Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вашингтонда ноёб саммит ва дорихоналарда арзончилик ваъдаси — ҳафта дайжести
Марказий Осиё президентлари илк марта Оқ уйда тўпланди: Трампни минтақамизга қизиқтираётган асосий нарса нима? Ижтимоий суғурта бўйича янги тизим: ишчи-ходимлар учун бу нима беради? Фармацевтика раҳбаридан катта ваъда: дори-дармонлар 2 ой ичида 2 баробарга арзонлашиши айтиляпти. Гўшт нархини жиловлаш чоралари: аҳолига уйдаги молини ўтлатиши учун яйловлар қилиб берилади.
Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.
Ўзгача С5+1 саммити: бунақаси аввал бўлмаган
Марказий Осиё президентлари 6 ноябр куни тарихда илк марта Оқ уйда жам бўлишди. АҚШ президенти Доналд Трамп МО–АҚШ давлат раҳбарларининг иккинчи саммитига мезбонлик қилди. Давлат раҳбарлари аввалига Овал кабинетда икки томонлама учрашувлар ўтказди, шундан кейин кечки таомга бир стол атрофига тўпланди.
Ёдингизда бўлса, бундай форматдаги биринчи саммит икки йил олдин Ню Йоркда, БМТ сессияси кунлари бўлиб ўтганди. Ўшандан бери, ўртадаги мулоқот мазмуни анча ўзгарган: Трамп бошқарувидаги АҚШ инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳақида гапирмай қўйган, Американинг ташқи дунёдаги кўплаб сиёсий-гуманитар дастурлари ёпилган, прагматик иқтисодий манфаатлар ва табиий ресурслар масаласи кун тартибидаги бош мавзуга айланган.
Оқ уйдаги кечки йиғиннинг дастлабки 40 дақиқаси журналистлар иштирокида кечди. Унда мезбон Трамп минтақамизнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, у ердан келган лидерлар “катта ҳурматга сазовор” одамлар экани, улар билан “ўйин қилиб бўлмаслиги”ни айтди.
“Афсуски, АҚШнинг аввалги президентлари бу минтақани мутлақо эътиборга олишмаган. Ваҳоланки, Марказий Осиё – нафақат стратегик муҳим, балки жудаям бой ҳудуд. Биз бу хатони тўғрилаймиз. Мен Американинг бу мамлакатлар билан ҳамкорлигини ҳар доимгидан-да мустаҳкам қилмоқчиман”, – деди Оқ уй раҳбари.
Трамп Марказий Осиёни “жуда бой” деб таърифлаганда, минтақанинг ерости бойликларини назарда тутяпти. Хабарингиз бор, ҳозир Хитойга қарши савдо уруши олиб бораётган АҚШнинг энг заиф томонларидан бири – ноёб металлар билан боғлиқ. Бугун дунё бозорига қайта ишланган нодир маъданларнинг салкам 90 фоизини Хитой етказиб беради. Бу монопол мавқе савдо уруши вақтида Пекиннинг асосий қуролига айланган: нодир маъданлар экспортини чеклаш ҳақидаги таҳдидлар Ғарбнинг кўплаб саноат тармоқлари, ҳатто қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган компанияларни ҳам хавотирга тушириб қўйган. Вашингтон бу борада Пекинга қарамликдан қутулиш учун кўз тикаётган минтақалардан бири эса – Марказий Осиё.

Саммит доирасида имзоланган иккита битимга асосан, Ўзбекистон ва АҚШ волфрам, молибден, графит, уран ва мис қазиб олиш ҳамда чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтирадиган бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон АҚШ учун бу маҳсулотларнинг ишончли таъминотчиси бўлишга тайёр. Расмий Тошкент муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликни тизимли ва институционал даражага олиб чиқиш учун махсус қўмита тузишни ҳам таклиф қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, C5+1 форматидаги мулоқотнинг доимий асосда ишловчи котибиятини ташкил этиш ва президентларнинг кейинги саммитини 2026 йилда Самарқандда ўтказишга чақирди. “Ўзбекистонда сизни тинчлик президенти дейишади. Сиз кўп нарса қилдингиз, 8 та урушни тўхтата олдингиз. Аминманки, Россия ва Украина ўртасидаги урушни ҳам фақат сиз тўхтата оласиз”, – деди Мирзиёев.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги янги битимлар қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект ва авиация соҳаларини ҳам қамраб олади. Жумладан, Uzbekistan Airways компанияси Boeing Dreamliner самолётларига берган буюртмасини 14 тадан 22 тагача оширди. John Deere компаниясидан 300 млн долларлик қишлоқ хўжалиги техникалари, хусусан 150 млн долларлик пахта териш машиналари сотиб олишга келишилди. Насос станцияларини янгилаш ва сув тежайдиган технологияларни жорий этиш, АҚШдан соя дуккаклари, шрот ва пахта импорт қилиш бўйича ҳам шартномалар тузилди. Сертификатга эга америка пахтасидан фойдаланиш ўзбек тўқимачилик саноатининг жаҳон бозоридаги нуфузини оширадиган стратегик қадам экани айтилмоқда.
