Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Поликлиникада 4 кишининг ўлими ва банкнинг ўғри мансабдори — маҳаллий дайжест
Урбанизация ва шаҳарсозлик соҳасида бош режа билан ишлашнинг янги тизими жорий қилинади. Андижондаги поликлиникада фожиа юз берди ва 4 киши вафот этди. Фарғонада банк мансабдори банкоматлардан катта миқдорда пул ўғирлади. Ўсимликлар карантини агентлигида миллиардлаб сўмлик коррупцион схема фош этилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Шаҳарсозликда бош режа ва мастер-режа билан ишлашнинг янги тизими жорий қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев урбанизация ва шаҳарсозлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Бош режа ва мастер-режа билан ишлашнинг янги тизими таклиф этилди. Унга кўра, биринчи босқичда бош режа бўйича маълумотлар тўлиқ жамланади ва актуаллаштирилади, иккинчи босқичда рақамлаштириш амалга оширилади, учинчи босқичда мониторинг тизими йўлга қўйилади, тўртинчи босқичда эса комплекс ахборот-таҳлил тизими шакллантирилади.
Шаҳарсозлик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, ноқонуний ва рухсатсиз қурилишлар учун молиявий санкцияларни кучайтириш таклиф қилинди.
Улушли қурилишни молиялаштиришнинг янги тизими – эскроу ҳисобварақлари механизми ҳам муҳокама қилинди. Бунда харидорлар маблағи ваколатли банкдаги махсус ҳисобварақда сақланади, қурилиш ишлари белгиланган шартлар асосида бажарилгандан кейингина қурувчига ўтказилади.
Шаҳарсозлик реновацияси масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Республикадаги 1991 йилгача қурилган 17 мингта уй ўрнига замонавий, энергия тежамкор, инфратузилма билан таъминланган кўп квартирали уйлар қуриш мумкинлиги кўрсатилди.
Андижондаги поликлиникада фожиа: 4 киши вафот этди
Андижон вилояти Марҳамат туманидаги марказий поликлиникада инсон ўлимига сабаб бўлган фожиа юз берди. Kun.uzʼга маълум бўлишича, тозалаш иншооти – чиқинди сувлар тўпланиш сиғими насос агрегаторини тозалаш вақтида 57 ёшли сантехник Н.И. газдан заҳарланган. Уни қутқаришга ҳаракат қилган яна 3 киши – қоровул, электрик ва чиқинди машинаси ҳайдовчиси ҳам заҳарланиб, вафот этган.
ФВВ матбуот хизмати Марҳаматдаги ҳолатда қутқарувчилар 4 жасадни чиқариб олганини тасдиқлади.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ваколатли органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фарғонада банк мансабдори банкоматлардан катта миқдорда пул ўғирлади
Миллий банкнинг Фарғона вилояти бош бошқармаси бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган шахс банкоматлардан 7 та ҳолатда 845 млн сўм ўғирлагани аниқланди. У банкомат сейфини ўзида бўлган калит ёрдамида очиб, ҳимоя ипини кесган ҳамда пулни олгач, ипни суперклей ёрдамида ёпиштириб қўйган.
Шунингдек, у 2019-2024 йиллар давомида 113 нафар мижозга тегишли банк карталарини алмаштириш жараёнида аслида мавжуд бўлмаган 641 млн сўм пул маблағини ҳосил қилган. Сўнгра бу пулларни бошқа пластик карталарга мобил иловалар орқали ўтказиб, банкоматда нақдлаштириб олган.
Суд ҳукми билан Д.И. 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ундан банк фойдасига 1 млрд 486 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Ўсимликлар карантини агентлигида миллиардлаб сўмлик коррупцион схема фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизимида импорт ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ коррупцион схема фош этилди. Тергов давомида миллиардлаб сўмлик шубҳали маблағ айланмалари ҳам аниқланган.
Маълум бўлишича, агентликнинг айрим масъул ходимлари тадбиркорлик субъектларига товарларни импорт қилиш учун расмийлаштириладиган ҳужжатлар бўйича норасмий «ставка»лар белгилаган.
Таҳлиллар давомида агентлик ва унинг қуйи ташкилотлари ҳисобрақамларига тушган 91,7 миллиард сўмлик тўловларнинг 14,9 миллиард сўми 759 нафар фуқаронинг пластик карталари орқали амалга оширилгани, уларнинг бир қисми агентлик ходимлари ва уларнинг яқин қариндошлари экани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора беришга оид моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
19:51 / 10.06.2026
Ўзбекистон — туризм етакчиларидан бири ва одамларни қопган чиябўри — маҳаллий дайжест
21:12 / 09.06.2026
Судларда коррупцияга қарши янги чоралар ва ҳарбий соҳада янги қўмондонлик — маҳаллий дайжест
19:45 / 08.06.2026
Давлатга қайтган нефт заводи ва Тошкент вилоятида тўпланган ҳокимлар — маҳаллий дайжест
20:15 / 05.06.2026