Муҳокамадаги ибн Сино, 20 йилга кесилган Ёввойи Арман ва газетадаги президент суратлари
Якунига етаётган ҳафтада Тожикистон маданият вазирининг CNN телеканали материалида ибн Синонинг ўзбек дейилганига ғазабланиши муҳокама бўлди. Қозоғистонда криминал авторитет Ёввойи Арман қамалган бўлса, Қирғизистон қонунчилари серҳашам тўй қилганларни жазоламоқчи. Туркманистонда эса президент ва унинг оиласи суратлари бор газеталарни бўлар-бўлмас ишларга ишлатмаслик белгиланди.
Тожикистон маданият вазири CNN’дан норози
Тожикистон маданият вазири Матлубахон Сатториён Абу Али ибн Синонинг тожик эканига даъво қилиб, CNN эълон қилган материалдан жаҳли чиқди. Вазирга кўра, бу ҳақиқатни бузиб кўрсатиш. CNN материалига дипломатик, лекин қатъий муносабат билдириш лозим, дейди вазир. Тарихий манбаларни эътиборсиз қолдириб, тожик халқининг илм-фан ва адабиёт даҳоларини ҳамда адабий меросимизни бошқа миллатга ўзлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу, афсуски, кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти, дея қўшимча қилади Тожикистон ҳукумати аъзоси.
У тожик олимлари ва зиёлиларини “миллий маданият ва адабиёт ўғриларига” рад этиб бўлмас далилларга таяниб, муносиб жавоб қайтаришга чақирди. Бу нафақат тожик халқи, балки бутун жаҳон форс адабиёти тарихи ва маданиятини таҳқирлашдир. Ишончим комилки, бунга форс маданий-адабий доирасига мансуб мамлакатлар олимлари ва тарихчилари, албатта, муносабат билдирадилар, деди Матлубахон Сатториён. Вазир Ўзбекистондан эмас, балки ушбу телеканалда жаҳли чиққанини юмшоқ қилиб айтиб ўтган. Бу қўшни давлат расмий баёноти эмас, шунчаки тарихий фактларга асосланмаган телеканал материалидир, дейди у.
CNN ибн Сино ҳақида материал тайёрлаб, уни ўзбек дея таништирган. Материалда ўрта аср мутафаккир олими Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китоби, яхши уйқу ва зулукнинг фойдалари ҳақида ёзиб қолдирган фикрлари тўғрисида сўз борган. Тожикистон вазирининг гап-сўзларига Ўзбекистон расмий ҳукумати бирор нима дегани йўқ. Чунки икки давлат бугун алоқаларининг энг яхши даврида яшамоқда, ортиқча гап ортиқча.
Лекин Ўзбекистон шаънига айтилган гапларга жавоб қайтаришда фаол бўлганлар буни жавобсиз қолдирмади. Масалан, «Юксалиш» раиси Бобур Бекмуродов фикрича, ибн Сино мероси бутун минтақа ва дунёга тегишли. Баҳслар эмас, ҳамкорлик муҳим, дейди депутат. Шу нарсани эслатиб ўтиш керакки, ибн Сино яшаган XI асрда на Ўзбекистон, на Тожикистон номи бўлмаган. Олим Ғазнавийлар давлати бошқарувида бўлган Мовароуннаҳрда яшаган.
Туркманистонда президент ва оиласи расмлари бор газеталар эъзозда
Туркманистонда президент сурати туширилган газеталарни бемақсад ишлатиш тақиқланди. Энди қўшни давлат фуқаролари бундай газеталарни ҳожатхона қоғози сифатида ишлатолмайди. Маълум бўлишича, ҳукумат давлат нашрлари устидан назоратни кучайтиришга қарор қилган. Бу ҳақида бир нечта хорижий нашрлар хабар берди.
Қайд қилинишича, давлат ходимлари ва талабалар мамлакат президенти Сердар Бердимуҳаммедов ва унинг оила аъзолари сурати туширилган «газета саҳифаларини сақлаб қолиш» ҳақидаги мажбуриятни имзолаган.
Мансабдор шахслардан «расмли газета ва журналлар саҳифаларини сақлаб қолиш» талаб қилинган. Тақиқни бузганлик, масалан, газеталарни ўрама сифатида ишлатиш, олов ёқиш ёки ҳожатхона қоғози сифатида фойдаланиш оқибатида фуқаролар ишдан бўшатиб юборилиши мумкин. Давлат хизматчилари ва талабалар ҳар йили давлат газета ва журналларига обуна бўлишга ҳам мажбурланади.
