Дембеле Костанинг кўзига қўлини тиқиб олмоқчи бўлгани учун узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин
«Тоттенҳэм» жамоаси ярим ҳимоячиси Мусса Дембеле спортга хос бўлмаган хатти-харакати туфайли 10 ўйиндан четлатилиши мумкин. Бу ҳақда The Sun хабар тарқатган.
Ушбу бельгиялик ярим ҳимоячи 2 май куни «Челси»га қарши кечган ва 2:2 ҳисобида якунланган учрашув охирида юз берган жанжал вақтида рақиб ҳужумчиси Диего Костанинг юзига чанг солган ва қўлини унинг кўзига тиқиб олишига бир бахя қолган. Ўйин ҳаками Марк Клаттенбург ва унинг ассистентлари ўша вақтда бу ҳолатни пайқашмаган, лекин бу жараён видеокамераларга муҳрланган.
Манбанинг ёзишича, Англия футбол ассоциацияси бу вазиятни «Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси Луис Суареснинг ўйин вақтида рақибни тишлашга ҳаракат қилгани воқеаси билан бир даражада кўриб чиқиши мумкин. Ўшанда, 2013 йили мерсисайдликлар футболчиси 10 учрашувдан дисквалификация қилиниш билан жазоланганди.
Эслатиб ўтамиз, лондонликлар жамоалари ўртасида кечган бу баҳсдан кейин «Тоттенҳэм» чемпионлик пойгасидаги иштирокини тўхтатди ва «Лестер» муддатидан олдин чемпионликка эришди.