Ўзбекистон | 20:05 / 16.04.2024
14021
9 дақиқада ўқилади

Лифт импорти вақтинча тўхтатилган. Тадбиркорлар очиқ рақобат муҳитини сўрамоқда

Ўзбекистонга хориждан лифт олиб кирувчи импортчи тадбиркорлар олган мувофиқлик сертификатлари 20 мартдан кейин тўхтатиб қўйилган. Тадбиркорлар бу борада тушунтириш берилмаётгани, ишлари эса тўхтаб қолганини айтмоқда. “Биз очиқ рақобат бўлишини хоҳлаймиз, импортни тўхтатиб туриш охир-оқибат якуний истеъмолчиларга зарар етказади”, – деди Kun.uz'га интервю берган лифт импортчилари.

Ўзбекистонга четдан лифт олиб киришда тадбиркорлар 20 мартдан бошлаб муаммога дуч кела бошлашди. Гап шундаки, мамлакатга хориждан лифт олиб кирувчи импортчиларнинг товарлари март ойининг охирги 10 кунлигидан бошлаб божхонадан ўтказилмаган. Тадбиркорларнинг таъкидлашича, бунга сабаб сифатида уларга берилган мувофиқлик сертификатлари бекор қилингани кўрсатиляпти. Аммо қандай сабабларга кўра бекор қилингани ҳақида масъул идоралар изоҳ бермаган.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги сайтидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонга лифт импорт қилувчи 17та импортёрнинг мувофиқлик сертификати 2024 йил 20 мартдан кейин бирин-кетин вақтинча тўхтатилган.

Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорларнинг айтишича, бу ҳолат барча импортчилар билан кузатиляпти.

Хитойда ишлаб чиқариладиган Fuji бренди остидаги лифтларнинг Ўзбекистондаги расмий дилери, “Lifton” МЧЖ раҳбари ўринбосари Олимжон Алимов вазиятни батафсил тушунтириб берди. Унинг айтишича, масъул идоралар томонидан 2023 йил август ойида лифтларини Ўзбекистонга олиб кирадиган Хитой компанияларига 3 йилга мувофиқлик сертификатини берган.

“Биз ҳозир Jejiang Xuasia Elevator номли Хитой компаниясининг Fuji бренди остидаги лифтларини Ўзбекистонга импорт қиламиз, ўрнатамиз ва уларга хизмат кўрсатамиз. Ўтган йили август ойида импортга қўшимча чекловлар киритилди, яъни Ўзбекистон ички бозорига сифатсиз маҳсулотлар кириб келишининг олди олинди. Бунда бизга Ўзбекистон ҳудудига маҳсулотларни мувофиқлик сертификати бўлсагина олиб кириш талаби қўйилди. Саноат хавфсизлиги [муассасаси]дан мутахассислар биз билан Хитойга бориб, ҳамма текширувлар, жумладан, лифт лаборатория, ишлаб чиқариш, маҳсулотларни текшириш кабиларни амалга оширгач, асосли деб топганидан кейин сертификатлар берди. Шундан кейин ҳозирги кунгача фаолиятимиз давомида ҳеч қанақа тўсиқлар бўлгани йўқ, Ўзбекистонга [лифт] олиб келишда давом этаётгандик.

Бизни қийнаётган муаммо четдан кириб келаётган маҳсулотларимизнинг божхонада тўхтатилаётгани ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаётганида. Сабабини сўраганимизда мувофиқлик сертификатларимиз бекор қилинганини айтишди, ваҳоланки, бу сертификатлар 3 йилга амал қилади, албатта ҳар йили қўшимча текширувлар ўтказиш шарти билан”, – дейди у.

Яна бир импортчи Олимжон Раҳимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони импорт лифтлари бўйича талабларни кучайтиргани яхши, аммо ҳукумат ўзи берган сертификатларни асосли изоҳ кўрсатмаган ҳолда тўхтатиб қўйгани тушунарсиз ҳолат бўляпти.

