Курск ва Суми областлари чегарасидаги жанглар аста-секин тин олмоқда. Катта эҳтимол билан, икки армия ҳам аллақачон қишда Суджа учун жангларда қатнашган бўлинмаларини бошқа йўналишларга ўтказиш билан машғул. Донбасс марказий қисмида Россия кучлари қайта гуруҳланиш жараёнини якунлаган ва баҳор-ёз кампаниясидаги илк йирик юришини бошлаган. РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучлари мудофаасини Торецк шаҳри шимолида ёриб ўтган ва бир зарба билан Константиновкага қадар масофанинг ярмини босиб ўтишга муваффақ бўлган. Катта эҳтимол билан, Донбасс шимолидаги Словянск-Краматорск агломерациясини жанубдаги ҳужумлардан тўсиб турган ушбу шаҳар Россия юришининг асосий мақсадларидан бири бўлади.
Курск области чегараси
Россия қўшини бир неча ҳафта давом этган жанглардан кейин Суджа жанубидаги Гуево қишлоғини Украина қуролли кучларидан қайтариб олди. Энди улар чегарагача Псел дарёси бўйлаб беш километр масофани босиб ўтиши қолган. Лекин буни уддалаш осон эмас: Суджа ҳарбидаги ҳудудлардан фарқли ўлароқ (Украина қуролли кучлари бу ерда асосий таъминот линияси — Суджа — Суми йўлидан фойдалана олмай қолган) — Гуево атрофида украинлар барқарор логистика тизимига эга. РФ қуролли кучларига ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш мураккаблиги — Псел бўйидаги ботқоқликлар ва ўрмонзорлар ҳам халал беради. Украина ҳарбийларининг бу йўналишдаги кейинги позицияси Гуеводан уч километр масофадаги Горналск монастирда жойлашган.
Гуеводан ғарбда РФ қуролли кучлари Украина чегарасига, «Суджа» назорат-ўтказиш пунктига етиб борган, аммо ҳозирча бу участкада Суми области ҳудудига киришга уринмаяпти.
Россияликларнинг Суми областидаги плацдарми янада ғарброқда ташкил этилган. РФ қуролли кучлари Басовка қишлоғини ўз назоратига олган. Аммо россияликлар ҳозирча Украина қуролли кучларининг Суджа — Суми йўли бўйидаги Юнаковка қишлоғида жойлашган йирик логистик марказига етиб бора олмайди.
Россиянинг бошқа бир гуруҳи Гуеводан 20 километр шарқда, Белгород области ҳудудига март ойида чегара орқали кириб келган украин кучларини суриб ташлашга уринмоқда. Сўнгги ҳафталар давомида РФ қуролли кучлари Демидовка қишлоғининг катта қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлган.
Чегара ҳудудларда ҳозирда давом этаётган жангларда икки томондан ҳам март ойи бошида Суджа атрофидаги ҳал қилувчи жангларда қатнашган бўлинмалардан фақат бир нечтаси қолган. Россия томонда — Курск областида 2024 йил августидан буён бўлган ҳаво-десант кучлари ва денгиз пиёдалари қўшилмалари таркибидан алоҳида бўлинмалар. Хусусан, Басовкага юришда 76-десант-штурм дивизиясининг учта десант-штурм полкларидан фақат биттаси қатнашмоқда. Украина қуролли кучлари эса Суджа ташлаб чиқилганидан кейин жанг майдонидан бригадалар тўлиқ ҳолда олинган; улар айни вақтда қаердалиги номаълум. Катта эҳтимол билан, РФ қуролли кучлари ва Украина қуролли кучларидаги бўлинмаларнинг асосий қисми захирага ўтказилган ва кейинроқ бошқа йўналишларда жангларга ташланади.


















