Ўзбекистонда АИ-80 бензинини ишлаб чиқариш жорий йилда тўлиқ тўхтатилади. Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатда келтирилишича, “Ўзбекнефтгаз” жорий йил якунига қадар юқори октанли (АИ-92) автобензинни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, сентябрдан АИ-80 русумидаги автобензин ишлаб чиқаришдан тўлиқ воз кечишни режалаштирмоқда. Хўш, “Ўзбекнефтгаз”нинг АИ-80дан воз кечишга оид режалари қандай? АИ-80ни ишлаб чиқариш тўхтатилса, бозорда дефицит юзага келмайдими? Ҳукумат бу ислоҳотни амалга оширишдан олдин нима қилиши керак? Ушбу мақолада Аи-80 атрофидаги энг долзабр саволларни муҳокама қиламиз.

АИ-80дан воз кечиш режаси: яқин ойлардами ёки кейинроқ?

Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқарувчи иккита завод бор - биринчиси, “Ўзбекнефтгаз”га қарашли Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, иккинчиси, “Санег”га қарашли (хусусий) Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи. Сурхондарёда, Чинозда нефтни қайта ишлаш заводлари бор, кичкина партияда бўлса ҳам АИ-80 бензини ишлаб чиқаради. Кичик истисноларни ҳисобга олмаганда Ўзбекистонга ташқаридан 80 бензини кириб келмайди. Ишлаб чиқарувчилар монопол мавқега эга.

Санег ФНҚЗни хусусийлаштираётган пайтда унга заводни модернизация қилиш ва юқори октанли бензин ишлаб чиқаришга оид инвестицион мажбурият юклатилган. БНҚЗ бўйича 2 йил аввал модернизация лойиҳаси эълон қилиниб, «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари 2024 йилда 80 бензинни ишлаб чиқаришни тўхтатиб, шу ҳажмдан кам бўлмаган миқдорда АИ-92 бензини ишлаб чиқаришга ўтамиз, дея ваъда берганди.

2024 йил бошида ҳукумат АИ-80дан воз кечишни 2025 йилги мақсад деб эълон қилган эди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам 2025 йилдан бошлаб бу турдаги бензинни ишлаб чиқаришни тўхтатишини билдирган эди. Аммо 2024 йил октябр ойидаги Президент қарори билан бу мақсад 2028 йилгача кечиктирилди. Расмийлар буни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш учун вақт кераклиги билан изоҳлаганди.

2025 йил якунига қадар аҳолини сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаган ҳолда АИ-80 русумли автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклашга оид режалар эса 2025 йилги давлат дастурига киритилди. Шундай қилиб, жорий йилдан бошлаб жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда АИ-80ни ишлаб чиқариш тўхтатилиши керак.