30 август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистон – Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Фаол ва самарали мулоқотлар турли даражаларда давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошди. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони етти баробарга кўпайди. Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри парвозлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг тўртта университети фаолият юритмоқда. Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда йога тобора оммалашиб бораётгани ва ушбу соҳадаги ҳамкорлик фаол ривожланаётгани қайд этилди.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, мазкур ташриф — Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларини кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
«Бу Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларида янги босқични бошлаб бериши ва барча устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратиши қайд этилди.

Томонлар сиёсий мулоқот ва алмашинувларни барча даражаларда, шу жумладан, парламентлардаги дўстлик гуруҳлари, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши доирасида фаоллаштиришга келишиб олди», дейилади хабарда.
Шунингдек, музокаралар давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олди.












