“Энергетика соҳасини субсидиялаш 2028 йилдан тўхтатилади” – Жамшид Қўчқоров
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров тарифлар оширилгани ва апрелда яна оширилишига қарамай, нега бюджетдан ҳали ҳам энергетикага субсидиялар ажратилаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.“Биринчидан, тарифларимиз харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага чиққани йўқ. Иккинчидан, газнинг маълум қисмини импорт қиляпмиз”, – деди у.
Бугун, 18 декабр куни Сенат ялпи мажлисида бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров чиқиш қилди. У “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун юзасидан маълумот берди. Сенаторлар вазирдан нима учун нархлар ошганига қарамай энергетика секторини субсидиялаш давом этаётганини сўради.
“Нима учун тарифлар оширилса ҳам, бюджетдан ҳали ҳам субсидиялар бор? Биринчидан, бизнинг тарифларимиз ҳалигача харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага чиққани йўқ. Иккинчидан, газнинг маълум қисмини импорт қиляпмиз.
Шунинг учун тарифларни тўлиқ ўзини ўзи қоплайдиган даражага ўтказмасдан бошқа иложимиз йўқ. Шу нуқтайи назардан жорий йилда тарифлар ошган бўлса ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида келгуси йил 1 апрелдан тарифларни яна ошириш таклифлари маъқулланган. Келгуси йил, насиб бўлса, 1 апрелдан [электр энергияси ва газ] тарифлари ошади.
Умуман, субсидиялар ҳақида гапирадиган бўлсак, келгуси йил учун бюджет лойиҳасида газ билан электрга субсидиялар миқдори 7,5 трлн сўм бўладиган бўлса, жорий йилда бу 12 трлн сўм эди. Яъни камайиб боряпти”, – деди Қўчқоров.
Унинг қўшимча қилишича, субсидиялаш 2025-2026 йилларда ҳам давом этади, 2027 йилда эса “насиб бўлса кескин камаяди”. 2028 йилдан бошлаб энергетика секторига субсидия берилмайди, дея маълум қилди ҳукумат аъзоси.
Маълумот учун, 2025 йилда давлат бюджети ҳисобидан ажратилиши белгиланган субсидияларнинг умумий қиймати 28,3 трлн сўмни ташкил этиши кутиляпти. Бунда энергетика соҳаси учун 12,3 трлн сўм, хусусан, газ сотиб олиш ва сотишдаги тафовутни қоплаш учун 7 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
18:20
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
21:18 / 17.12.2024
Энергетика вазирлиги қувватлаш станцияларини тармоқдан узиш бўйича топшириқ бермаганини маълум қилди
19:34 / 17.12.2024
Энергетикада янги чеклов. Электромобилларни зарядлаш станциялари ҳам тармоқдан узилмоқда
20:10 / 14.12.2024