Эслатиб ўтамиз, «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотига кўра, Туркманистон матбуот эркинлиги рейтингида доимий равишда охирги ўринларда туради. 2024 йилда мамлакат 180 мамлакат ичида 175-ўринни эгаллади.
Ёввойи Арман 20 йилга кесилди
Қозоғистонлик криминал авторитет, Ёввойи Арман лақаби билан танилган Арман Жумагелдиев Олмаота судининг ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У январ воқеалари ташкилотчилигида ҳамда жиноий гуруҳ тузишда айбланмоқда. Унга ҳомийлик қилган Қозоғистон МХҚ собиқ ходими эса 15,5 йилга қамалди.
Суд хужжатларига таяниб, маҳаллий ОАВ тарқатган хабарга кўра, Миллий хавфсизлик қўмитаси ходими Руслан Искақов кўп йиллар давомида Арман Жумагелдиевнинг уюшган жиноий гуруҳини ҳимоя қилиб келган. Ҳатто у билан рақобатлашадиган гуруҳларни йўқ қилган. Собиқ МХҚ ходими Арман Жумагелдиевнинг «психологик жиҳатдан барқарор қўрқмас спортчилар»дан уюшган жиноий гуруҳ тузишга кўндирган.
Жумагелдиев 2017 йилдан бошлаб Туркиядан туриб гуруҳни бошқариб келган ҳамда январ воқеаларидан 1 ой олдин, 2021 йил декабрда Қозоғистонга қайтиб келган.
Судда айтилишича, 7 январга келиб тартибсизликлар уюштириш режаси барбод бўлганини билгач, Арманнинг гуруҳи симуляцияга ўтади. Яъни оммавий тартибсизликларда қатнашган аҳолини қўлга олиб, «жазолаган». Бу топшириқларни унга Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Руслан Искақов бериб келган.
Олмаота суди 2022 йил январ воқеалари бўйича «Ёввойи Арман» номи билан танилган Арман Жумагелдиевга нисбатан 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш бўйича ҳукм чиқарди.
27 январ куни бўлиб ўтган суд жараёнига жамоатчилик ва матбуотга кириш имкони берилмаган ҳамда ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. ОАВ вакилларига суд залини онлайн кузатишга рухсат берилди.
«Ёввойи Арман» ва унга алоқадор шахслар 2024 йилнинг феврал ойида Олмаота ва Чимкент шаҳарларида қўлга олинган эди. Қозоғистон ҳукумати Жумагелдиевни январ ойидаги намойишлар етакчиларидан бири деб атаган.
Жапаров Тожикистон билан чегара масаласини 2 йилда тўлиқ ёпади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров қўшни Тожикистон билан чегара масаласи яқин 1-2 йил ичида ҳал бўлишини айтди.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, чегара масаласи деярли ҳал бўлган. Ҳозирда ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича икки томонлама ишлар олиб борилмоқда.
“Бу ишлар якунлангач, ҳукуматлараро комиссиялар, кейин эса ташқи ишлар вазирлари имзо қўяди. Сўнг келишув икки мамлакат парламентлари томонидан ратификация қилинади. Шундан сўнг ҳужжатни биз, икки мамлакат президентлари имзолаймиз. Кейин ноталар алмашинуви бўлиб ўтади. 1-2 йил демаркация ишлари олиб борилади. Шундан кейингина жараён тўлиқ якунланади. Энг муҳими, икки томонлама келишувга эришдик”, деди Қирғизистон президенти.
Жапаров чегара низоларини ҳал қилишда фақат бир томон манфаатлари инобатга олинмаслигини айтди.
“Қарор фақат иккала томон манфаатлари ҳисобга олинган тақдирдагина қабул қилинади. Чегараларимиз узунлиги минг километрга яқин. Кўпгина участкаларда баҳсли ҳудудлар мавжуд эди. Баъзи ҳолларда бу майдонлар тенг тақсимланган. Бундан ташқари, бизда шахмат тахтасидек жойлашган, аралаш уйлардан иборат чегарадош қишлоқлар бор. Бу масалани ҳам ҳал этдик. Акс ҳолда чегарани қўриқлаш ҳар икки томон учун катта ноқулайликлар келтириб чиқарган бўларди.
Агар бизнинг томонимизда Тожикистон фуқароларига тегишли уйлар бўлса, Тожикистон томони уларни кўчиради. Агар уйларимиз уларнинг томонида бўлса, фуқароларимизни кўчирамиз. Уларга бошқа жойда уйлар қуриб берамиз, бунда ер майдонларининг ўлчамлари инобатга олинади. Шундай қилиб, масалалар ҳар бир метр ерни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилинган. Демаркация ишлари бошланганидан сўнг тўлиқ маълумот тақдим этилади”, деди сиёсатчи.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги умумий чегарани белгилаш бўйича музокаралар 2002 йилда бошланган. 2022 йилгача улар мунтазам бўлмаган ва узоқ танаффуслар билан ўтказилган. Ўша пайтда чегаранинг 972 километр умумий узунлигидан томонлар атиги 50 фоиздан сал кўпроғини аниқлай олганди.
