Жаҳон | 16:00 / 02.06.2016
4318
2 дақиқада ўқилади

Туркия бош вазири: ГФРда арман геноцидини тан олиш бўйича овоз бериш орқали биз билан дўстлик ҳам синовдан ўтказилмоқда

Туркия бош вазири Биноли Йилдирим 2 июнь куни Германияда ўтказилаётган арман геноцидини тан олиш бўйича овоз бериш жараёнини Германия ва Туркия ўртасидаги "дўстлик синови" сифатида баҳолади.

"1915 йилги воқеа учун бизга жавобгарлик юклашга уриниш биринчи марта ҳам, охирги марта ҳам эмас. Бизга дўст саналувчи баъзи давлатлар ички муаммоларга дуч келгач, фуқароларнинг эътиборини бошқа мавзуларга қаратишга уринмоқда", деган Йилдирим.

У "бугун Германия Туркия билан дўстлигини синовдан ўтказаётгани"ни таъкидлаган.

У Германияда 3,5 млн этник турклар яшаши, улардан 400 минг нафари Германия иқтисодиёти учун миллиардлаб евро келтирувчи тадбиркорлар эканини эслатиб ўтган.

"Ўйлайманки, Германия бундай катта миқдордаги сайловчиларни ранжитишга ҳақли эмас", дея қайд этган вазир.

Бундан олдинроқ, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бундестаг арман геноцидини тан олиш орқали Анқара ва Берлин муносабатларига жиддий зарар келтириши мумкинлигидан огоҳлантирганди.