«Куни кеча юртимизга ташриф буюрган Озарбойжон президенти Илҳом Алиев бошчилигидаги олий мартабали меҳмонларимизни ва уларнинг оила аъзоларини катта эҳтиром билан кутиб олдик.

Мамлакатларимиз ўзгача биродарлик ришталари билан боғланган. Бу илиқлик нафақат расмий алоқаларда, балки халқларимизнинг бир-бирига чексиз меҳр-оқибатида доим сезилиб туради. Тарихимиз, маданиятимиз ва анъаналаримиздаги муштараклик бугун инфратузилмадан то инвестицияларгача — кўплаб соҳалардаги янги қўшма лойиҳалар кўринишида янада бойимоқда.

Ушбу ташриф кўп қиррали алоқаларимиз тарихида яна бир муҳим саҳифани очди. Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди ва назаримда, ушбу ҳужжатнинг номиёқ бугун Ўзбекистон ҳамда Озарбойжонни боғлаб турган ришталарнинг туб моҳиятини аниқ ифодалайди.

Озарбойжонлик дўстларимизни Ўзбекистонда кўришдан ҳар доим хурсандмиз. Ҳамиша бағрини очиб сизни қарши оладиган диёримизга хуш келибсиз, азиз қардошлар!», деб ёзди Саида Мирзиёева.