Қирғизистонда серҳашам тўйчилар жазоланиши мумкин
Қирғизистонда тўй ва дафн маросимларида ортиқча харажат қилганлар 100 минг сомдан 300 минг сомгача (яъни салкам 15 миллион сўмдан 45 миллион сўмгача) жаримага тортилиши мумкин. Жогорку Кенеш қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Гап “Анъаналар, маросимлар ва тантаналарни ўтказишда исрофгарчиликни чеклаш тўғрисида”ги ва “Қоидабузарликлар тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари ҳақида кетмоқда. Депутатлар Замирбек Мамасодиқов, Шаирбек Ташиев қонун лойиҳалари ташаббускорлари ҳисобланади.
Қонунчилар лойиҳанинг мақсади анъаналар, маросимлар ва тантаналарни ўтказишда ортиқча сарф-харажатларни чеклаш эканини айтмоқда.
Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга янги модда киритиш таклиф этиляпти. Унда оилавий тантаналар ва урф-одатларни ўтказишда ижтимоий манфаатларни таъминлаш қоидаларини бузиш ҳақида сўз боради. Тантанани ташкил қилган одам ҳам, уни ўтказишга рози бўлган ресторан ёки умумий овқатланиш муассасаси эгаси ҳам жаримага тортилади. Дафн ва хотирлаш маросимларини ташкил этиш ҳамда ўтказишда исрофгарчиликка йўл қўйганлар ҳам жаримадан четда қолмайди.
Туркманистон ташқи ишлар вазири Тошкентга келиб кетди
Якунига етаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари кўришиб, музокара ўтказди ҳамда икки муҳим ҳужжатни имзолади. Мулоқот 27 январ куни Тошкентда бўлиб ўтган, имзоланган ҳужжатлар эса 2025—2026 йилларга мўлжалланган қўшма ҳамкорлик дастури, шунингдек, шартномавий-ҳуқуқий базани инвентаризация қилиш ва такомиллаштириш тўғрисида протокол.
Бундан ташқари, халқаро ташкилотларда бир-бирларининг номзодларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида ноталар алмашди. Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов шу куни Шавкат Мирзиёев қабулида ҳам бўлди.
Имзоланган икки ҳужжат нимага хизмат қилиши хусусида эса ташқи ишлар вазирлиги аниқ изоҳни тақдим этмаган.
Тожик мактабларида ўқитувчи етишмаяпти
Тожикистон таълим тизими ўқитувчиларга муҳтож, яна 4 минг педагог керак. Ҳозирданоқ мактабларда 300 га яқин ўқитувчига эҳтиёж бор. Давлат таълим тизимига умуман 4301 нафар ўқитувчи керак, дейди Тожикистон таълим ва фан вазири Раҳим Саидзода 31 январ кунги матбуот анжуманида.
Айниқса, республикага бўйсунувчи шаҳар ва туманлардаги мактабларда ўқитувчиларнинг етишмовчилиги яққол сезилмоқда. Пойтахт Душанбеда кадрлар тақчиллиги йўқ. Аммо республикага бўйсунувчи шаҳар ва туманларда 184 нафар, Хатлон вилоятида 65 нафар, Сўғд вилоятида икки нафар ўқитувчи етишмаяпти, дейди Саидзода.
Asia Plus Tajikistan’нинг ёзишича, вазир айтган кадрлар тақсимоти ҳозир етишмаётган 281 ўрин билан мос эмас. У айтган сонлар қўшилганда, жами 251 нафар ўқитувчи етмаётгани кўринади, лекин вазир 281 нафар ўқитувчи демоқда, тушунарсиз, деб ёзади нашр.
2024 йил ёзги матбуот анжуманида вазир, шунингдек, таълим соҳасига 4301 нафар педагог кадр керак, бу 2023 йилга нисбатан 46 кишига кам эканини таъкидлаган. Унинг қўшимча қилишича, ўтган йилнинг биринчи ярмида, яъни 2023-2024 ўқув йили тугаганидан кейин 2670 нафар ўқитувчи етишмаслиги маълум бўлган.