Бундан ташқари, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун қайта кўриб чиқилиб, Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay'ни ишга туширишга шароит яратилиши кутиляпти. Саммит арафасида 1 январдан эътиборан АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этишга қарор қилингани ҳам дунёга очилиш ва ўзаро борди-келдини қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадам бўлади.
Хусусий сектордаги аёлларга нафақаларни тўлиқ давлат тўлай бошлайди
Ўзбекистонда келаси йилдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими амал қила бошлайди. Президент фармонига кўра, 1 январдан эътиборан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари, 1 июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси проактив шаклда тўланади. Яъни бу нафақаларни олиш ҳуқуқи юзага келган шахсларга давлат автоматик тарзда нафақа тайинлайди ва тўлаб беради.
Асосийси, санаб ўтилган нафақаларни хусусий секторда ишлаётган ходимларга давлат томонидан тўлаш қайта йўлга қўйилади. Нафақа миқдори ходимнинг иш стажи ва тўлаган солиқларига боғлиқ бўлади, бу эса ходимларда расмий тарзда ишлашга рағбатни ошириши кутиляпти. Чунки агар ходим норасмий ишласа ёки ойлигининг бир қисмини “конвертда” олса, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари ёки халқ тилида “болничний” дейиладиган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини давлатдан ёки умуман ололмайди, ёки камроқ миқдорда олади.
Шу билан бирга, расмий тарзда ишламайдиган ёки даромад солиғидан озод этилган тоифалар ҳам ушбу нафақаларни олиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун улар ҳар ой энг кам иш ҳақининг 5 фоизини ижтимоий суғурта бадали сифатида тўлаб боришлари керак бўлади. 5 фоизлик миқдор ҳозирда 64 минг сўмга тенг.
Кейинчалик, меҳнат ҳуқуқидаги яна бир нафақа янги тизимга қўшилиши белгиланган: 2030 йил 1 январдан бошлаб, фуқаролар мурожаати асосида ишдан бўшатиш нафақаси ҳам ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан тўланади. Жамғарманинг тўлов механизмлари шаффоф бўлиши: суғурта стажи ва бадаллари асосидаги ҳисоб-китоблар очиқ тарзда амалга оширилиши кўзда тутилган.
Дори-дармон нархларини тушириш режа қилинмоқда
Душанба куни президент ҳузурида тақдимот қилган Фармацевтика агентлиги катта ваъда билан чиқди. Агентлик директори Абдулла Азизовнинг айтишича, йил охиригача дориларнинг референт нархларини ҳисоблаш тартиби ўзгаради. Янги тартиб 2,5 мингдан ортиқ дорини икки баробарга арзонлаштириши айтиляпти.
“Рецептли дори воситаларининг нархини чуқур ўрганганимизда, шуни билдикки, 65 фоиз импорт қилинаётган дори воситалари қўшни давлатларда мавжуд эмас ва уларнинг нархида сунъий ўсишлар кузатиляпти. 2025 йил охиригача барча референт нархлар қайта кўриб чиқилади, бунда 2500 дан ортиқ препаратларда ўртача нарх 40-60 фоизга тушиши кутилади”, – деди Азизов.
Маълумот учун, Ўзбекистонда рецепт асосида сотиладиган дори воситаларининг энг юқори нархлари чеклаб қўйилган. Қонунчиликка кўра, улгуржи сотувчилар ўртадаги воситачилар сонидан қатъи назар дори устига 15 фоизгача устама қўйиши мумкин, чакана сотувчилар эса 20 фоизгача. Мисол учун, Ўзбекистонга кириб келиши 100 минг сўм бўлган дори воситасининг дорихонадаги максимал нархи 138 минг сўмдан ошиши мумкин эмас. Бу чеклов рецептсиз бериладиган дорилар учун амал қилмайди. Рецептли дориларнинг чекланган нархлари ҳар ҳафта икки марта янгиланиб, эълон қилиб борилади. Шунга қарамай, кўплаб ҳолатларда бу нархларга риоя қилинмайди.
