Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
Фарғона шаҳри марказидаги пропан қуйиш шохобчаси портлаб, 4 кишини ҳаётдан олиб кетди. Метан ва бензинга навбат кутмаслик учун электромобил олганлар зарядлаш станциясига навбатда туришга мажбур бўлмоқда. Чорвоқ халқаро даражадаги замонавий туристик марказга айланади: Эмин Агаларов 10 млрд долларлик лойиҳани тақдим этди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Пропан шохобчасидаги портлаш
“Шаҳар ичидаги бомба”. Фарғонада портлаган бензин ва пропан шохобчасини жабрланувчилар шундай таърифлаяпти. Аввалига АЁҚШ сифатида ташкил этилган, бир неча ой олдин фаолиятини кенгайтириб, автомобилларга пропан ҳам қуя бошлаган шохобча қурилишига одамлар аввалдан қарши бўлган. Қўшёқилғили шохобча, аҳоли уйлари ва болалар боғчасининг қандай қилиб бир-бирига бунчалик яқин жойлашиб қолгани юзасидан 4 кундан буён изоҳлар бўлмади.
Расмийларга кўра, шохобчада контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ ташқарига сизиб чиқиши оқибатида портлаш рўй берган. 1 киши воқеа жойида, яна 3 киши шифохонада ҳалок бўлган, бир неча киши жароҳатланган. Қурбонларнинг на жинси, на ёши очиқланмади; тармоқларда улардан икки нафари болалар, яна бири уларнинг онаси экани айтилмоқда.
Ҳолат бўйича меҳнат муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш моддалари билан жиноят иши очилиб, 5 киши қамоққа олинган. Нечта уй, нечта автомобилга зарарга етгани, умуман жиноятнинг моддий оқибатлари қанчага баҳолангани маълум эмас. Ҳодисадан кейин вилоят бўйлаб барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларини текшириш ишлари бошланди, шохобчаларнинг ишчи-ходимлари хавфсизлик қоидалари бўйича ўқитиладиган бўлди.
Фожиа юзасидан экопартия депутати Жавлон Абдуллаев Саноат хавфсизлиги қўмитасига сўров юбориб, кўпчиликни қизиқтираётган саволларга аниқлик киритишни сўради. Сўров матнидан маълум бўлишича, портлаш содир бўлган Petrolium номли шохобча “Farg‘ona Layli Naxor” хусусий корхонасига тегишли. Давлат реестрида ушбу корхона Азизхўжа Усубхўжаевич Мавлоновга тегишли экани кўрсатилган.
Электромобил зарядлаш станцияларига “ҳужум”
Газ ва бензинда юрадиган ҳайдовчилардан фарқли равишда, қишни ёқилғи учун навбат кутмасдан ўтказмоқчи бўлган электромобил эгалари чучварани хом санагани маълум бўлди. Kun.uz билан боғланган тошкентлик ҳайдовчилардан бири уйининг яқинидаги 2 та зарядлаш нуқтаси ишламай қолгани учун, бошқа станция излашига тўғри келган, ишлаётган станцияни топганида эса 2 соат навбатда туришга мажбур бўлган. Айрим ҳолатларда ҳайдовчилар қувватлаш пунктида 5-6 соатгача навбат кутаётгани айтиляпти. Таққослаш учун, метан-шохобчаларда ҳам кўплаб ҳайдовчилар худди шунча вақт навбатда туришибди.
