Ўзбекистонда дори воситаларининг чекланган энг юқори нархлари ўрнатилган. Аммо, Kun.uz олиб борган ўрганишларда айрим препаратларнинг нархи Тошкент шаҳридаги дорихоналарда референт нархлардан сезиларли баландлиги маълум бўлди.
ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мунтазам равишда маҳаллий ва хорижий дори воситларининг чекланган нархлари тўғрисидаги маълумотларни янгилаб боради. Нархлар марказнинг Telegram'даги расмий каналига жойланади. Бундан кўпроқ чакана савдо билан шуғулланадиган дорихоналарнинг ўзи хабардор бўлиб туради, аҳолининг аксарият қисми эса бундай рўйхат борлигини ҳам билмаса керак.
Шунинг учун ҳам дори воситаларини қиммат сотиш ҳолатлари учраб туради. Масалан, Болгариядан импорт қилинадиган “Алмагел” дори воситасини олайлик. Бу рўйхатда унинг нархи 34 363 сўм кўрсатилган. Аммо, ушбу дори битта дорихона мисолида қаралса, нархи 75 минг сўм.
Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган “Микан” препаратининг чекланган баҳоси – 24 840 сўм, лекин пойтахтда жойлашган бир нечта дорихоналарда 35 мингдан кам эмас.
Дориларни излаш, уларнинг нархи билан танишишда кўпчиликка “Арзон аптека”, “Осон аптека” каби сервислар (веб-сайт, мобил илова ва Telegram-бот шаклида) қўл келмоқда. Биз ушбу материалда мисол сифатида келтириб ўтаётган дориларнинг Тошкент дорихоналаридаги нархлари ҳақида ушбу иловалар орқали маълумот олдик, шунингдек, дорихоналарга қўнғироқ қилган ҳолда, бу маълумотлар тўғрилигига ишонч ҳосил қилдик. Масалан, ҳақиқатдан ҳам, “Микан” дори воситаси 37 900 сўмдан сотилаётган экан.
Юқоридаги оддий усул билан, яна кўплаб дори воситаларининг чекланган нархи ва амалдаги нархини аниқлаш ва таққослаш мумкин.
Яна айрим мисолларни келтирсак. “Бромгексин Берлин Хеми” таблеткасининг асл нархи 17 560 сўмгача, лекин худди шу таблетка бир дорихонада 24 минг сўм. Бундан ташқари, Португалияда ишлаб чиқариладиган “Називин” препарати учун 30 минг сўмгача нарх белгиланишига қарамай, у салкам 45 мингдан сотиляпти. Шунингдек, “Авамис” препаратнинг чегарланган нархи 139 минг сўм, бироқ бир нечта дорихоналарда мазкур дори 215 мингдан 235 минггача сотувга қўйилган.
Болгариянинг “Табекс” таблеткасининг Ўзбекистондаги нархи 256 803 сўмдан ошмаслиги керак, аммо Тошкент шаҳрининг бир нечта дорихоналарида унинг баҳоси 401 минг сўм. Грузиядан импорт қилинадиган “Супралгон” дори воситасининг белгиланган нархи салкам 24 минг сўмни ташкил этади, аммо у 32 500 сўмгача етади. Эътиборли томони, Туркиянинг “Мулти-табс беби” препарати Ўзбекистонда 60 минггача нархда сотилиши керак, бироқ икки дорихонада унинг нархи 248 ва 350 минг сўмдан.















