АЭС қурилиши борасида Ўзбекистон жамоатчилиги ва қўшниларимиз фикри ўрганилади – Абдулазиз Комилов
Бугунги кунда Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси бир қанча йўналишларда синчиклаб ўрганилмоқда. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов рус нашрларига берган интервьюсида маълум қилди.
Комилов АЭС қурилиши фақат иқтисодий лойиҳа эканини, ҳеч қачон сиёсатга алоқаси бўлмаслигини таъкидлади.
«Ушбу лойиҳа ҳар қандай сиёсатдан ташқари ва фақат иқтисодий характер касб этади. Шу сабабли лойиҳани аниқ иқтисодий режаси, мақсадга мувофиқлиги тасдиқланиши керак. Бу айниқса, Ўзбекистонда альтернатив энергия манбалари ривожланаётган вақтда муҳим.
Масалан, бизнинг давлатимиз қуёш ва шамол энергияси, гидроэнергетика ва бошқаларни ривожлантириш бўйича тўғридан тўғри инвестициялар пакети таклифларига эга», деган вазир.
Шунингдек, Комилов МАГАТE нормаларига мувофиқ хавфсизлик масалаларини унутмасликни ва жамоатчилик фикри ҳисобга олинишини билдирди.
«Бундай юқори технологик ва йирик лойиҳа жамоатчилик назаридан четда қолмаслиги ва шаффоф бўлиши керак. Шу сабабли, биз бу борада нафақат Ўзбекистон жамоатчилигининг фикрларини, балки давлатимиз билан умумий чегараларга эга бўлган қўшни мамлакатлар аҳолиси фикрини ҳам ўрганамиз.
Шу тариқа, биз бу масалани ўрганишда давом этамиз. Бу борада ишлар албатта кетяпти. Лекин, буларнинг ҳаммаси қўйилган саволларнинг жавобларига боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, бу лойиҳа амалга ошириладими ёки йўқми, ҳал қилувчи қарор қабул қилинади», деди Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари.
Ўзбекистон ва Россия атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни 2017 йил декабрида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланганидан кейин бошлаган эди.
Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («ЎзАтом» агентлиги) ташкил этилди.
2018 йилнинг 7 сентябрь куни ўша вақтда Россия бош вазири Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Россия лойиҳаси бўйича Ўзбекистонда атом электр станциясини қуришда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолади.
Лойиҳа ССЭР-1200 русумдаги реакторларга эга иккита энергоблок қурилишини ўз ичига олади. Ўзбекистон президентининг 2018 йил 13 октябрдаги 3969-сон қарори асосида имзоланган битим кучга кирган.
2018 йили Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида икки давлат президентлари Ўзбекистондаги илк АЭС қурилишига старт берганди.
Ўзбекистондаги АЭСнинг биринчи энергоблоки 2028 йил охирига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.
Ҳозирча АЭС қаерда қурилиши аниқ эмас. Дастлаб Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл атрофи АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдон сифатида кўрилаётгани айтилган бўлса, кейинчалик иншоот Жиззах вилоятида барпо этилиши хабар қилинганди.
AЭС барпо этилгач Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиянинг умумий қуввати 2,4 гигаваттгача етиши мумкин.
Қурилиши 11 млрд долларга баҳоланган илк АЭСни барпо этиш ишлари 2020 йилда бошланиши айтилган бўлса-да, айни пайтда бу иш кечикмоқда. Маълумотларга кўра, томонлар шартнома шартларини келишишда тил топиша олмаяпти.
2020 йилнинг декабрида Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденев АЭС қурилиши бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги шартнома деярли тайёр ҳолатга келтирилгани, фақат техник жиҳатлари қолганини айтган, бироқ «ЎзАтом» элчининг гапларини рад этиб, ҳали келишувга эришилмагани, шартномани муҳокама қилишда Ўзбекистон миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда музокара позициялари ишлаб чиқилгани ва ҳимоя қилиб келинаётганини маълум қилганди.
Кейинроқ, Марказий Осиёда Ўзбекистон томонидан биринчи маротаба барпо этилиши кутилаётган атом электр станцияси қурилишига қўшни қозоғистонликлар қарши чиқаётгани хабар қилинди. Улар Қозоғистон чегарасидан 50 км узоқликда қурилиши назарда тутилган атом энергетикасига оид лойиҳа қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қилиниши кераклигини айтган.
Мавзуга оид
11:40 / 19.10.2024
Японияда биринчи марта 50 йилдан ортиқ ишлаётган АЭС реактори фаолиятига рухсат берилди
20:20 / 16.10.2024
АЭС дирекцияси раҳбари: Ишлатилган ядро ёқилғиси Россияга олиб кетилади
15:00 / 14.10.2024
Франция радиоактив чиқиндиларни қозон ва вилкаларга айлантиришни режалаштирмоқда
20:57 / 08.10.2024