 2 млн 116 минг сўм тўлаш керак эди. Энг муҳими, бир неча ой навбат кутиш деган ортиқча бошоғриқ йўқолди. Қолаверса, ўтган вақт давомида автополигонда таниш-билишчилик орқали навбатни айланиб ўтиш ва бошқа коррупциявий ҳолатлар борлиги расман ўз тасдиғини топиб улгурган эди.

Интернетда тарқалган масъул комиссия баёнидан маълум бўлишича, бу амалиётни тўхтатиш топшириғи Президент администрациясидан келган. Ва бу топшириқ фақат синовларни бекор қилишдан иборат эмас. Рақобат қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлигига юклатилган вазифага кўра, 1 ой муддат ичида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, расмий ва норасмий дилерлар сотаётган автомобил нархларидаги тафовутлар таҳлил қилиниб, нархларни мақбуллаштириш ва тартибга солиш бўйича администрацияга таклиф киритилиши керак.

“Нархларни мақбуллаштириш ва тартибга солиш” деганда нима назарда тутилаётгани ҳозирча тушунарсиз. Агар гап: “Утилизация йиғими ва бож тўламайдиган компаниялардаги нархлар қандай қилиб ҳеч қанақа имтиёзи йўқ, доналаб машина олиб кирадиганларга қараганда қимматроқ?” деган савол ҳақида кетаётган бўлса, бу умидбахш топшириқдек кўринади. Амалда бозорни нималар кутаётганини эса, фақат вақт кўрсатади.

АЁҚШларга АИ-80 сотуви тўхтади

Бир неча йилдан бери ортга суриб келинган режалардан бири шу ҳафта амалга ошди: биржада АИ-80 бензини сотуви тўхтатилди. “Ўзбекнефтгаз” хабарига кўра, август ойида тузилган битимлар бўйича шохобчаларга АИ-80 бензини сентябрда ҳам етказиб берилади, лекин янги битимлар тузилмайди. Шу тариқа, яқин ҳафталарда бензиннинг энг арзон тури шохобчаларда қолмаслиги кутиляпти.

АИ-80дан воз кечиш – 2025 йилги давлат дастурида белгиланган вазифа. Бу ёқилғи Евро-4 стандартига жавоб бермайди, замонавий автомобилларнинг двигателига ҳам мос эмас. Шу билан бирга, ундан воз кечиш бензинда юрадиган ҳайдовчилар учун ёқилғи харажатининг ошишини англатади. АИ-80 ва АИ-92 нархлари қарийб 20 фоизга фарқ қилса, АИ-92 ва метан нархидаги фарқ ундан ҳам катта. Демак, газ бўлмайдиган қиш ойларида аксарият ҳайдовчилар бунга тайёр туриши керак.

“Ўзбекнефтгаз” хабарида АИ-80 тўхтатилиши муносабати билан биржада АИ-92 таклифи 70 фоизга оширилгани айтилган. Компания ички бозор талабидан келиб чиқиб, бу ҳажмларни ошириш имконияти борлигини билдирган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик ҳамкорлар билан бирга АИ-92га присадка қўшган ҳолда серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани маълум бўлганди. Бу эса қиммат нархда бензин сотиб олаётган истеъмолчиларни ташвишлантириши табиий. Июл ойида Kun.uz студиясидаги суҳбатда Рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Давлетов 92+ маркаси остида присадкали бензин ишлаб чиқаришга қўмита томонидан эътироз билдирилганини айтганди. “Эътироз билдирганимиз учун ҳозир тўлақонли АИ-92га ўтиш масаласи кўриб чиқиляпти”, деганди истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли орган расмийси.

Охирги пайтларда қурби етган қатлам электромобил олишга қарор қилаётгани – айнан бензин нархи ва сифати билан ҳам боғлиқ бўлса ажаб эмас. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки 8 ойида бензинда юрадиган машиналардан 2,5 баробар кўп электромобил импорт қилинган. Эътиборлиси, охирги 2 ойда электромобиллар импорти кескин ўсган. Январ-июн ойларида жами 14 355 та электромобил олиб кирилган бўлса, июл-август ойларида бундан ҳам кўпроқ: 14 593 та электрокар импорт қилинган. Бирданига бундай кескин ўсишга нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Августдаги имтиҳон натижалари

Мактабни шу йил битириб, олийгоҳга кириш учун имтиҳон топширган ёшларнинг 29 фоизи “иккичи” экани маълум бўлди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги очиқлаган статистикага кўра, август ойидаги тестларда 395 минг нафар жорий йилги битирувчилар қатнашган бўлиб, уларнинг 116 минг нафари, яъни 29 фоизи минимал ўтиш баллини ҳам тўплолмаган. Ўтган йили бу кўрсаткич 36 фоиз бўлганига қараганда, ижобий ўзгариш борга ўхшайди. Шу билан бирга, мактабни эндигина тугатган ёшларнинг чорак қисмидан кўпроғи максимал баллнинг 30 фоизини ҳам йиға олмаслиги – ё таълимнинг, ё тестларнинг сифатини шубҳа остига қўяди.