“15 йилдан ошиқроқ тажрибага эгамиз. Мутахассисларимиз халқаро компанияларда ишлаб келган. Яқинда инвестор жалб қилиш учун Хитойга боргандим, қайтиб келганимда божхонада расмийлаштириш жараёнини бошладик. Биринчи декларация жўнатганимизда, “Сизда мувофиқлик сертификати йўқ” деган хат келди. Биз ҳамма қатори Ўзбекистон стандартларига мос равишда ўтган йили август ойида Хитойда “Саноат хавфсизлиги” масъуллари билан барча лифтларимизни текширтириб келганмиз. Ўзбекистон нормативига мос лифтларни олиб кира бошлаганмиз. Бу талаб тўғри деб ўйлайман, чунки Ўзбекистоннинг талаблари кучлироқ, мен шундай лифтлар олиб кирилиши тарафдориман.

Хитойдан келганимдан кейин божхонага телефон қилсам, сизнинг мувофиқлик сертификатингиз бекор қилинган дейишди. Ҳайрон бўлдим, бу сертификат менга эмас, мен импорт қиладиган компанияга берилган. Агентликка мурожаат қилдим, лекин жавоб ололмадим, бир неча марта эшигининг тагидан қайтиб келдим. Заводимизга ҳам асосли жавоб берилмади”, – дейди Олимжон Раҳимов.

Delfar Fuji Cn компанияси лифтлари импортчиси Даврон Боймирзаевнинг таъкидлашича, Хитойдаги компаниялар мувофиқлик сертификатини олиш учун яхшигина пул тўлаган.

“Хитойликларнинг айтишича, Ўзбекистондан бошқа давлатлар ҳам бундай талаблар қўйган, аммо энг қиммат сертификат Ўзбекистонники экан. Хитой компаниялари ҳар бир мувофиқлик сертификати учун 54 минг доллар тўлаб беришган. Компаниялар бу пулларни тўлиқ тўлаб бериб, мувофиқлик сертификатини олишган. Биз учун ҳам, Хитой компаниялари учун ҳам кеча берилган сертификатларнинг бугун бекор қилиниши тушунарсиз ҳолат бўляпти. Бу нафақат ички, балки халқаро муаммога ҳам айланяпти. Хитой компаниялари Ўзбекистонга “шу муаммони ечиб беринглар деб чиқиши ёки тўлаган пулларини қайтариб беришни талаб қилиши мумкин”, – дейди у.

Тадбиркорларнинг айтишича, Ўзбекистонга лифт импорт қилишга рухсат берувчи мувофиқлик сертификатига эга компаниялар сони 17га яқин. Уларнинг ҳаммаси шу муаммога дуч келган, лекин уларнинг ҳали бирортаси ҳам божхонадан товарини олиб чиқмаган.

“Олдиндан, бир ёки икки ойда фаолиятингиз якунланади деб айтилиши керак. Кескин равишда бир кечада якунланиши тадбиркорлик фаолиятимизни оғир аҳволга солиб қўйяпти”, – дейди Олимжон Алимов.

Тадбиркорлар янги олинган шартномаларни тўхтатишга мажбур бўляпти. Улар қурилиш компаниялари лифтларни ўрнатиб бўлмагунча уйларни сота олмаслигини таъкидларкан, биргина лифтларга сертификатларнинг тўхтатилиши ортидан нафақат импортчилар, балки қурилиш компаниялари учун ҳам муаммо юзага келаётганини айтмоқда.

“Биз ҳам айтган вақтимизда олиб келмасак, қурилиш компаниялари бизга босим қилади, Хитой компаниялари билан муомаламиз бузилади. Товарларимиз божхонада турган ҳар бир кун учун пул ҳисобланиб кетаверади. Ишларимизни олдинга силжита олмай тураверамиз”, – дейди Даврон Боймирзаев.

