Ўзбекистонлик футбол журналисти, «Чемпион» газетаси ижодкори, блогер Хайрулла Ҳамидов Англия премьер-лигасининг жорий мавсумида «Лестер» жамоасининг чемпион бўлиши муносабати билан ўз таассуротларини мақоласида жамлади.
Қуйида uff.uz сайтидан олинган ушбу мақола ўзгартиришларсиз келтирилади.
«Лестер»нинг чемпионлиги кимгадир ёқмаяпти, биламан. Кимдир жамоанинг кейинги йили борасида қайғурмоқда, шўри қурийди, деган маънода.
Яна кимгадир оддий алам қилмоқда, АПЛнинг энг камбағал жамоаларидан бири бойвуччалар ичида хоҳлаганини қилганига. Кимдир «Лестер»дака клубларнинг ғолиблиги натижасида бошқаларга ёмон томондан бўладиган таъсир борасида фикр билдирар ҳам. Лекин мен хурсандман.
Ёшлигимда бувим айтиб берадиган эртакларда чўпон йигит маликанинг чидаб бўлмас шартларидан ўтиб, охир-оқибат унга уйланиши ҳақида эшитгандим. Шундай воқеалар содир бўлишини истардим ичимда. Ва қарангки, бу эртак қирққа кирганимда, «Лестер» устози Раньери тимсолида намоён бўлишини билмаган эканман. Ўша эртак ҳаётий бўлиб чиқди.
Раҳмат, Раньери! Раҳмат, Варди, Канте, Маҳрез ва бу мавсум жамоа либосида майдонга тушиб келган жами йигитлар!
Сизларнинг устингиздан ярим йил давомида кулиб келишди. Баъзи тилини жиловлай билмайдиганлар «Лестер» чемпион бўлса, ТВдаги кўрсатувини ялонғоч ҳолда олиб боришга-да ваъда бериб юборди. Баъзи сўзамоллар «Тоттенҳэм»нинг сўнгги турларда олтин медалларни тортиб олишини-да башорат қилишди. Ҳаммаси шарманда бўлди.
Кейинги йил ҳам кириб келади. Насиб қилса, бошқа турнирларда ҳам АПЛдаги мўжизани давом эттиришга имконият туғилади. Аммо айтиб қўяй, ЕЧЛдаги илк ўйинингиздан бошлаб яна кулишади. Англиянинг номдор клублари ўйнай олмаяптику, «чўпонлар»га бало борми, деб яна шаъма қиладилар. Сиз эса яна бепарво ҳолда ўйнайверинглар! Улар ҳам одам, уларнинг ҳам икки оёғи, икки қўли бор. Сиздан ҳеч қаерлари ортиқча эмас. Ортиқча эмаслигини АПЛда кўрсатиб бўлдингиз-ку, энди навбат Европага. Қайтанга у томонларда осонроқ. Бир пайтлари сиз каби чемпион бўла олмаган «Лидс»ки ЕЧЛни титратиб ташлаганди, сиз бугун улардан-да кучлироқ, улардан-да шиддатлироқ ҳолдасиз. Худди бугунгидек тўп сурсангиз - кифоя, рақибларнинг ҳолини тасаввур қиляпман.
Бу воқеа Ла-лига ё Бундеслигада содир бўлганида, очиғи, у қадар ҳайрон қолмасдим. Пул дегани ёмғир бўлиб ёғилаётган Англияда молиявий томондан паст кўрсаткичли жамоаларга анча мушкул бўлади. Ана шундай молиявий қозон қайнаб турган масканда ҳаммани тиз чўктирганингиз учун ҳам сизларга бутун дунё мухлислик қилди, сездингиз-а?! Ичларида ёниб томоша қилишди ўйинингизни!