Кейин Таълим вазирлиги «тақчиллик» ва ўқитувчиларга «эҳтиёж» ўртасидаги фарқни тушунтирди. Камчилик маълум фанлар бўйича ўқитувчиларнинг етишмаслигини англатади, эҳтиёж эса ўқитувчиларнинг нафақага чиқиши ёки туғуруқ таътилига чиқиши билан боғлиқ, аммо уларнинг дарслари вақтинча бошқа ўқитувчилар томонидан ўқитилади.
Ўтган йили феврал ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Раҳим Саидзода 2024 йил бошига келиб, Тожикистон мактабларида 300 га яқин ўқитувчи етишмаётганини айтган эди.
Вазирнинг маълум қилишича, 1957 нафар тўртинчи ва бешинчи курс талабалари кадрлар тақчиллигини бартараф этиш мақсадида мактабларга ишга қабул қилинган.
Афғонистон янада камбағаллашади
Президент Доналд Трампнинг халқаро ёрдамларни тўхтатиш қарори – гуманитар қўлловга муҳтож давлатларнинг тақдирини савол остида қолдирди. Хусусан, БМТ орқали АҚШнинг Афғонистонга бераётган ёрдами ҳам сўроқ остида. Тоlo news гаплашган экспертларнинг айтишича, давлат қолоқлик ва қашшоқликнинг янги, оғирроқ босқичи остонасида.
UNICEF Афғонистонда озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси жиддийлашиб бораётганидан огоҳлантирди. Иқтисодчи экспертлар мамлакатда қашшоқликни камайтириш учун ҳам қисқа муддатли, ҳам узоқ муддатли режалар зарурлигини таъкидламоқда. 2024 йилда Афғонистон аҳолисининг 32 фоизи ҳамон шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож экани аниқланган.
Мамлакатда қашшоқлик ва ишсизлик ортиб борар экан, Кобул аҳолиси оилаларини боқиш учун ишга жойлашиши кераклигини айтади. Айни пайтда муваққат Афғонистон Иқтисодиёт вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қашшоқликни камайтириш бўйича фундаментал режалари борлигини айтади, лекин қандай режа экани номаълум.
АҚШ сенатори Шеллй Мур БМТ орқали Вашингтоннинг афғонларга ёрдамини чекловчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, БМТнинг Афғонистонга нақд пул кўринишидаги ёрдамлари ичида АҚШ маблағлари йўқлигини исботловчи ҳужжат берилмагунича АҚШнинг ташкилот орқали бошқа ёрдамлари ҳам тўхташи керак. Глобал террористик ташкилотлар ана шу маблағларни ўзлаштириб келади, дейди сенатор. «Толибон» вакили, муваққат ҳукуматнинг Иқтисодиёт вазирлиги Америка пулларисиз ҳам яшай олишини айтади. Вазир ўринбосари Абдул Латиф Назарий фикрича, бу қонун лойиҳаси Афғонистон тараққиётини тўхтата олмайди. Аслида бундай ёрдамларни сиёсийлаштирмаслик керак.
Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.
Тавсия этамиз
Божларни музлатган Трамп, урушдан силласи қуриган Судан – ҳафта дайжести
Жаҳон | 12:50 / 13.04.2025
Сирли эшиклар ва яширин йўлаклар: Тошкент метроси хавфсиз бошпана бўла оладими?
Ўзбекистон | 10:00 / 12.04.2025
Leapmotor автомобилларининг Ўзбекистонга импорти чеклангани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон | 15:52 / 11.04.2025
“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 13:00 / 10.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Судан: RSF муқобил ҳукумат ташкил этилишини эълон қилди
Жаҳон | 14:05
-
Финтех ва транспорт: ATTO бозор иштирокчиларини "Рақамлилаштириш ва жамоат транспортини ривожлантириш истиқболлари" соҳа конференциясида бирлаштиради
Ўзбекистон | 14:00
-
WSJ: Маслаҳатчилар Трампни Россияга ёндашувни кучайтиришга чақирмоқда
Жаҳон | 13:50
-
Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарада эркин савдо зоналари ташкил этишни режалаштирмоқда
Ўзбекистон | 13:40
Мавзуга оид

10:20 / 13.04.2025
Олди олинган тўнтариш, қайта текшириладиган ГЭС ва қимматлаган гўшт - Марказий Осиё ҳафта ичида

16:01 / 30.03.2025
Қоидабузарларга тезкор имтиҳон, 100 фоиз овоз олган Имомали ва даладаги туркманлар – Марказий Осиё ҳафта ичида

11:05 / 23.03.2025
Амалдорлар қамоқхонада, тожиклар ҳам АЭС қуради, Қозоғистонга Россия дрони қулади – Марказий Осиё ҳафта ичида

11:43 / 16.03.2025