Ҳонконг банклари Тошкент — Самарқанд пуллик автомобил йўлини қуришда иштирок этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
28 август куни транспорт вазири Илҳом Махкамов Хитойнинг Ҳонконг махсус маъмурий ҳудудидаги “Бир макон, бир йўл” офиси раҳбари Николас Хо Лик-Чи билан учрашган. Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасида транспорт, юк ташувлари ҳамда инфратузилма лойиҳалари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати юзасидан фикр алмашган. Шунингдек, музокараларда жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Бош вазири бошчилигидаги делегациянинг Ҳонконгга ташрифи якуни бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.


“Хусусан, Тошкент – Самарқанд пуллик автомобиль йўли қурилиши лойиҳасини молиялаштиришда Ҳонконг банкларининг иштироки масалалари кўриб чиқилди. Лик-Чи лойиҳаларнинг умумий портфелидан айнан ушбу лойиҳа Ҳонконг томони учун устувор эканлигини таъкидлади. Учрашув давомида Ўзбекистон ва Ҳонконг ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолаш ҳамда тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ва истиқболли лойиҳаларни пухта ишлаб чиқиш бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар”, дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ, транспорт вазири Илҳом Махкамов Тошкент ва Самарқанд ўртасида пулли йўл қуриш лойиҳаси бўйича тендерда Хитой компанияси ғолиб чиққанини хабар қилганди. Лойиҳанинг қиймати қарийб 2,2 миллиард долларга баҳоланган.