Хўш, электромобилларни зарядлаш станцияларидаги навбатлар қаердан пайдо бўлди? Маълум бўлишича, ўтган ҳафтадан буён электромобилларни зарядлаш станцияларини оммавий равишда электр тармоғидан узиб қўйиш бошланган. Бу ҳолат жамоатчиликка маълум бўлгач, Энергетика вазирлиги бундай топшириқ бермаганини айтиб чиқди. Вазирлик тизимидаги “Ҳудудий электр тармоқлари” эса гўёки фақат қарзи бор истеъмолчилар тармоқдан узилаётганини айтди. Лекин бозордаги компаниялар вакилларига кўра, бу –қип-қизил ёлғон, чунки замонавий ҳисоблагичлар истеъмолчининг ҳисобида пул бўлмаса, автоматик ўчади, пул тўланганидан кейин дарров ёниши керак. Қолаверса, аксарият станциялар савдо маркази, ресторан ёки меҳмонхонанинг трансформаторига уланган бўлиб, электр учун тўловни ана шу трансформатор эгалари тўлайди, станцияларнинг эса электр таъминоти корхонаси билан тўғридан тўғри шартномаси ва ID-рақами йўқ. Агар энергетикларнинг “қарзи борлиги учун ўчирилди” деган изоҳи рост бўлганида, станциялар уланган бирламчи абонентлар – яъни савдо марказлари, ресторанлар ва меҳмонхоналар ҳам электр таъминотисиз қолган бўларди.
Тез орада энергетиклар бу воқеалар занжирида ёлғиз эмаслиги, бош роллардан бирида Кадастр агентлиги экани ойдинлашди. Агентлик бир қатор меъёрий ҳужжатларни рўкач қилиб, тадбиркорларга қўпол қилиб айтганда “лаш-лушларингни йиғиштириб, сур бўтдан” деган маънода хат юборган. Расмий айтганда, станцияларни демонтаж қилиш талаб қилинмоқда. Акс ҳолда, ер участкасини ноқонуний эгаллаганлик айблови билан иш очилади. Тадбиркорларнинг сўзларига кўра, мавжуд вазиятни қонуний йўл билан қандай ҳал қилиш мумкинлигини сўрашганида, уларга станцияларни бузиб ташлашдан бошқа чоралари йўқлигини айтишган. Кадастр агентлиги Kun.uz'нинг бу борадаги саволларини жавобсиз қолдирди.
Қайсидир давлат органи шунча вақт кўз юмиб келиб, нега тўсатдан ўз ваколатларини ишга солишга қарор қилгани, тадбиркорларга ҳеч қанақа ечим таклиф қилмай, бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида уларни хонавайрон қилишга жазм этаётгани тушунарсиз. Тармоқларда одамлар бир хавотирли саволни ўртага ташламоқда: наҳотки, электромобилларни зарядлаш станциялари бозори ҳам монополияга айлантирилса?
“Бу ҳам етарли эмас” — Қўчқоров 2 йилда 4 марта қимматлашадиган иссиқлик таъминоти тарифлари ҳақида
Монополиялардаги тариф ва таннарх пойгаси давом этади. Бу пойга самарадорликни ошириш, таннархни пасайтириш деган мақсадлар билан хусусий сектор бошқарувига берилган Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимида айниқса яққолроқ кўзга ташланмоқда. Хабарингиз бўлса, бу йил пойтахтда иссиқлик таъминоти тарифлари 2 марта оширилди, келаси йили ҳам 15 фоиздан 2 марта оширилади. Эътиборлиси, 2 йил ичида 4 марта кўтарилган тарифлар ҳам таннархни қоплаш учун етарли бўлмаслиги айтиляпти. Бунга сабаб – тизимда ҳалигача совет пайтидан қолган, газни кўп ёқадиган самарасиз технологиялардан фойдаланиляпти. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Сенатдаги чиқишида айтиб ўтди.
“Мана яқинда Тошкент шаҳри кенгаши келгуси йилда 2 марта тарифларни ошириш бўйича қарор қабул қилди. Лекин бирданига айтамиз, таннархни қоплаб бериш учун бу ҳам етарли эмас”, – деди у.
Қўчқоров бу йил аҳоли учун электр ва газ тарифлари оширилгани, келаси йил 1 апрелдан яна ошишига қарамай, энергетика соҳасига бюджетдан субсидия ажратиш давом этаётганига ҳам изоҳ берди.
“Биринчидан, бизнинг тарифларимиз ҳалигача харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага чиққани йўқ. Иккинчидан, газнинг маълум қисмини импорт қиляпмиз. Шунинг учун тарифларни тўлиқ ўзини ўзи қоплайдиган даражага ўтказмасдан бошқа иложимиз йўқ”, – деди ҳукумат аъзоси.
Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, 2024 йилда электр энергияси ва табиий газга 12 трлн сўм субсидия ажратилган бўлса, келаси йил бу миқдор 7,5 трлн сўмгача камайтирилади. Бу соҳаларга субсидия бериш 2028 йилдан бошлаб тўхтатилиши режа қилинган.
“Энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг якуни нима билан ўзининг пировард натижасига етади десангиз, шуни айтишимиз мумкинки, электр энергия ва газнинг чакана ва улгуржи бозорини шакллантириш билан бу масала ўзининг якунига етади. Шунда бюджетдан бу соҳаларга субсидия беришга ҳеч қанақанги эҳтиёж қолмайди”, – деди Жамшид Қўчқоров.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистонда энергоресурсларнинг таннархи шаклланиши билан боғлиқ батафсил маълумотлар очиқланмайди. 2023 йил сентябр ва 2024 йил апрел ойида берилган расмий маълумотларга кўра, шу қисқа вақт ичида электр энергиясининг таннархи 21 фоизга, газнинг таннархи эса 35 фоизга ошиб кетган. Шу сабабли фаоллар тарифларни ошириш билан иш битмаслиги, энергетика тизимидаги самарасизлик ва ўғриликларга барҳам бериш, шаффоф ва рақобатли бозор қоидаларини жорий этиш кераклигини айтиб келади.
Газ қазиб олиш қисқаришда давом этади
Энергетикада бозорга ўтилиши ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ҳам сўнгги чиқишларида бир неча марта тўхталиб ўтди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2025 йилда электр энергиясининг онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Ҳозирги кунда мустақил энергия ишлаб чиқарувчилар сони 24 тага етгани, улгуржи бозорда йирик истеъмолчилар электр энергиясини “рақобатли савдолар орқали” харид қилиши айтилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 19 декабр куни газ қазиб чиқариш соҳасидаги жорий ҳолат ва келгуси режалар тақдимоти билан танишди. Мамлакатдаги энг йирик газ қазиб чиқарувчи “Ўзбекнефтгаз” раиси Баҳодир Сидиқовнинг сўзларига кўра, компания келаси йили 26,5 млрд кубометр табиий газ қазиб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақдаги расмий хабарларда газ қазиб чиқариш “ошаётгани” айтилган бўлса-да, амалда бунинг акси кузатилмоқда. Қолаверса, келаси йилга режа қилинган 26,5 млрд кубометрлик прогноз – бу компания томонидан 2022 йилда қазиб олинган газ ҳажмидан 10 фоизга, 2025 йил учун бир неча олдин қилинган прогноздан эса 22 фоизга кам. Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз”га қарашли конларда газ қазиб олиш таннархини камайтириш, янги конларни ўзлаштириш, мавжудларида янги қудуқларни бурғилаш, эскиларини таъмирлаш ҳақида сўз борди. Компанияга хориждан 2 млрд доллар кредитлар жалб қилиш, ўтган йили пасайтирилган халқаро кредит рейтингини кўтариш топшириғи берилди.
Хориждан маблағ жалб қилиш бўйича вазифалар бошқа бир йиғилишда банклар учун ҳам белгилаб берилди. Унга кўра, банклар 2025 йилда четдан давлат кафолатисиз 6 млрд доллар жалб қилиши керак. Ҳар бир банкда чет элдан маблағ олиб келадиган ишчи гуруҳ тузилади. Шунингдек, маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилиб, банклар томонидан маҳалла стартапларига 50 млн доллар маблағ ажратиладиган бўлди.
