АҚШда ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган президентлик сайловлари орасида, яъни президент ваколатининг икки йили ортда қолганида, оралиқ сайловлар ташкил этилади. Бу йилги сайловларда ҳам америкаликлар мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган вакилларни танламоқда.
Сайловолди жараёнида миллионлаб фуқаролар муддатидан аввал овоз бериш имкониятидан фойдаланди. Дастлабки маълумотларга кўра, сайлов кунига қадар 57 миллиондан ортиқ америкалик ўз танловини амалга оширган. Бу эса сайловга бўлган қизиқиш юқори эканини кўрсатади.
Бу галги сайловларда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасидаги барча 435 ўрин ва Сенатдаги 35 ўрин учун кураш кетмоқда. Шунингдек, 36 штатда губернаторлар, штат қонун чиқарувчи органлари ҳамда турли маҳаллий бошқарув идоралари вакиллари сайланмоқда.
Пойтахт Вашингтонда ҳам сайлов жараёни ўзига хос аҳамиятга эга. Чунки Вашингтон АҚШ штати мақомига эга эмас ва алоҳида федерал округ ҳисобланади. Шу сабабли пойтахт аҳолиси губернатор эмас, шаҳар мерини сайлайди. Бундан ташқари, улар шаҳар кенгаши аъзолари ва Конгрессдаги овоз бериш ҳуқуқи чекланган делегатни ҳам танлайди.
АҚШда овоз беришнинг бир нечта усули мавжуд. Фуқаролар почта орқали бюллетен юбориши, махсус қутиларга овоз бериш варақасини ташлаши, сайлов кунидан олдин махсус участкаларда овоз бериши ёки бевосита сайлов куни сайлов марказига бориши мумкин. Вашингтонда ҳам сайловчилар ушбу тўрт имкониятдан фойдаланмоқда.
Пойтахтдаги овоз бериш манзилларидан бири — Eastern Market.
Шаҳарнинг шимоли-шарқида жойлашган ушбу тарихий маскан бугун сайлов участкаси сифатида ҳам хизмат қилмоқда. Бу ерда фуқаролар ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз бермоқда.
Сиёсий жиҳатдан эса бу сайловлар, аввало, Республикачилар ва Демократлар ўртасидаги кучлар нисбатини белгилаб беради. Республикачилар партияси икки йил аввалги президентлик сайловида қўлга киритилган сиёсий устунликни сақлаб қолиш ва Конгрессдаги назоратини мустаҳкамлашга умид қилмоқда.
Демократлар эса аксинча, Конгресс палаталаридан камида бирида кўпчилик ўринни қўлга киритиб, Доналд Трамп маъмуриятининг айрим сиёсий ташаббусларини чеклашни мақсад қилган. Агар улар Конгрессда назоратни қўлга киритса, президентнинг қонунчилик ташаббусларини ўтказиши анча мураккаблашиши мумкин.
Шу боис 3 ноябрь кунги овоз бериш нафақат Конгресс ва маҳаллий бошқарув органларининг янги таркибини белгилайди, балки Доналд Трамп президентлигининг кейинги икки йили қандай сиёсий шароитда ўтишини ҳам кўрсатиб беради. Сайлов натижалари эса америкалик сайловчиларнинг амалдаги ҳукумат сиёсатига берган муҳим баҳоси бўлади.










