Жамият | 12:05 / 21.10.2015
17399
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек киноси: нега барча фильмларда ота-она бир хил?

Ўзбекистонда охирги йилларда кўплаб фильмлар ишлаб чиқарилмоқда. Аксарияти маиший мавзуларга йўналтирилган бу картиналарда оила аъзолари, шу жумладан, ота-оналар образлари ҳам ўйинчи кадрининг ажралмас қисмига айланиб қолмоқда.

Аммо негадир аксарият фильмларда ота-она ролини айнан бир хил актёрлар ижро этади. Актёрлар ҳар қанча истеъдодли бўлмасин, бу киноларни бир хил қилиб қўймоқда, ҳатто томошабинлар айримларини бир-биридан фарқлай олмай қолмоқда. Бу масала “Даракчи” газетасида ёритилди.

“Истасангиз, синаб кўринг: сўнгги йилларда суратга олинган хусусий кинокартиналар титрини ўтказиб, томоша қилинг-а! Бош қаҳрамонлар тугул, уларнинг ота-онаси ҳам фильмдан фильмга кўчиб юргани боис соатлаб битта кинокартинани кўраётгандек бўласмиз”, - деб ёзади журналист.

“Меҳробдан чаён” видеофильмидаги Нигоройим, “Увайсий”даги Нодирабегим каби тарихий фильмларда тобланган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева ҳам режиссёрларнинг “она қолипи”га тушиб қолган”, - сўзида давом этади у. Дарҳақиқат, келтирилган рўйхатдан маълум бўладики, охирги 5-6 йил ичида актриса 5та фильмда бош қаҳрамоннинг онасини гавдалантирган.

Лекин унинг ҳамкасби Саида Раметова 12 йил ичида ижро этган “она” ва “қайнона”лари ҳар қандай рекордни янгилашга қодир – бу давр ичида актриса қарийб 20та картинада худди шунақа образни гавдалантирган.

Эркак актёрлар ичида бу борада биринчилик Убайдулло Омонга тегишли: 8 йил ичида актёр 10дан ортиқ “ота”ларни экранда намойиш этиб берган. Унинг бу борадаги доимий рақобатчиси бўлган Матёқуб Матчонов ундан кўрсаткичлари бўйича бироз ортда қолмоқда.

Элдор Асанов тайёрлади

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш