Йиғилишда кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, қурилиш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Аввало, 2025 йилда Андижон вилоятида камида 6 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 105 триллион сўмдан ошириш, 305 минг аҳолини банд қилиб, 150 минг одамни камбағалликдан чиқариш имконияти кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Андижонда дастгоҳсозлик саноати яхши шаклланган. Лекин икки йилда вилоятга четдан 1 миллиард долларлик асбоб-ускуналар импорт қилинган. Агар уларни ўзимизда тайёрлаш ўзлаштирилса, иқтисодиётга қўшимча тушум, одамларга иш ўрни бўлади. Бундай ташаббускорларни қўллаб, сертификат ва зарур буюмлар олишига кўмаклашиш керак.

Шунингдек, машинасозлик-конструкторлик ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилади. Саноат тармоқларида талаб юқори бўлган импорт ускуналарнинг техник кўрсаткичлари ўрганилиб, маҳаллий корхоналарга муқобиллари таклиф қилинади. Бундай ускуналарни маҳаллийлаштириш истагидаги тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади.

Вилоятдаги 13 минг гектар адирга сув чиқариб, бемалол экин экиш мумкин. Лекин у ерларга сув чиқаришда насос ишлатиш учун электрни нархи деҳқонларга оғирлик қилади. Шу боис қуёш панели ўрнатиш учун молиявий инструментлар қўлланади. Қўрғонтепада 300 гектар адирликда саноат усулида интенсив боғ ва узумзор барпо этилиб, тадбиркорларга тайёр ҳолда таклиф қилинади.

Бошқа ҳудудлардаги самарасиз иссиқхоналар Андижонга кўчирилиб, аҳолига лизингга берилади. Маҳаллаларга арзон уруғ ва минерал ўғит етказилади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Балиқчи ва Олтинкўлда 5 гектардан иссиқхона ташкил этиб, 100 та эҳтиёжманд оилани даромадли қилган. Энди бу Улуғнор, Пахтаобод, Хўжаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳам йўлга қўйилади. Бундай замонавий иссиқхоналарни намунавий ташкил қилган маҳалла раисларига 100 фоиз устама берилади.

Вилоятдаги сунъий сув ҳавзаларининг атиги 23 фоизида интенсив усулда балиқ етиштириляпти холос. Осиё тараққиёт банкидан 15 миллион доллар жалб этиб, 320 гектарда интенсив усулда балиқ етиштириш, 500 та хонадон билан кооперация қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мутасаддиларга бу лойиҳани назоратга олиш, умуман, республикада балиқчиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Андижонда туризм салоҳияти ҳам юқори. Хонободдаги Кампировот, Булоқбошидаги Ширмонбулоқ, Хўжаободдаги Тош ота маҳаллаларида туризм масканлари ташкил қилиб, сайёҳларни кўпайтириш имконияти бор. Бу йил соҳада 125 миллион долларлик 25 та лойиҳани якунлаш, 3,5 миллион хорижий ва маҳаллий сайёҳ жалб қилиб, туризм экспортини 200 миллион долардан ошириш вазифаси қўйилди.