Пойтахт ҳокимлигининг ёзишича, шаҳар ҳокими ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ талабалар ётоқхонасига бориб, вазиятни ўрганган.

Аниқланишича, Талабалар шаҳарчасида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган мазкур талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмаган. Объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, фойдаланиш учун зарур рухсатлар олинмаган.

Шунингдек, иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳали уланмаган, ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳам объект амалдаги талабларга жавоб бермаган. Шу сабабли талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар мазкур объектдан чиқарилиб, университетнинг мавжуд талабалар турар жойлари ҳамда ижара хонадонларига тўлиқ жойлаштирилган.

Хабарда айтилишича, мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан 3 кун муддатда тўлиқ қайтариб берилади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтдаги Техника университетининг 300 нафар талабаси ётоқхона учун пул тўлаган бўлса-да, бир кечада бинодан чиқариб юборилган, талабалар бу талабни ҳуқуқ идоралари ва университет маъмурияти қўйганини маълум қилганди.