Ўтган ҳафта Франция президенти Эммануэл Макроннинг Тошкентга ташрифи вақтида расмий Тошкент ва Париж ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олди. Бу борадаги тегишли ҳужжат ҳали имзоланмади.

Хўш, Ўзбекистон яна қайси давлатлар билан ҳамкорликни алоҳида сиёсий даражага олиб чиққан?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатда анча фаоллашди. Давлат раҳбари, ҳукумат аъзолари ва ташқи ишлар вазири даражасида ўнлаб хорижий ташрифлар амалга оширилди, ташқи сиёсатда янги иттифоқчи, шерик ва ҳамкорлар кўпаймоқда.

Халқаро муносабатларда икки давлат ўртасида бир-бирини мавжудлигини/мустақиллигини эътироф этиш ёки дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши – де-факто расмиятчилик. Муносабатларнинг ривожланиш динамикаси давлатлар ҳудудида дипломатик ваколатхоналар (элчихона, консуллик) очилиши, сиёсий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик, шунингдек ўзаро савдонинг ўсиши билан белгиланади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунёдаги 144 та давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Уларнинг охиргиси шу йил июнда Тринидад ва Тобаго бўлганди. Маълумот учун, БМТга аъзо суверен давлатлар сони 193 тани ташкил этади.

Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатларда 59 та дипломатик ва консуллик муассасаси бор. Ўзбекистонда эса 46 та хорижий давлатнинг элчихонаси (энг охиргиси – шу йил очилган Қатар элчихонаси), 3 та бош консуллик муассасаси ва ўндан ортиқ халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари бор.

Давлатлар ўртасида савдо ва бошқа алоқаларнинг ўсиши ҳамда одатда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси натижасида дипломатик муносабатлар кейинги босқич – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражаларига кўтарилиши мумкин.

Kun.uz сўровига мувофиқ Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳозирги кунга қадар иккита давлат билан иттифоқчилик, шу иттифоқчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 14 та давлат билан стратегик шерикчилик тўғрисида шартномалар имзолаган.