Учтепа туманидаги қурилиш майдонида 10 дан ортиқ дарахт ғойиб бўлди. “Котлаван” қазилаётганда тупроқ ўпирилиб, дарахтлар қўпорилиб тушган ва ҳеч ким хабардор этилмай, сирли равишда олиб кетилган. Кўп қаватли уй қурилаётган майдон аввал автотураргоҳ бўлган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига кўра, ушбу қурилишга рухсат берилмаган.
Учтепа туманида 10 дан ортиқ дарахт йўқ қилинди. Туманнинг Боғобод маҳалласидаги ҳудуд қурилиш қилиш мақсадида ўраб олинган. Таҳририятга келиб тушган видеога кўра, 2024 йилнинг охирларида ҳудудда қатор дарахтлар бўлган. Аммо 2025 йилга келиб, ўраб олинган майдондаги дарахтларнинг аксарияти ғойиб бўлган. Kun.uz фуқароларнинг мурожаатига асосан воқеа жойида бўлди.
Маҳаллада яшовчи айрим фуқароларнинг айтишича, дарахтлар қурилиш бошланмасидан олдин кесиб кетилган ва ундан кўпчиликнинг хабари бўлмаган. Маҳаллада истиқомат қилаётган аёлнинг маълум қилишича, йўқ қилинган дарахтлар 20-25 йиллик бўлган. Ҳозирда йўл торайган, юк машиналари ҳаракатланганда фуқароларнинг ўтиб-қайтишига ноқулайлик туғдиради ҳамда атмосферага чанг кўтарилади.
“Мен шу маҳаллада 2000 йилдан бери яшайман. Бу ҳудуд аввал автотураргоҳ бўлган. Қанча одамнинг машиналари турарди. Қурилишга аҳоли дод деяпти. Тинчлик йўқ, ҳозир йўлларнинг аҳволини кўрдингиз. Ҳеч ким аҳоли розилигини сўрагани йўқ. Бу ерда дарахтлар бор эди, ҳозир йўқ қилинди. Автотураргоҳ бўлиб, ҳеч кимга халақит бергани йўқ эди”, дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Ойниса Абдуалиева.
Учтепа туман Экология бўлими инспектори Миржамол Йўлдошев Kun.uz’га ҳолат юзасидан изоҳ берди.
“Учтепа тумани 15-мавзе 7-а уй ёнидаги бир неча туп дарахт йўқ бўлиб қолганлиги бўйича жойига чиқиб ўргандик. Ҳолат 4 феврал куни бўлган. Ўрганишга кўра, “котлаван” қазиш вақтида тупроқ ўпирилиб тушган ва 6 туп заранг дарахти ҳам қўпорилиб кетган. Биз ҳудудга келганимизда, дарахтларнинг йўқ эканлиги маълум бўлди. Ҳуқуқбузар маъмурий жавобгарликка тортилган”, дейди Миржамол Йўлдошев.
Kun.uz’даги видеода кўринишича, дарахтлар йўқ қилинишидан олдин атрофи девор билан ўраб олинган бўлган. Миржамол Йўлдошев эса дарахтлар девордан ташқарида бўлганлигини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, қўпорилиб тушган заранг дарахтлари жуда тез кўздан ғойиб бўлганлиги боис уларни қаерга, ким олиб кетгани номаълум. Шу сабабли табиатга етказилган зарар миқдорини аниқ ҳисоблашнинг имкони бўлмаган. Ҳуқуқбузарга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, яъни 9 млн 375 минг сўм жарима тайинланган.













