Маълум бўлишича, одамлар аввалдан шаҳар ичида, атрофида боғча ва уйлар бўлган мазкур заправка қурилишига норозилик билдиришган. Аммо масъуллар бунга эътибор қаратмаган. Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб, гувоҳлар ва расмийлар билан суҳбатлашди.

17 декабр куни соат 13:43 да Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган кўп ёқилғили АЁҚШ ва АГҚШда портлаш содир бўлди. Суюлтирилган газ тўкиш вақтида технологик жараёнлар бузилиши ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмагани оқибатида чақнаш рўй берган, шундан сўнг ёнғин чиққан.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, қутқарувчилар воқеа жойига соат 13:47 да етиб борган, соат 14:02 да ёнғин ўраб олиниб, соат 14:12 да батамом ўчирган.

Ҳодиса жиддий оқибатларга эга бўлди. Камида 1 киши ҳалок бўлган, жароҳат олганлар бор, автомобиллар, ўнлаб биноларга зарар етган.

Ҳодиса жойида бўлган Kun.uz мухбири гувоҳлар ва расмийлар билан суҳбатлашди.

«Шу заправкага қараган, янги қурилган уйнинг учинчи қаватида яшаймиз. Ҳамма бақир-чақир қилиб юборди, ойнадан қарадим. Ёняпти. Ҳамма қўрққанидан болаларни олиб, кийинишга ҳам улгирмасдан кўчага югуриб чиқди. Ойналар синиб, ер қимирлаб кетди. Уй бузилиб кетади деб ўйладик.

Машиналар ўтиб кетаётган жойида ёниб кетди. Қайғули ҳолат бўлди. Заправка ёнида овқатланадиган жой, боғча бор, янги уйлар қурилмоқда», дейди гувоҳлардан бири Ҳамиджон Мадраҳимов.

Яна бир гувоҳ эса бу каби портлашни фақат киноларда кўрганини айтади:

«Мен қараганимда иккинчи портлаш бўлди. Киноларда кўрганмиз бунақа портлашни, ҳаққоний кўрдим ўзим ҳам. Нарсалар 50-60 метргача учди, сочилди. Ўт чиқди ва қаттиқ гумбурлаган овоз чиқди. Ўзимиз ҳам 2 метрга учиб тушдик. Борсак машиналар ёниб ётибди. Gentra’даги ака йўлда қайрилиб олаётган ҳолатда машина ёнаётган эди. Акани тушириб, шифохонага жўнатдик. У томонда машиналар ёнаётганди, тўғриси, яқинлаша олмадик, яна портламасин деб қўрқдик.

Билишимча, пропандан келиб чиққан ўт: икки марта портлади, биринчиси унча қаттиқ бўлмади. Аммо иккинчиси яқин орадаги уйларнинг ойналарини сочиб ташлади. Талафот яхшигина бўлди, 5-6 та машина ёнаётганди», дейди у.

Бошқа бир гувоҳнинг билдиришича, мазкур АЁҚШ ва АГҚШ қурилишида одамлар норозилик билдиришган. Бироқ масъуллар бу норозиликка эътибор қаратмаган.