Битирувчилар тўплаган ўртача балларга қараганда, мактаб таълимининг сифати (ёки ота-оналарнинг фарзанд таълимига эътибори) бўйича республикада Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри етакчилик қиляпти. Бу йилги имтиҳонларда бухоролик битирувчилар ўртача 96 балл, уларнинг навоийлик тенгдошлари ўртача 90 балл, мактабни шу йил тамомлаган тошкентлик йигит-қизлар эса ўртача 87,5 балл тўплаган.

Битирувчиларнинг ўртача кўрсаткичи энг паст ҳудуд – Сурхондарё (74 балл). Ундан кейинги ўринларни бир баллик фарқ билан Тошкент ва Андижон вилоятлари эгаллайди. Республика бўйича 619 нафар мактаб битирувчиси максимал баллни тўплаган, бу – ўтган йилга қараганда 5 баробарга кўп. Умуман олганда, мактабни бу йил тамомлаган ёшларнинг 26 фоизи талаба бўлди.

Наманган шаҳри ҳокими – қамоқда

Аҳоли сони бўйича Ўзбекистоннинг иккинчи энг катта шаҳри – Наманган шаҳар ҳокими порахўрликда айбланиб ҳибсга олинди. ДХХ хабарига кўра, Анвар Отахўжаев ҳокимлик девонхона мудири орқали 60 минг доллар олган вақтида ушланган. У шаҳардаги 35 сотих ерда жойлашган эски уй-жойлар ўрнига кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш ваъдаси билан пора олганликда гумонланяпти. Отахўжаев аввалроқ Намангандаги ноқонуний радарларни олдириб ташлаш талаби билан жамоатчилик эътиборига тушганди.

Бу ҳафта жиноят устида ушлангани хабар қилинган мулозимлар рўйхатида ҳокимдан ташқари терговчи, солиқчи, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги мансабдорлари ҳам бор. Хусусан, Ангрен шаҳрида фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик учун 10 минг доллар сўраб, шундан 5 минг долларини олган ички ишлар терговчиси қўлга олинди. Сурхондарёда Денов тумани солиқ инспектори 6 млн сўм пора олган вақтида ушланди. Фарғонадаги кичик саноат зонаси ходими 15 минг долларга ер сотаётган пайти тўхтатиб қолинди. Зангиота тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси 20 минг доллар, Тошкент вилояти қурилиш бошқармаси юристи эса 15 минг доллар билан қўлга тушди.

Ҳафта давомида, шунингдек, қурилиш соҳасидаги коррупция кўлами ҳақида гапирган тадбиркорнинг сўзлари муҳокамаларга сабаб бўлди. Савдо-саноат палатаси қурилиш соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотда қатнашган тадбиркор Усмонжон Абдусаматовнинг айтишича, қурилиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш учун бериладиган поралар миқдори битта уй учун Тошкент вилоятида 100 минг долларгача, Тошкент шаҳрида 200 минг долларгача етиши мумкин.

“Рухсатномага “заявка” ташлаяпмиз – “отказ”. “Заявка” ташлаяпмиз – “отказ”. Токи ҳалиги манзилига бориб, “ассалому алайкум” бўлмагунча... Тўғри гапни гапиришимиз керак. Бу тўғридан тўғри эртанги харажатимизга таъсир қиляпти. Мисол учун, битта уйни 500 минг долларга кўтараётган бўлсак, кимгадир 50 минг, кимгадир 100 минг, кимгадир 20 минг бўлиб, у ўша жойга миниб қоляпти”, деди у.

