Ўзбекистон | 10:15 / 10.06.2024
31353
3 дақиқада ўқилади

“Кимдан рухсат сўраб ўримни бошладингиз?” – Қашқадарёда ИИБ ходими фермернинг фаолиятига қаршилик қилди

Кўкдала туманида ғалла ўримини бошлаган фермер қаршиликка учради: далага борган ИИБ ходими, сектор раҳбари муовини ва бошқалар унинг фаолиятига аралашиб, ўримни тўхтатиб қўйишган ҳамда комбайнни ноқонуний тарзда даладан олиб кетишган. Бу қонунчиликка зид.     

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида ИИБ ходими фермернинг фаолиятига қаршилик қилиб, ғалла ўримини тўхтатиб қўйди. У фермер хўжалик раҳбарини ўримни ҳеч кимдан рухсат сўрамасдан бошлаганликда айблаган.

ИИБ ходими ва фермер ўртасидаги суҳбат қуйидагича кечган:

—  Сизга битта савол бераман, видеога олинг мени. Фермер хўжалигингизнинг номи нима?

—  “Бобохатип”.

— 20 гектар шартнома қилганмисиз давлат билан?

— Албатта. Кластер билан.

— Хўп, сиз ўримни кимдан рухсат олиб бошладингиз?

— Кимдан рухсат сўрашим керак?

— Кластердан рухсат олдингизми?

— Кластер менга раҳбар эмас.

— Сектор раҳбаридан ёки қишлоқ хўжалиги бўйича ҳоким ўринбосаридан, қишлоқ хўжалиги бошқармасидан рухсат олдингизми? Ёки ички ишлар бўлимига хабар бердингизми? Ҳозир бу ерда бирор кор-ҳол бўлса ёки ўт чиқиб кетса ким жавоб беради?

— Мен жавоб бераман-да.

— Сиз нега жавоб берасиз? Ёнғин хавфсизлигига жавобгар шахс эмассиз-ку!

— Бўлмаса 20 нафар одамни чақиришим керак экан-да бу ерга мен?! “Скорий помош” ҳам чақирайлик, биров комбайндан тушиб кетиши мумкин. Нечта одам келиши керак?

— Гапни эшитинг, профилактика инспектори келади, комбайнга бир кишини, ташишга, талон-торожликнинг олдини олишга бир кишини бириктиради, тушуняпсизми? 

— Ўзим экиб, ўзимни ўзим талон-торож қиламанми мен?

— Сиз ҳосилни олиб кетяпсиз, олдингиздан бир-иккитаси чиқиб, буғдойга тирмашса ёки бошқа бир нарса бўлса, нима бўлади? 

— Ўша пайтда “02”га телефон қиламиз-да.

— Йўқ, кеч бўлади.

Воқеа жойида сектор раҳбари муовини, туман ЙҲХБ бошлиғи ва бошқа масъуллар бўлган. Улар ўримга қаршилик қилиб, комбайнни ноқонуний тарзда даладан олиб кетишган.

Шартномани 120 фоиз қилиб бажаришни режалаштириб турган фермер эса бу ҳолатдан норози.

 Маълумот учун, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига кўра, фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди. Давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотларнинг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ва фуқароларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фермер хўжалигига етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши белгиланган.

Мавзуга оид