Ҳафта давомида президент иштирокидаги тадбирларда, Чорвоқда йирик туристик марказ қурилиши ҳақида ҳам сўз борди. “Sea Breeze Uzbekistan” номли лойиҳани президентга озарбойжонлик тадбиркор Эмин Агаларов тақдим этди. Сув омбори бўйларида пляжлар, спорт масканлари, голф майдони, аквапарк, меҳмонхоналар ва турар жойлар қурилиши, халқаро брендларнинг дўконлари ва ресторанлари очилиши, икки қирғоқ кўприк билан боғланиши режа қилинган. Хорижий инвесторлар томонидан молиялаштириладиган лойиҳа қиймати 10 млрд долларга баҳоланяпти.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Жиззах вилоятига 7 йил раҳбарлик қилган Эргаш Солиев лавозимидан озод этилди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, у “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” ишдан кетган. 2017 йил октябрдан буён Жиззах вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган 68 ёшли Эргаш Солиев бир неча марта қариндошлари билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви кейсларида журналистик суриштирувлар марказида бўлганди. Унинг ўрнига “Ҳудудий электр тармоқлари” раиси Улуғбек Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Мустафоев Жиззах вилоятида туғилган, 2016-2017 йилларда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Москвада рус генерали Игор Кириллов ва унинг ёрдамчисини портлатиб ўлдирганликда айбланиб, Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Федерал хавфсизлик хизматига кўра, Украина махсус хизматлари унга бу иши учун 100 минг доллар мукофот ва Европа Иттифоқига чиқариб қўйишни ваъда қилган. Пайшанба куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқотида ушбу воқеани муҳокама қилди. Шу куни Путин йил якуни бўйича анъанавий очиқ мулоқотида мигрантларга талабларни кучайтиришни қўллаб-қувватлаб, Россияга келувчи марказий осиёликларни ўша ернинг ўзида тайёрлаш кераклигини айтди.
Комил Алламжоновга суиқасдда икки нафар Россия фуқаролари ҳам гумонланмоқда. Чеченистонлик экани айтилаётган Бислан Расаев ва Шамил Темирханов Ўзбекистон томонидан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган. Уларга Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжонов ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лини ўлдириш учун 1,5 млн доллар ваъда қилингани айтилмоқда. Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистондаги суиқасд ишида “чечен изи” борлиги ҳақидаги хабарларни рад этганди. Ҳозирда терговчилар кимни буюртмачи деб ҳисоблаётгани маълум эмас.
Автомобилни ижарага бериш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотмоқчи бўлган фуқаролар эҳтиёт бўлганлари маъқул. Акс ҳолда, охир-оқибат автомобилларидан айрилиб қолишлари мумкин. Куни кеча Андижонда 14 кишидан иборат жиноий гуруҳ устидан суд бошланди. Улар одамларнинг машиналарини гўёки ижарага олиб, уларни қайтариб бермай, эҳтиёт қисмларга бўлган ҳолда сотиб юбориш билан шуғулланиб келган. Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди кўриб чиқаётган жиноят ишида 40 га яқин автомобил топилмаган ва эгасига қайтарилмаган.
Паркент туманидаги хусусий ҳайвонот боғи қоровули шерлар ҳужумига учраб ҳалок бўлди. 17 декабр куни тонгга яқин қафасидан чиқиб кетган шерлар 44 ёшли қоровулга ташланган. Эрталаб зоопаркка келган бошқа ходимлар ҳолатнинг устидан чиққач, 2 та шер ухлатувчи дори билан катакка қайтарилган, яна бир шер отиб ўлдирилган. Ҳолат бўйича меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Маълумотларга кўра, Lion Park номли ушбу хусусий зоопаркда шерлар сони 15 та бўлиб, улардан 10 таси катта ёшли Африка шерларидан иборат.
Республика бўйлаб ис газидан заҳарланиш ҳолатлари давом этмоқда. Қарши шаҳрида бир оиланинг тўрт аъзоси, Чорвоқда бир оиланинг уч аъзоси, Асака туманида эса эр-хотин иси газидан заҳарланиб вафот этди. Пискентда номаълум моддадан заҳарланиб вафот этган келин-куёвнинг ўлимига ҳам ис гази сабаб бўлиши мумкин. Аввалроқ “Ҳудудгазтаъминот” аҳолига мурожаат қилиб, газ ускунаси ўрнатилган хонага газ сигнализаторлари ўрнатишни тавсия қилганди. Бундай датчиклар газ ёки ис гази тўпланган вақтда, овозли хабар беради ёки газ таъминотини автоматик тўхтатади.
Мавзуга оид
21:23 / 21.12.2024
Фарғонадаги цехда юз берган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
16:56 / 20.12.2024
Фарғонадаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳолати ўрганиб чиқилади
20:11 / 19.12.2024