Ҳафта давомида Трамп америкаликларга сайловда унинг партияси ютса, 5 минг доллардан ваъда қилди. Украинада янги коррупцион можаро авж олди. Олмонияда сайловда сенсация содир бўлди. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини ёдга оламиз.
Ҳар бир америкаликка 5 минг доллар!
Трамп Далласдаги партия қурултойида ноябрдаги оралиқ сайловларда республикачилар партияси Конгрессдаги назоратни сақлаб қолса, ҳар бир америкалик сайловчига 5 минг доллардан беришини ваъда қилиб, буни дивидент деб атади: «Республикачилар Вакиллар палатаси ва Сенат устидан назоратни сақлаб қолса, ажойиб иқтисодий ютуқларимиз эвазига ҳар бир вояга етган америкаликка 5 минг доллардан дивиденд тўлайман. Пулларни фақат АҚШда сарфлашингиз керак, Канада ёки Хитойда эмас».
Ҳозир Америкада 240 миллиондан ортиқ вояга етган инсон яшайди ва уларнинг ҳар бирига 5 минг доллардан берилса, бу давлат ғазнасига 1,2 триллион долларга тушади. Иқтисодчилар «Трампнинг сахийлиги Америка бюджетига қимматга тушиши, бу имконсиз экани» ҳақда гапира бошлашди. Лекин иқтисодчи бўлмаган кўз билан қарасангиз ҳам, давлат фуқарога пул тарқатишида ҳеч қандай муаммо йўқ.
Америкада одамлар пулни ёстиғи тагига яшириб қўймайди. Ҳамма пулни мамлакат ичида нимагадир сарфлайди, пул айланиб-ўргилиб яна давлат ғазнасига бориб тушади. Орада фуқаро хурсанд бўлгани қолади.
Трампнинг бу таклифи сайлов республикачилар учун қийин ўтишини билдиради. Оралиқ сайловларда Конгресс назорати бошқа партияга ўтиши янгилик эмас. Яқин тарихга назар ташласак, Трампнинг олдинги муддатида ва Обама президентлиги даврида Сенат бўлмаса ҳам Вакиллар палатаси назорати оралиқ сайловлардан кейин рақобатчи партияга ўтган.
Украинада яна коррупцион можаро
Украинада навбатдаги коррупцион можаро авж олди. Бу гал ҳам ишни президентдан мустақил фаолият юритувчи НАБУ аксилкоррупция бюроси очди. «Карфаген» номли операцияда Украина бош прокуратураси мулозимлари украинларни алдаб пулини олган колл-марказларга ёрдам бергани, уларнинг жиноий фаолиятини яшириш учун «пушти паноҳ бўлгани» аниқланган. Бу иш фонида Украина бош прокурори Руслан Кравченко истеъфога чиқди.
Украина бош прокуратураси мулозимлари пора эвазига уруш ҳолатидаги украинлар пулини ўғирлаб, уларни қонунийлаштирган жиноий гуруҳлар фаолиятига кўз юмган. Суд қарори билан асосий гумонланувчилар – бош прокуратура халқаро ҳамкорлик бўлими раҳбари Сергей Кропива ҳамда унинг хотини Елизавета Ивахненко қўлга олинган. Кропива жиноий орттирилган пул эвазига Украина бош прокурори уйини таъмирлаб берган.













