30 март куни Ўзбекистон тумани Ўқчи маҳалласида яшовчи 28 ёшли Санжар Эсоналиев муддатли тўловга Onix машинаси олиш учун Инфинбанк Қўқон филиалига боради. Кредит бўлимининг унга бегона ходими ҳужжатларни расмийлаштириб, тушлик пайти қўлида 5700 доллар пули бор йигитни ўзи билан аллақаерга олиб кетади.
Улар банкдан соат 12:10 атрофида, суғурта ҳужжатларини тайёрлаш учун банк ходими А.Т.нинг Tracker машинасига ўтириб чиқиб кетишган. Шундан кейин ходим мижозининг бўйнига пичоқ санчиб ўлдирган ва жасадни машинада қолдириб, тушлик вақти тугаганда ҳеч нарса бўлмагандек ишига қайтиб келган. Иш вақти тугагач, машинасидаги қурбонини Катта Фарғона каналига ташлаб юборган.
Каналдаги қидирув ишлари бир неча кун давом этгач, 4 апрел куни жасад топилди.
Kun.uz мухбири Санжар Эсоналиевнинг яқинларидан тафсилотларни суриштирди.
“3 яшар ўғли дадам янги машина олиб келади, деб кутиб ўтирибди...”
Марҳум Санжар Эсоналиевнинг отаси Баҳодир Шокиров:
— Ўғлим Санжарбек 30 март куни яхши ниятда Инфинбанкдан муддатли тўловга Onix машинаси оламан деб, уйдан чиқиб кетган эди. Эрталаб борган болам тушликда йўқолди, телефони ўчди. Шу билан дараги йўқ. Топилавермагач, кузатув камераларини кўрсатишларини талаб қилдик. Унда банк ходими уни қора Tracker машинасига ўтиргизиб кетганини кўрдик.


Кредит бўлими мутахассиси аввал суғурта қилиб келинг, деган экан. Ўғлим банкдан ташқарига чиққанида ходим орқасидан чиқиб машинага ўтиргизиб, қаёққадир олиб кетган. Банкка амакисининг ўғли билан Damas'да боришган эди. Амакиваччаси соат 17:00 гача автотураргоҳда кутиб ўтираверган. Ўғлим қайтиб келмаган.
Ўғлимнинг ёнида 5 700 доллар пули бор эди. У тўлов қилишга улгурмаган ҳам. Энди банк ходими “менга пичоқ билан ташланди, ўзимни ҳимоя қилиш учун ўлдирдим” деяётган эмиш. Ўғлим ҳечам бировга қўл кўтарадиган йигит эмасди.