Гўшт импортида монополияга йўл қўйилмайди
Нархи аҳолини энг кўп безовта қилаётган яна бир маҳсулот – гўшт. 1 ноябр куни қабул қилинган президент қарори билан, гўшт, сут ва ёғ нархларини барқарорлаштириш чоралари белгиланди.
Қарорга кўра, 1 январдан бошлаб йирик шохли қорамол импортида ҚҚСни 6 ойгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Импорт қилинган наслдор моллар учун субсидия ажратиш муддати 5 йилга узайтирилади. Тегишли идораларга гўшт ва қорамол импорти учун ветеринария ҳужжатларини олишни осонлаштириш ва бу маҳсулотлар импортида монополия юзага келмаслигини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, озуқабоп экинлар етиштириш билан шуғулланадиган фермерларга имтиёзли кредитлар ажратилиб, улар ўрнатган сув насосларининг электр энергияси харажатларининг ярмини давлат қоплаб беради. Чорвачилик хўжаликлари озуқабоп экинларни етиштириш учун аукционда ер сотиб олганда, тўловни 5 йил муддатда бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Бундан ташқари, аҳоли ўз хонадонида боқаётган молларини ўтлатиши учун шароит яратиш масаласи ҳам бор. Унга кўра, Осиё тараққиёт банкининг 60 млн доллар кредити эвазига, уй шароитида боқиладиган молларни озиқлантириш учун жамоат яйловлари ташкил этилади. Бунинг учун ялангликларга уруғ сепишда дронлардан фойдаланилади. Республика бўйича чорвачиликка ихтисослашган 200 та маҳалла рўйхати тузилиб, уларга ветеринарлар жалб қилиниши ҳам кўзда тутилган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Ички ишлар тизимидаги кетма-кет қонунбузарликлар фонида, иккита истеъфо рўй берди. Президент қарори билан, ички ишлар вазири ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев лавозимидан озод этилди. ИИВ Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсунов ҳам ишдан кетди. Бу истеъфолар сабаби юзасидан расмий изоҳ берилмади, аммо сўнгги вақтларда тизим доимий равишда танқидлар нишонига айланиб қолганди. Kun.uz'нинг сўнгги суриштирувларига кўра, Ўзбекистонда авж олаётган XCM номли янги молиявий пирамида тарғиботида ўнлаб, эҳтимол юзлаб ички ишлар ходимлари иштирок этмоқда. Фарғонадаги яна бир ҳолатда эса, икки аёл ўртасидаги ижара низоси ички ишлар ходимларининг аралашуви билан шов-шувли тус олди.
Бойсундаги М25 конида яна портлаш рўй берди. Аҳоли вакилларига кўра, конда ёқиб қўйилган оловли фавворалардан бири портлашдан кейин ўчиб қолган ва токи қайта ёқилгунча ҳаммаёқни яна водород сулфиднинг бадбўй ҳиди тутиб кетган. Расмийлар ўчиб қолган олов қайта ёқиб қўйилгани, конни жиловлаш ишлари давом этаётганини маълум қилди. “Вазият барқарор ва мутахассислар назорати остида турибди”, дейилади Энергетика вазирлиги ахборотида. Вазирлик бу ҳолатнинг 3 ноябрга ўтар кечаси рўй берган зилзилага алоқаси йўқлигини айтмоқда.
Андижон вилоятида туман ҳокими ўринбосари 15 минг доллар билан ушланди. Қизиғи, Ички ишлар вазирлигининг бу ҳақдаги хабарида қайси туман ҳақида гап кетаётгани очиқланмаган. Маълум қилинишича, ҳоким ўринбосари ер ажратиб бериш эвазига шунча пул сўраган ва пулларни олаётган вақтда қўлга тушган. Бундан ташқари, ДХХ ўтказган тезкор тадбирларда солиқ ва энергетика мансабдорларининг порахўрлигига чек қўйилди: Тошкент вилояти солиқ бошқармаси катта инспектори 5 минг доллар, “Ҳудудгазтаъминот”нинг Жиззах филиали етакчи мутахассиси эса 6 минг доллар олган пайтда ушланган.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
19:21 / 30.03.2026
Тадқиқот: Марказий Осиё дарёлари музликларга боғлиқ ҳолда ўзгариш босқичида
10:00 / 29.03.2026
Лихачёв айтган триллионлар ва бюджет гарданидаги футбол — ҳафта дайжести
21:49 / 25.03.2026
“Оқсил билан стоматитнинг фарқига боришмаяпти” – водийда қорамоллар касалланиши ҳақида
17:30 / 25.03.2026