Яна бир импортчи Олимжон Раҳимов бу ҳолатдан кейин Ўзбекистонга кириш нияти бўлган инвесторлардан бири иккиланиб қолганини айтади.

“Топ-10таликка кирган шарқ брендини Ўзбекистонга жалб қилиш учун анчадан бери музокара олиб бораётгандим. Инвесторимиз рози бўлганди, энди ишлаш жараёни кетаётганди. Бу гапларни эшитиб инвестор ҳафсаласи пир бўлди. “Сизларда шундай ҳолатлар кузатилса, мен сарфлаган пулларимни қандай чиқараман”, деб ўйланиб қолди.

Компаниялар рақобатга бардош бериши керак. Четдан кириб келадими, агар яхши компания бўлса, рақобатга чидаши керак. Агар савдони, импортни чеклашса, рақобат бўлмайди. Зарар қурувчига, ундан халққа боради. Рақобат йўқлиги нархларни қимматлаштиради. Биз очиқ-ойдин рақобатни хоҳлаймиз. Ҳозир битта ишлаб чиқарувчи лифт ёки эскалатор бўйича савдони чекласа, бошқа инвесторлар ҳам бу ерда ишлаш борасида ўйланиб қолади. Импортни тўхтатиш хато”, – дейди у.

У сўзларини якунларкан, қурувчи компаниялар импортчилар уларга комфорт яратиб бергани, яхши сервис кўрсатгани учун улар билан ишлашни хоҳлашини таъкидлайди. “Мижозларимиз ҳам шунга яраша. Балки бошқа компаниялардан арзонроқ нарса таклиф қилаётгандирмиз”, – дейди Олимжон Раҳимов.

Масъуллар нима дейди?

Kun.uz сўровига жавобан Тоғ-кон геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг маълум қилишича, лифтларга бериладиган мувофиқлик сертификатлари ҳукумат топшириғи билан вақтинча тўхтатилган.

Инспекциянинг тушунтиришича, Ўзбекистонда лифтлар Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 ноябрдаги 602-сонли ва 2017 йил 6 октябрдаги “Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисида”ги 801-сон қарорлари билан тасдиқланган умумий техник регламент талабларига мувофиқ тартибга солинган.

“Шунингдек, Адлия вазирлигидан 2005 йил 18 мартда 1458-сон билан рўйхатдан ўтган “Маҳсулотларни сертификатлаштириш қоидалари”га мувофиқ лифтларни сертификатлаштиришда 3 хил схема қўлланади.

Улардан бири 3-чизма бўлиб, маҳсулотни серияли ишлаб чиқариш учун сертификациялашда қўлланади, мажбурий кўрсаткичларни текшириш учун маҳсулотни аккредитатланган синов лабораториясида синаш ва ишлаб чиқаришни баҳолашни назарда тутади. Мазкур чизма инспекция назоратидан ўтказишни ҳам назарда тутади ва сертификат 3 йил муддатга берилади.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан лифтларни сертификациялаш йўналишини янада такомиллаштириш бўйича ишлар ўрганилиб, таклифлар тайёрланган. Ҳукумат топшириғи билан шу таклифлар асосида “Саноат хавфсизлиги” давлат муассасаси мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида муайян вақт мобайнида Инспекцион ўрганишлар олиб боради.

Ўрганишлар натижалари якунлангач, сертификатлаш бўйича “Саноат хавфсизлиги” давлат муассасаси ўз фаолиятини одатий тарзда давом эттиришини эълон қиламиз”, – дейилади матбуот хизмати томонидан берилган изоҳда.

Инспекция нима сабабдан тадбиркорлар бу ўзгариш ҳақида олдиндан огоҳлантирилмагани борасидаги саволга жавоб бермади.

Ҳозирги вазият импортчиларнинг фаолияти тўхтаб қолишига, товарлар божхонада қолиб кетиши ортидан уларга ортиқча харажатлар юзага келишига ва хорижий ҳамкорлар билан тушунмовчиликлар юзага келишига сабаб бўляпти.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид