Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 57,4 млрд долларга етган. Бу 2025 йилнинг январ–август ойларига нисбатан 4 млрд доллар ёки 7,6 фоизга кўп.
Жами экспорт 22,9 млрд доллар, импорт эса 34,5 млрд долларни ташкил этган. Натижада ташқи савдода 11,7 млрд долларлик манфий салдо — импортнинг экспортдан ортиқ қисми қайд этилган.
Экспорт таркибидаги энг катта ўзгаришлардан бири олтин савдосида кузатилган. Унинг қиймати ўтган йилги 8,3 млрд доллардан 2,8 млрд долларга тушган. Яъни олтин экспорти доллар ҳисобида 66,3 фоизга камайган.
Айни пайтда, олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти 28,7 фоизга ўсиб, 11,5 млрд долларга етган. Хизматлар экспорти ҳам 33,8 фоизга кўпайиб, 8,5 млрд долларни ташкил этган. Хизматларнинг жами экспортдаги улуши 37,4 фоизга етган.
Саноат товарлари экспорти 25,6 фоизга ошиб, 3,4 млрд долларга, кимёвий воситалар ва шу каби маҳсулотлар экспорти эса 32,3 фоизга ўсиб, қарийб 1,8 млрд долларга етган. Машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари экспорти 899,8 млн долларни ташкил этиб, 43 фоизга кўпайган.
Импортда энг йирик йўналиш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари бўлиб қолган. Саккиз ойда ушбу тоифада 11,3 млрд долларлик маҳсулот олиб кирилган — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,3 фоизга кўп.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорти 39,3 фоизга ошиб, 3,7 млрд долларга етган. Жумладан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти 677,4 млн долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич қиймат ҳисобида 34,2 фоизга ўсган.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон 200 дан ортиқ мамлакат билан савдо алоқаларини амалга оширган. Энг йирик савдо ҳамкорлари қуйидагилар бўлган:
— Хитой — 13,2 млрд доллар, умумий савдонинг 23 фоизи;
— Россия — 9,2 млрд доллар, 16 фоиз;
— Қозоғистон — 3,7 млрд доллар, 6,5 фоиз;
— Туркия — 1,9 млрд доллар, 3,4 фоиз;
— Афғонистон — 1,4 млрд доллар, 2,5 фоиз.
Импортнинг қарийб учдан бир қисми — 32,4 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган. Ушбу мамлакатдан 11,2 млрд долларлик товар ва хизматлар импорт қилинган, унга экспорт эса қарийб 2 млрд долларни ташкил этган.








