Ўзбекистон | 21:05 / 29.03.2024
16740
2 дақиқада ўқилади

Президент жамоат тартибини сақлаш бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтиришни буюрди 

Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбарияти олдига аҳоли гавжум бўладиган жойларда содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўриш вазифасини қўйди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 29 март куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч тузилмалари раҳбарлари иштирокида жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. 

Йиғилишда ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбариятининг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси йирик объектларида, шу жумладан савдо-кўнгилочар мажмуалар, боғлар, бозорлар ва бошқа фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ишларининг ташкил этилиши тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди. 

Жамоат хавфсизлигига янги таҳдид ва хатарлар тобора ортиб бораётган бугунги шароитда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари ва тадбиркорлик субъектларининг бу борада тўлақонли ҳамкорлик қилишини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга топшириқ берди. 

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбарияти олдига жамоат тартибини сақлаш бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш, аҳоли гавжум бўладиган жойларда содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўриш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид