Халқаро валюта жамғармаси Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам беришни кучайтириш ниятида
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам бериш йўналишидаги сиёсатини кучайтиради. Жамғарма ижрочи директори Кристин Лагард, ХВЖ минтақавий конференцияси якунларига бағишланган брифингда шу ҳақда маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, минтақанинг кўплаб давлатлари "минтақавий интеграция ва савдони ривожлантириш" йўлидан бормоқда, аммо бу соҳада "кўпроқ ишларни амалга ошириш мумкин".
"ХВЖ минтақанинг барча мамлакатларига ёрдам бермоқда, кўп томонлама маслаҳатлашувлар ўтказмоқда, молиявий сиёсатга оид таклифлар беряпти", - деб қайд этган Лагард.
Унинг эътироф этишича, жамғарма минтақанинг икки мамлакатига молиявий ёрдам кўрсатмоқда ҳамда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келаяпти.
Лагарднинг айтишича, "яна бир мамлакат бу борада музокаралар босқичида. Бироқ энг асосийси Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари "ўзаро" боғлиқдир".
"Уларнинг тараққиёт даражаси турлича, айримлари хориждан юбориладиган пулларга муҳтож, бошқалари хом-ашё нархларини кузатиб туришади. Бироқ уларнинг барчаси бир-бирига чамбарчас боғлиқдир", - деган Кристин Лагард.