Ўзбекистон | 19:45
1252
5 дақиқада ўқилади

Давлатга қайтган нефт заводи ва Тошкент вилоятида тўпланган ҳокимлар — маҳаллий дайжест

2022 йилда хусусийлаштирилган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚЗ) яна тўлиқ давлат ихтиёрига қайтди. Барча ҳокимлар йирик инвестициявий, саноат ва туризм лойиҳалари билан танишиш ҳамда илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Тошкент вилоятида тўпланди. Сергели машина бозорида «ноқонуний савдогарлар» фотосурати илиб қўйилди. Қашқадарё вилоятида маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди. Сурхондарёда ИИБ ходими вояга етмаган қизнинг номусига тегишда гумон қилинмоқда. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚЗ) яна тўлиқ давлат ихтиёрига қайтди

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга кўра, 8 июн ҳолатига заводнинг 100 фоизлик эгаси сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив) кўрсатилган.

2022 йил май ойида «Саноат энергетика гуруҳи» МЧЖ (Saneg) ФНҚЗ 100 фоиз улушини айрим мажбуриятлар билан 100 млн долларга хусусийлаштириб олганди. Шундан кейин завод 2023 йилда 469,6 млрд сўм, 2024 йилда эса 220 млрд сўм соф фойда кўрди. Хусусийлаштириш битими тузилганидан кейин ҳам йиллар давомида ФНҚЗ 58,5 фоиз назорат пакети Давактив ихтиёрида қолаётганди. Бу келишилган пул давлатга тўлиқ тўланмагани билан изоҳланди.

2025 йилда заводнинг молиявий ҳолати ёмонлашди ва 538,1 млрд сўм миқдоридаги соф зарар билан якунлади. Бу валюта курслари фарқининг таъсири билан изоҳланган эди.

Барча ҳокимлар Тошкент вилоятида тўпланди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари йирик инвестициявий, саноат ва туризм лойиҳалари билан танишиш ҳамда илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Тошкент вилоятида тўпланди.

Меҳмонлар Чорвоқ дарвозаси, Бўстонлиқ туманида жойлашган «Угам Ривер» маркази, «Чимён» туристик мажмуаси ҳудудидаги «Заъфарон» меҳмонхонаси фаолияти билан танишди, шароитлар ва сервис хизматлари даражасини кўздан кечирди. Дастур доирасида «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки фаолияти билан ҳам танишиш режалаштирилган.

Таъкидланишича, мазкур амалиёт ҳудудлар ўртасида тажриба алмашиш, муваффақиятли лойиҳаларни оммалаштириш ҳамда иқтисодий ривожланишнинг самарали моделларини кенг жорий этишга хизмат қилади.

Сергели машина бозорида «ноқонуний савдогарлар» фотосурати илиб қўйилди

Тошкентдаги Сергели автомобил бозори ҳудудида эълонлар тахтасига жами 40 нафар шахснинг фотосурати осилди. Бозор маъмурияти ушбу шахслар ноқонуний савдо билан шуғулланиб келганини таъкидлаган ҳолда, харидор ва сотувчиларни алданиб қолмасликка чақирмоқда.

Май ойининг охирида Сергели автомобил бозорида тезкор тадбир ўтказилиб, воситачилик ва олибсотарлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланган 100 киши аниқлангани ва улардан 30 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ ёки жарима жазоси тайинлангани маълум бўлган эди.

Халқ тилида «сайгаклар» деб аталувчи ушбу шахслар харидор ва сотувчи ўртасида бевосита мулоқотнинг камайишига ва нархнинг сунъий ошишига сабабчи бўлиб келгани таъкидланади.

Қашқадарёда газ қуйиш шохобчаси портлади

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди.

ФВВ матбуот хизмати Қарши тумани «Чаман» МФЙ ҳудудидаги маиший газбаллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлаш оқибатлари ҳақида расмий маълумот берди.

Унга кўра, ҳодиса оқибатида 4 та автомобил ҳамда 2 та ер остидаги ёқилғи сақлаш резервуари ёниб зарарланган. 6 киши ҳалок бўлиб, яна 5 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Ҳодиса юзасидан Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси ташкил этилди.

Сурхондарёда ИИБ ходими вояга етмаган қизнинг номусига тегишда гумон қилинмоқда

Денов туманида вояга етмаганлар масалалари бўйича собиқ инспектор-психолог вояга етмаган қизнинг номусига тегишда гумон қилинмоқда.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг бир неча моддалари — 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш; зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш; ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби моддалари бўйича иш очилган. Ҳужжатлар судга юборилган.

Аввалроқ, Андижон вилоятида вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш инспектори 15 ёшли қиз билан жинсий алоқада бўлишда гумон қилинаётгани хабар берилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид