Мавзу юзасидан “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шарҳи.

— Украина томони айтаётганидек, Россия 600 минг ҳарбийни сафарбар қилмоқчи бўлса, бу фронтдаги кучлар нисбатини кескин ўзгартириши мумкинми?

Анвар Йўлдошев: Гап Россиянинг бирданига 600 минг аскарни Украина фронтига юбориши ҳақида кетмаяпти. Бу шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб этиладиган аскарлар сони билан боғлиқ. Россия сўнгги йилларда йилига 300 мингга яқин ҳарбийни шартнома асосида жалб қилиб келмоқда. Масалан, 2025 йилда бу кўрсаткич қарийб 295 минг нафарни ташкил этган. 2026 йил учун эса Россия раҳбарияти 261 минг нафар ҳарбийни шартнома асосида жалб этиш режасини белгилаган. 600 минглик кўрсаткич эса бундан анча юқори. Бироқ бу рақамни бир йил ичида фронтга келадиган янги аскарлар сони сифатида талқин қилиш нотўғри.

Ҳозир Россия ойига тахминан 25–27 минг кишини ҳарбий хизматга жалб қилмоқда. Шу билан бирга, фронтдаги йўқотишлар ҳам юқори бўлиб, айрим баҳоларга кўра, ойига қарийб 27–28 минг ҳарбий сафдан чиқмоқда. Шунинг учун Россия учун асосий масала фақат янги аскарлар сонини ошириш эмас, балки мавжуд йўқотишларнинг ўрнини тўлдириш ва ҳарбий салоҳиятни сақлаб қолишдир. 600 минг нафар ҳарбийни тайёрлаш, жойлаштириш, уларга қўмондонлар тайинлаш, қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш катта ресурс талаб қилади.

Шу сабабли бундай миқёсдаги сафарбарлик Россиянинг ҳарбий имкониятларини сезиларли даражада ошириши мумкин, аммо бу ўзгариш фронтда бирданига намоён бўлмайди. Агар Россия ойига ўртача 25 минг кишини ҳарбий хизматга жалб қилса, бир йил давомида бу қарийб 300 минг янги ҳарбий дегани. Демак, масала бир вақтнинг ўзида 600 минг аскарнинг фронтга юборилишида эмас, балки Россиянинг узоқ муддат давомида қўшинларини тўлдириш ва йўқотишларни қоплаш имкониятини сезиларли даражада кенгайтиришида.

Шу нуқтайи назардан, 600 минглик режа амалга ошса, Россия Украина фронтидаги сон жиҳатдан устунлигини янада кучайтириши мумкин. Бироқ бу устунликнинг амалий самараси янги аскарларни қанчалик тез тайёрлаш, қуроллантириш ва фронтга интеграция қилишига боғлиқ бўлади.

Камолиддин Раббимов: Россия бу масалада бир нечта мақсадни кўзлаётган бўлиши мумкин. Биринчидан, Владимир Путин уруш бошланганидан буён қарийб тўрт ярим йил давомида умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилгани йўқ. Россия шу вақтгача асосан шартнома асосида ҳарбий хизматчиларни жалб этиш орқали қўшинларини тўлдириб келмоқда.

Шартнома асосида ҳарбий хизматга бораётганларга катта миқдорда бир марталик тўловлар ва ойлик маош таклиф қилинмоқда. Айрим ҳудудларда бир марталик тўловлар 30 минг долларгача етгани айтилмоқда. Бу усул Россияга аҳолини мажбурламасдан, молиявий рағбат орқали янги аскарларни жалб қилиш имконини берди. Бироқ бугунги шароитда бу тизимнинг имкониятлари қисқариб бормоқда. Россиянинг энергия экспортидан тушадиган даромадлари босим остида, газ экспорти имкониятлари ҳам аввалгидек эмас. Шу билан, шартнома асосида ҳарбий хизматга одам жалб қилиш тобора қийинлашмоқда.

Шу сабабли сафарбарлик масаласи Россия учун яна долзарб бўлиб бормоқда. Умумий сафарбарлик эълон қилинса, ҳарбий хизматга чақириладиганлар сони мавжуд эҳтиёжга қараб кенгайтирилиши мумкин. Аввал жанговар ёшдаги аҳоли жалб этилади, инсон ресурслари етишмаган тақдирда эса ёш чегаралари кенгайтирилади. Аммо Путин учун умумий сафарбарликнинг асосий хавфи фақат ҳарбий эмас, балки сиёсий ва ижтимоий характерга эга. Ҳозиргача урушга асосан кўнгилли ва шартнома асосидаги ҳарбийлар жалб этилди. Уларнинг аксарияти катта молиявий тўловлар эвазига хизматга кирди.

Умумий сафарбарлик эса давлат томонидан фуқароларни мажбуран урушга юборишни англатади. Бу эса урушнинг оқибатларини Россиянинг йирик шаҳарлари ва ўрта синфига бевосита олиб кириши мумкин. Яъни Москва ёки Санкт-Петербург каби шаҳарлардаги оилалардан ҳам одамлар фронтга юборилиб, қурбонлар сони ортган сари жамиятдаги норозилик кучайиши эҳтимоли пайдо бўлади. Шу сабабли Путин сиёсий тизими ҳозиргача умумий сафарбарликдан қочиб келган. Бироқ инсон ресурсларига бўлган эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда бу масалани четлаб ўтиш тобора қийинлашмоқда.

Россияда сафарбарлик ҳақида анчадан бери гапирилаётган бўлса-да, ҳозирча унинг расман эълон қилингани ҳақида гапиришга асос йўқ. Агар сафарбарлик эълон қилинса, унинг мақсади бўйича камида икки эҳтимолни кўриш мумкин.

Биринчиси – Украина фронтида Россиянинг сон жиҳатдан устунлигини янада кучайтириш ва Киевга ҳарбий босимни ошириш. Иккинчиси эса Россиянинг НАТО билан эҳтимолий қарама-қаршиликка тайёргарлигини кучайтириш. Аммо замонавий уруш, айниқса дронлар ҳал қилувчи рол ўйнаётган шароитда, шунчаки аскарлар сонининг кўпайиши фронтдаги вазиятни қанчалик ўзгартириши сўроқ остида. Чунки бугунги жанг майдонида инсон ресурсидан ташқари технология, разведка, дронлар, артиллерия, логистика ва қўмондонлик сифати ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.