Жамият | 07:20 / 15.05.2016
10894
2 дақиқада ўқилади

Муштлашув чиққан Хован қабристони директори ўз лавозимидан бўшатилди

14 майда оммавий муштлашув чиққан Москванинг Хован қабристони директори ўз лавозимидан бўшатилди, деб хабар бермоқда Москва савдо ва хизматлар департаменти раҳбари Алексей Немерюкка иқтибос келтирган ҳолда "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар берди.

"Хован қабристони директорини ўз лавозимидан озод этишга қарор қилинди. Кейинроқ қабристонда ўз вақтида хавфсизликни таъминлай олмаган хусусий қўриқлаш фирмасига ҳам чора кўрамиз", деб айтди Немерюк.

Немерюкнинг айтишича, айни вақтда қабристонда тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

"Бизнинг маълумотларга кўра, қабрларга зиён етмаган, ходимлардан бирортаси жабрланмаган, ҳибсга олинганларнинг барчаси қабристон ходимлари эмас, уларнинг қабристонга алоқаси бўлмаган", деб қўшимча қилди Немерюк.

Аввалроқ Москва мэри Сергей Собянин қабристондаги оммавий муштлашувдаги айбдорлар жазосиз қолмаслигини айтиб ўтганди.

14 майда кундузи Хован қабристонида 200 га яқин одам иштирокида оммавий муштлашув юз берди.

ИИВ маълумотларига кўра, муштлашувга қабристонда хизмат кўрсатиш ҳудудини бўлишиш сабаб бўлган.  

Ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги баъзи манбаларга кўра, муштлашув кавказликлар ва марказий осиёликлар ўртасида юз берган.