Ўзбекистон | 21:37 / 27.11.2024
5846
2 дақиқада ўқилади

Йил бошидан буён газ билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларда 82 киши ҳалок бўлди

Йил бошидан бери Ўзбекистонда газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодиса рўй бериб, уларда 82 киши ҳалок бўлди, 80 киши жароҳатланди. Бу ҳақда маълум қилган “Ҳудудгазтаъминот” аҳолини газдан фойдаланишда хавфсизлик чораларига беътибор бўлмасликка чақирди.

2024 йил бошидан бугунги кунга қадар Ўзбекистонда газ билан боғлиқ жами 74 та (2023 йилда 86 та) ҳолат содир бўлди, оқибатда 82 киши (88) вафот этди, 80 киши (119) турли даражадаги тан жароҳатларини олди. Айрим ҳолатларда дудбурон носозлиги оқибатида оиланинг барча аъзолари ис газидан захарланиб, вафот этишди.

Бу ҳақда АОКАдаги брифингда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи Абдусаттор Қаюмов маълум қилди.

“Ҳодисалар, фуқаролар ис газининг хавфли эканлигини тўла тўкис хис этмасликлари, тарғиботга ишонмасликлари натижасида, ностандарт, қўлбола, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган носоз жиҳозлардан ҳамда дудбурон, шамоллатиш тизимларини текширмасдан ёки нотўғри ўрнатилган дудбурондан фойдаланганликлари натижасида содир бўлмоқда”, – деди Қаюмов.

“Ҳудудгазтаъминот” масъули аҳолини газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди. Хусусан:

  • лойиҳадаги газ ускуна – жиҳозларини ўзбошимчалик билан тушунмасдан таъмирламаслик, алмаштирмаслик ва бошқа жойга кўчирмаслик;
  • хавфсизлик автоматикаси бўлмаган ёки носоз бўлган ёндиргич ва жиҳозлардан фойдаланмаслик;
  • дудбуронлар ҳамда шамоллатиш тизимларининг созлигини доимий кузатиб, текшириб бориш;
  • газ ускуна ва жиҳозлари ёниб турган хонага албатта ташқаридан ҳаво кириши учун жой қолдириш;
  • газ плитасидан хонани иситиш мақсадида фойдаланмаслик, узлуксиз газ ёниб турган хонада ухламаслик, дам олмаслик;
  • хонада газ ҳиди сезилганда чироқни ёқмасдан, эшик деразаларни очиш, газ жўмрагини ёпиб газ таъминоти корхонасига мурожаат қилиш;
  • газ чиқаётган жойни аниқлаш учун оловдан фойдаланмаслик лозим.

Барча истеъмолчиларга газ ускунаси ўрнатилган хонага газ-сигнализаторлар ўрнатишни тавсия этилмоқда. Бу мосламалар газ ёки ис гази тўпланганда овозли хабар беради ва газ таъминотини автоматик тўхтатади.

Газ билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 1104 қисқа рақамли телефони ҳамда “Хавфсиз газ” Telegram-гуруҳлари орқали мурожаат қилиш мумкин.

Мавзуга оид