Ҳокимликка кўра, бугун кўплаб ижтимоий муассасалар, айрим давлат ташкилотлари, корхона ва ташкилотларда иш куни соат 8:00 да бошланади. Шу вақтдан шаҳарда фаол ҳаёт бошланиб, аҳоли давлат ва шаҳар хизматларига мурожаат қилади. Шу сабабли ҳокимлик ва унга қарашли хизматларнинг ҳам фуқароларга шу вақтдан бошлаб хизмат кўрсатишга тайёр бўлиши «мақсадга мувофиқ».

Таъкидланишича, иш жадвалларини уйғунлаштириш бир нечта идора иштирокини талаб қиладиган масалаларни тезроқ мувофиқлаштириш имконини ҳам беради.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази таҳлилларига кўра, иш бошланиш вақтларини тақсимлаш эрталабки тирбандлик пайтида йўл тармоғига тушадиган юкламани камайтиришга ёрдам беради. Янги график жорий этилса, тушлик вақти ҳам шунга мос равишда ташкил этилиб, кун давомида транспорт оқими ва умумий овқатланиш объектларига тушадиган юклама бир маромда тақсимланиши мумкин.

Якуний қарор қабул қилишдан олдин Тошкент аҳолисининг фикри ўрганилмоқда. Агар сўровнома натижаларига кўра таклиф аҳоли томонидан қўллаб-қувватланса, ҳокимлик уни белгиланган тартибда касаба уюшмалари ташкилотлари билан келишиш учун киритади.

Сўровнома натижалари 28 август куни сарҳисоб қилинади.