Қурувчи асоссиз рад жавобини берганлик учун масъулларни жавобгарликка тортишни сўради. Бунга жавобан Қурилиш вазирлиги ҳужжатларни келишиш электрон шаклда бўлиши, аризачи ва давлат хизматчиси ўртасида ўзаро мулоқотга йўл қўйилмаслигини маълум қилди. Вазирлик коррупцияга дуч келган фуқаролардан бу ҳақда хабар беришни сўрамоқда.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ташқи ишлар вазирлиги Москвада ўзбек муҳожирини ҳақоратлаган рус миллатчисига чора кўришни сўради. Маълум қилинишича, ўзбекларни “русларнинг қули” деб атаган эркакнинг шахсини аниқлаш ва унга нисбатан чора кўриш ҳақида Россия томонига нота юборилган. Расмий баёнотда “бу ҳақда қўшимча маълумот берилади” деган жумла йўқ бўлса-да, юборилган нотанинг натижаси нима бўлгани ҳақида тез орада хабар берилишига умид қилиб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, биз ўтган ҳафта дайжестимизда ўзбекларга қаратилган қўпол ҳақоратни ТИВ жавобсиз қолдирганини танқид остига олган эдик. Вазирликнинг нота юборилгани ҳақидаги баёноти ана шу танқидлардан кейин, воқеа видеоси тарқалганидан 9 кун ўтиб янграгани эътиборга молик.

Тошкентда уй-жой нархларининг арзонлашиши тезлашди. 2025 йилнинг биринчи ярмида ҳам бирламчи, ҳам иккиламчи бозордаги квартиралар нархи Тошкент шаҳрида 14 фоизга, Тошкент вилоятида эса 9 фоизга пасайган. Бу ҳақда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ҳисоботида сўз боради. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида уй-жой нархлари кўтарилишда давом этяпти. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг сўзларига кўра, қурилиш соҳасини соядан чиқариш учун бирламчи бозордан уй олган ватандошларга 5-6 фоиз кешбэк бериш масаласи муҳокама қилиняпти. Ҳозир қурувчилар 90 фоиз янги квартираларни солиқ тўламасдан сотяпти, дейди Даврон Ваҳобов.

Автомобилнинг давлат рақамида сонлар эмас, сўзларни ёзиш имконияти Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлади. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, келаси йилдан эътиборан 6 тагача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат “ноёб” давлат рақамлари аукционда пайдо бўлади. Бу дегани, кўчаларда “SARVAR”, “AZIZA”, “ODIL” yoki “BUXORO” деб ёзилган рақамли машиналарни учратиш мумкин бўлади. Маълумот учун, бундай тартиб дунёнинг бир қатор давлатларида аллақачон жорий этилган бўлиб, у давлат учун бюджетга қўшимча тушум манбайи бўлиб хизмат қилади, қизиқувчан ватандошларда эса “777”га ўхшаш “олтин” рақамларга муқобил, эҳтимол улардан ҳам қиммат янги танлов имконияти пайдо бўлади.

Соядан чиқаришга ҳаракат қилинаётган яна бир соҳа – қишлоқ хўжалиги. Шу мақсадда, президент ҳузуридаги йиғилишда кўплаб турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҚҚСни бекор қилишга қарор қилинди. Бу тартиб 1 январдан кучга киради ва ҚҚСдан озод қилинадиган маҳсулотлар рўйхати ҳар йили эълон қилиб борилади. Рўйхатга мева-сабзавотлар, гўшт, сут, тухум ва бошқа маҳсулотлар киритилади, пахта ва ғалла учун ҚҚС сақланиб қолади. Республика бўйича фермерларнинг қарийб ярми бу янгиликдан бевосита манфаатдор бўлади, деди қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. Иқтисодчи Юлий Юсуповга кўра, мазкур ҳолатда ҚҚС занжирининг узилиши кўзда тутилаётган манфаатни йўққа чиқариши мумкин, чунки фермер тўламаган ҚҚСни кейинги босқичда барибир кимдир тўлайди. Шу сабаб ушбу нол ставкали ҚҚС чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасини ҳам қамраб олиши керак, дейди бошқа бир иқтисодчи Отабек Бакиров.

Газ қуйиш шохобчаларида кузатилаётган кетма-кет фавқулодда ҳолатлардан навбатдагиси Андижонда рўй берди. Жума куни Андижон туманидаги пропан шохобчасида юк машинаси цистернасидан суюлтирилган газни тўкиш вақтида ёнғин келиб чиқди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг дастлабки хабарига қараганда, ёнғин 1 соатдан ортиқроқ давом этган. Жароҳат олганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Эслатиб ўтамиз, охирги пайтларда ёнилғи қуйиш, сақлаш ва ташиш корхоналарида жуда кўп ёнғин ва портлашлар рўй беряпти. Ўтган ойда ФВВ бу борада мурожаат билан чиқиб, шохобчалар масъулларидан хавфсизлик қоидаларига беэътибор бўлмасликка чақирганди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид